Тушунтиришлар ва маърузалар давомида муқаддас никоҳ тушунчаси, оиланинг жамиятда тутган ўрни ва бугунги ажримлар ва уларнинг келиб чиқиши сабаблари ҳақида сўз борди.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида ҳар куни аҳолининг туғилиш ва ўлимни қайд қилиш, никоҳ, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, ажримлар билан боғлиқ ҳолатларни кузатиш мумкин.
Тадбирларда таъкидландики, оилавий келишмовчиликларнинг аксарияти эр ва хотин муносабатларига учинчи шахснинг аралашуви ҳамда ортиқча ҳой ҳавасларга берилиш сабаб бўляпти.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Жасур Мамажонов Дилдора Шокирова билан 5 йил бирга яшади. Уларнинг бир нафар фарзанди бор. Яқин кунларда эса Дилдора яна бир фарзандини дунёга келтиради. Бироқ бошқа шахсларнинг аралашуви, ўзаро келишмовчилик оқибатида оилавий ришталар дарс кетди. Тарғибот тадбирида уларнинг муносабатлари тушунтириш ишлари билан қайта тикланиб ислоҳ қилинди.
Шаръий никоҳ билан яшаш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан салмоғи камайган. Бироқ шаръий никоҳлаб қўйиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этяпти. Бунинг асосий сабаблари – ажримлар ва иккинчи турмуш билан бевосита боғлиқ.
Авазбек Жабборов Гули Абдумаматова билан узоқ йиллардан буён тинч тотув яшаб келади. Бироқ бу оиланинг никоҳлари қонунан қайд этилмаган. Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган тарғибот тадбири давомида ушбу оиланинг никоҳлари расман қайд этилди.
Дилбархон Шарипова Қирғизистон Республикасидан Олтиариқ туманига келин бўлган. Турмуш ўртоғи Муҳаммаджон Хидиров билан мана 30 йилдирки шаръий никоҳ асосида ҳаёт кечирди. Фарзандсизлик уларнинг тинч оилаларига рахна сола олмади. Ўзаро ишонч билан улар бир бирларига меҳр қўйди. 30 йилдан сўнг эса оилага қабул қилинган фарзанд ҳужжатлари учун қонуний қайд этилган никоҳ гувоҳномаси зарур. Тарғибот тадбири давомида уларга никоҳ гувоҳномаси тантанали топширилди.
Тошлоқлик Юлдузхон Ашурова 5 йилдан буён шаръий никоҳ асосида турмуш ўртоғи билан яшаб келади. Тошлоқ туманида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида уларнинг бахтлари тўкис бўлди. Юлдузхоннинг қонуний никоҳлари қайд этилганлигидан ҳаяжони чексиз.
— Эркак киши қандай қабул қилишини билмадиму, лекин қонуний никоҳ аёл киши учун алоҳида аҳамиятга эга, — дейди Юлдузхон Ашурова. — Чунки расмий никоҳ аёл кишига берилган тўлиқ ишонч дегани. Гувоҳномани қўлимга олганимда бу бир парча қоғоз мен учун «ишонч ёрлиғи» бўлиши билан бирга жамият ва ўз оиламнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигимни ҳис қилдим.
Санобархон Ўктамова ва Отабек Юнусовлар ажримга қарор қилган оилалардан эди. Тошлоқда бўлиб ўтган тарғибот тадбирида уларнинг муаммолари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда муҳокама қилинди. Ажримга сабаб бўлаётган муаммолари ўрганилиб таҳлил қилинди, оила вакилларига яна бир имконият берилди.
Бор-йўғи 8 ой яшаган Отажон Турдиевлар оиласи моддият ва маиший муаммолар сабаб ажрим ёқасига келиб қолган. Ҳаёт тажрибасига эга намунали оила вакиллари тушунтиришлар давомида ўз ҳаёт йўлларида учраган ана шундай вазиятлардан мисоллар келтириб, тажрибалари билан ўртоқлашди. Оила вакиллари яраштирилиб, улар ҳаётга бутунлай янгидан қадам қўйдилар.
Олтиариқ туманининг Тинчлик шаҳарчасида бўлиб ўтган тарғибот тадбирига, аввало, намунали оила вакиллари таклиф этилиб уларнинг умр йўллари ёшларга ўрнак сифатида келтирилди.
Маъмуржон ота Сайфиддинов Хосиятхон она билан ярим асрдан ортиқ тотув оила қурди. Ҳалол ризқ билан фарзандларни эл қаторига қўшдилар. Уларнинг ҳаёт ва умр йўллари эса бугун ёшларга ўрнак.
– Бир-биримизни камситмадик, ўзаро ҳурмат руҳини сақлаб қола олдик, — дейди Маъмуржон ота Сайфуддинов. — Турли моддиятлар билан боғлиқ вазиятларга эътибор бермадик. Янги турмуш қурганимизда бор йўғи 4 та кўрпа тўшак, 6 та якандоз ва битта сандиғимиз бор эди. Борига қаноат қилдик. Қолганини эса ўзимиз ҳалол пешона теримиз билан топдик. Ҳозирда эса ҳамма нарсамиз бор: Ҳурмат, эътибор, уй, машина, фарзанд ва набиралар... Менимча, 55 йил йил тинч ва тотув, фаровон ҳаёт кечирганимизнинг сири ҳам ўзаро ҳурматда.
Вилоятда ташкил этилган тарғибот тадбирлари давомида ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга ва унинг қадр қимматига қаратиш зарурлиги, афсуски, ҳозирда асосий эътибор эса тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилаётганлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида ташкил этилган ташвиқот тадбирларида ажрим ёқасига келиб қолган 46 оила яраштирилди. Шаръий никоҳ асосида яшаётган 124 та хонадонлар қонуний асосда никоҳлари қайд этилди.
Элёржон Эҳсонов,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар
шўъбаси етакчи маслаҳатчиси.