Қадимий марказда барпо этилаётган очиқ осмон ости музейи ва унинг яқинида қурилиши кўзда тутилаётган мажмуа борасида Ўз ФА Миллий археология марказининг профессори Абдулҳамид Анорбоев шундай дейди:
— Мазкур лойиҳага кўра, Ахсикентда 10 та археологик объект устида очиқ осмон ости музейи барпо этилади. Ёдгорлик яқинида катта мажмуа қурилиши кўзда тутилган, хусусан, бу мажмуа таркибида тарихий-археологик музей, ҳунармандлар маркази, тарихий фестивал учун амфитеатр барпо этилади.
Ахсикентда ва унинг ёнида барпо этилиши кўзда тутилган йирик мажмуада ҳар икки йилда тарихни ўзига хос тарзда жонлантирувчи, кишиларни ўтмишни ўрганишга чорловчи ва бутун жаҳонга бой тарихимизни тарғиб қилувчи халқаро фестивал ўтказилиши ҳам белгиланган.