Унда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев, Осиё тараққиёт банки «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик сув таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳаси консультантлар гуруҳининг менежери Юн Бе Канг, «Қорақалпоқ сув таъминоти» МЧЖ инвестиция бўлими бошлиғи А.Таджимбетовлар иштирок этди.
Йиғилишда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4271-сонли қарорига асосан 2020-2023 йилларда Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак ва Амударё туманлари аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Қипчок овули ҳудудига суткасига 35 минг куб метрлик сув тозалаш иншооти, Куюк кўпир овули ҳудудида янгидан сув тақсимлаш иншоотини қуриш, Ўрта қалъа, Дўрман, Холимбег овуллари ҳудудида сув тақсимлаш иншоотини реконструкция қилиш ҳамда туман ҳудудида 54,3 километр магистраль сув тармоғи, 236,5 километр кўча сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Йиғилишда лойиҳани амалга ошириш натижасида туман бўйича 160 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиши ва туманда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 80 фоизга етказилиши кутилаётганлиги маълум қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.