Асосий ставка пасайди. Кредитлар фоизлари-чи?!

    Марказий банк раисининг таъкидлашига кўра, ставканинг пасайиши у билан боғлиқ ўзгарувчан фоизларда ажратилган кредитларнинг ҳам худди шу даражада пасайишига таъсир кўрсатади.

    Мамлакатимиз молия тизимида Марказий банк асосий ставкаси, деган тушунча бор. Иқтисодиёт соҳаларида белгиланадиган айрим нарх ва фоиз талаблари шунга асосланади. Масалан, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар фоиз ставкаларининг аксарияти асосий ставкага боғлиқ. Яъни, унинг тушиши ёки кўтарилиши бевосита фоизларнинг пасайиши ёки ошишига олиб келади.

    Асосий ставка 2017 йилнинг июни охирида, валюта либерализациясига тайёргарлик доирасида 9 фоиздан 14 фоизгача кўтарилган ва шундан кейин бугунги кунгача 14 фоиздан пастга тушмаган эди. Куни кеча ушбу ставка охирги 7 йилдан буён илк бор пасайтирилди. Аниқроғи, жорий йилнинг 25 июль куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

    — Ушбу қарорнинг қабул қилиниши бир қанча омиллар билан боғлиқ, — дейди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. — Бунга, аввало, охирги ойларда базавий инфляциянинг барқарор пасайиб бориши ҳамда энергия тарифлари оширилишининг инфляцияга иккиламчи таъсирлари кутилганидан паст бўлаётгани ва натижада йил якунига инфляция прогнози пасайиши таъсир кўрсатди. Хусусан, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Январь—июнь ойларида истеъмол савати таркибидаги 73 фоиздан ортиқ товар ва хизматлар нархлари ошиши аввалги йилга нисбатан паст бўлди. Айниқса, жорий йилда мева-сабзавотлар ўртача нархи ўзгаришининг инфляцияга таъсири сўнгги 4 йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Базавий озиқ-овқат инфляциясининг йиллик 4,1 фоизгача пасайиши кузатилди. Энергия тарифлари ўзгаришисиз ҳисобланган умумий инфляция 7 фоизгача пасайди. Ушбу омиллар аҳолининг инфляцион кутилмаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида бу 12,8 фоизгача ва тадбиркорларда эса 11,9 фоизгача пасайди. Натижада, инфляция келгуси чоракларда ҳам пасаювчи траекторияда шаклланиши бўйича ишончимиз ошиб бормоқда. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

    Шунингдек, янгиланган прогнозлар бўйича ҳозирги кунда шаклланган 0,5-0,6 фоизлик ЯИМ ижобий тафовутининг йил якунигача ёпилиши кутилмоқда. Бунда иқтисодий ривожланишнинг таъсири катта. Буни жорий йилнинг 1-ярим йиллик якуни бўйича мамлакатимиз иқтисодиёти реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсгани ҳам тасдиқлайди. Юқори инвестицион фаоллик, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий капитал қўйилмалари ялпи инвестицион талабнинг ошишига хизмат қилмоқда. Тадбиркорлар фаолиятида ҳам, аҳоли турмуш даражасида ҳам ижобий ўсиш ортмоқда. Одатда, меҳнат бозори динамикасини ўрганиш учун муқобил кўрсаткич сифатида бўш иш ўринлари бўйича эълонларни кузатиб борамиз. Апрелдаги юқори кўрсаткичлардан сўнг май-июнь ойларида эълонларнинг камайиши кузатилди. Буни, бир томондан, мавсумий характерлиги билан, яъни ёз ойларида айрим соҳаларда ишчи кучига бўлган эҳтиёжнинг қисқариши ва бошқа томондан, меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабнинг маълум даражада мувозанатлашиши билан изоҳлаш мумкин.

    Пул бозоридаги шароитлар нисбатан қатъий фазада шаклланиб, аҳолининг жамғариш фаоллиги ошиб бораётгани ҳам муҳим жиҳатлардан бири. Хусусан, 2-чоракда ҳам “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари таъсирида пул бозори фоиз ставкалари асосий ставкага яқин, инфляциядан 3-4 фоизлик ижобий тафовут билан шаклланди. Мазкур жиҳатнинг сақланиб қолиши ва алмашув курсининг барқарорлиги сўмда жамғариш жозибадорлигини ошириб, аҳоли омонатларида юқори ўсиш суръатларини таъминламоқда. Айни пайтда аҳоли омонатларининг қарийб 80 фоизи сўмда шаклланган бўлиб, сўмдаги муддатли депозитларида йиллик 1,5 баробарлик юқори ўсиш суръати сақланиб қолмоқда.

    Ўзгариш қанчалик сезилади?

    Марказий банк асосий ставкасининг ярим фоизга бўлсада пасайиши, аҳоли томонидан қизғин қарши олинди. Одамлар энди банк кредитлари фоизлари ҳам пасайишини тахмин қилмоқда. Иқтисодчиларнинг фикрича, 0,5 фоиз бандига тушган асосий ставканинг очиқ бозордаги депозитлар ва кредитлар нархига таъсири юқори бўлмайди.

    Марказий банк раисининг таъкидлашига кўра, ставканинг пасайиши у билан боғлиқ ўзгарувчан фоизларда ажратилган кредитларнинг ҳам худди шу даражада пасайишига таъсир кўрсатади. Масалан, эндиликда, таълим кредитлари йиллик 13,5 фоиз, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги кредитлар эса йиллик 17,5 фоиз ставкада ҳисобланади. Бу, ҳатто, бугунги кунга қадар олинган кредитларга ҳам амал қилади. Чунки, тижорат банки билан тузилган шартномада олинган кредит фоиз ставкаси асосий ставкага боғланган ҳолларда у ўзгариши (ошиши ёки пасайиши) аниқ кўрсатилган бўлади. Аммо мутахассислар кредит фоизларини асосий ставкага боғлаб хулоса қилиш бирмунча нотўғри эканини ҳам таъкидламоқда. Боиси, қарз олувчи билан банк ўртасидаги мулоқот қарз олувчининг тўлов лаёқатидан келиб чиқиб белгиланадиган жараёндир.

    Мутасаддиларнинг билдиришича, мамлакатимизда йил бошидан буён депозитлар ва кредитлар фоиз ставкалари динамикаси турлича кўринишга эга бўлди. Аҳолининг миллий валютадаги омонатлари фоиз ставкаларида кичик ўсиш кузатилган бўлса, кредитлар фоизи сезиларли ўзгаришсиз қолиб, ўртача 23,6 фоизни ташкил этган. Маълумотларга кўра, шу йилнинг биринчи ярим йиллигида банклар томонидан жами 127 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, унинг 64 фоизи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади.

    Умуман, фоиз ставкаларини бозор талаблари асосида доимий кузатиб бориш ва ўзгаришлар киритиб туриш самаралироқ, назаримизда. Чунки ҳозирги шароитда бозор тенденцияси ниҳоятда ўзгарувчан ва нарх-навони олдиндан прогнозлаш анча мушкул. Аҳоли даромадлари ва яшаш шароитлари борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Бундай шароитда белгиланадиган ставкаларнинг ошиши билан бирга, пасайиши ҳам одатий ҳолга айланиши керакдек.

    — Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани 0,5 фоизга пасайтириш қарорини иқтисодиётда базавий инфляциянинг барқарор пасаювчи тренди вужудга келгани ва йил якунига қадар инфляциянинг прогноз даражасигача пасайиши учун етарли шароитлар шаклланганини эътироф этиш деб, баҳоласак тўғри бўлади, — дейди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. — Бу қарор пул-кредит шароитларини қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмайди ва унинг “чекловчи” характери сақланиб қолади. Ноаниқликлар ва хатарлар мавжуд шароитда эса шаклланаётган иқтисодий вазият, инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича энг сўнгги статистик маълумотларга асосланиб, ҳар бир бошқарув йиғилишида тегишли қарорлар қабул қилиб борилади. Асосий мақсад жорий йил якунига қадар инфляция даражасини 9 фоизгача пасайтириб, ўрта муддатли истиқболда унинг 5 фоизлик таргетига эришишдан иборат.

    Яна бир маълумот, Марказий банк бошқаруви “Давлат қимматли қоғозлари даромадлилик эгри чизиғини ҳисоблаш ва эълон қилиш Тартиби”ни ҳам тасдиқлади. Унда молия бозори иштирокчиларининг фоиз ставкалари ва макроиқтисодий кутилмаларини ўрганиш, қарз мажбуриятлари бўйича муддатлар ва фоиз ставкалари ўртасидаги боғлиқлик тўғрисида маълумот тақдим этиш ҳамда иқтисодиёт субъектларининг инвестицион қарор қабул қилишига кўмаклашиш каби вазифалар назарда тутилган. Мазкур Тартибга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлат қимматли қоғозлари даромадлилик эгри чизиғи ҳар ҳафта Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 27.07.24 й, 150-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates