АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги ҳусийларга тегишли объектларга яна зарба берди

    АҚШ ва Буюк Британия қуролли кучлари Ямандаги ҳусийларнинг саккизта объектига ҳужум қилди, дейилади мамлакатлар қўшма баёнотида.

    “АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари ўз ҳукуматларининг буйруғи ва Австралия, Баҳрайн, Канада ҳамда Нидерландия кўмагида Ямандаги ҳусийларнинг саккизта объектига қўшимча мутаносиб ва ​​зарурий зарбалар берди”, дейилади баёнотда.

    Зарбалардан мақсад ҳусийларнинг кемаларга ҳужум қилиш қобилиятини камайтириш эканлиги айтилган. Хусусан, “ер ости омбори”, шунингдек, ҳусийларнинг ракета иншоотлари жойлашган жойларга зарба берилган.

    Ноябрь ойи ўрталарида ҳусийлар Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаб, Қизил денгизда Исроил билан боғлиқ кемаларга ҳужум қила бошлашди, бу эса Сувайш канали орқали юк ташиш оқимининг кескин пасайишига олиб келди.

    Бунга жавобан 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг тўрт вилоятидаги ҳусийларга тегишли объектларга ҳаводан зарбалар берди, деб хабар беради ria.ru.