Аёл юксалса юксалар башар

    “Бундан буён Ўзбекистонда ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътиборидан четда қолмайди” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВ

    Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл бугунги кунда чин маънода, бахтли. Зеро, унинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Мамлакатимизда хотин-қизларга заифа деб эмас, балки юрт равнақи, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, оила ва жамиятда мустаҳкам ўрни ва сўзига эга бўлган муҳтарам ва муқаддас зот – дея, чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.

    Юртимиздаги бир гуруҳ хотин-қизлар, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, кўп йиллик самарали меҳнати, туб ислоҳотлардаги фаол иштироки, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлидаги ташаббуси ва фаол иштироки учун давалтимиз раҳбари томонидан фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.

    Гўзаллик, мукаммаллик, бахт ва ҳаловат бор

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, фахрий журналист, педагогика фанлари номзоди, “Дўстлик”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, Фарида Абдурахимова ҳам Президентимиз фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” деган юксак унвонга мушарраф бўлди.

    – Халқаро конгресс марказида давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган байрам тадбирида “Энг тўғри йўлни бизга ким кўрсатади? Фақат ва фақат сизлар, аёллар!” деган сўзларидан кўнглим янада ёришиб кўзларимга қувонч ёшлари келди.

    Аёлларга бундай эътибор ва эҳтиром яна қайси мамлакатда бор? Аёлни улуғлаш оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлашдир. Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори, ҳар бир чиқишларида хотин-қизларни қўллаб-қуввватлаши, жамиятдаги мавқеини янада юксалтиришга доир билдираётган фикр ва таклифлари аёларни янги-янги маралар сари чорлайди ва қалбимизда Ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради, – дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” Фарида Абдурахимова. – Аёл қай давр, қай мавқе ва қай шароитда бўлмасин, барбир аёллигича қолаверади. Эҳтимол шу боисдан ҳам аёл бор жойда гўзаллик, мукаммалллик, бахт ва ҳаловат бордир. Ҳозир менинг қалбимда ҳам ана шундай бир ҳузурбахш, тотли ҳаловат ва бахтиёрлик мавжланмоқдаки буни сўз билан таърифлай олмайман.

    Муборак 71 ёшимни қарши олганимда, Муҳтарам Президентимизнинг юксак мукофоти менга янада шижоат ва рағбат бағишлади. Юртим, халқим, фарзандларим, невараларим олдида ҳали бажаришим лозим бўлган вазифаларим борлигини, кўплигини ва мен жамиятимизга керак эканлигимни янада теранроқ англадим. Шундай қувонч, бахтиёрлик шукронасини инъом этган, камтарона меҳнатларимни улуғлаган Президентимдан, жуда ҳам миннатдорман! Токи танамда жоним бор экан, юрагим шу муқаддас Ватан тараққиёти учун, юрт равнақи, халқ фаровонлиги учун гупиллаб ураверади...!

    Ҳаёт мусаввири

    Аёл – ҳаёт мусаввири. Бу кўҳна оламни минг бир хил рангин бўёқларда акс эттирувчи, атрофга гўзаллик, эзгулик, меҳр ва муҳаббат улашувчи нозик хилқат, миллатнинг ор-номуси, шаъни, ғурури ва умр гултожидир. Фарида опа ҳам юрган йўлларида маърифатдан зиё, маънавият сарчашмасидан эзгуликлар таратиб, ён-атрофига яхшиликнинг ёрқин шуълаларини улашаётган олима аёл.

    Бинобарин, Фарида Абдураҳимованинг, “Аёл ўзи бир дунё”, “Оила маънавият ва қадрият бешиги”, “Маҳаллада қизларни соғлом турмуш тарзи асосида оилага тайёрлаш” каби муаллифлик китоблари юқоридаги гапларимизнинг ёрқин далилидир. Китобларидаги насиҳатомуз сўзлар, ҳикматли ўгитлар инсонларни огоҳликка чорлайди, одамийликка ундайди, яхшиликка чақиради ва энг асосийси инсонларнинг маънавий дунёсини бойитиб, тафаккурини теранлаштиришга хизмат қилади.

    Фарида опа, “Умр шомидаги бахт”, “Омонат дунё”, “Тортадирман жабрини” спектакллари ҳамда “Қирқ тоғоранинг – қирқ ноғораси” телесериалининг ғоя муаллифи ҳам ҳисобланади.

    Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати, икки бора Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият олиб борган Фарида Абдурахимова, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, маданий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, кундалик турмушда муносиб ўринни эгаллашига ҳар томонлама кўмаклашиш, оилавий ажримларнинг олдин олиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, аёллар, оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоялаш борасида маҳаллаларда ва таълим муассасаларида 500 дан зиёд маърузалар қилган.

    2019 йилда “Фахрий сенатор” сертификати, 2020 йилда Ўзбекистон хотин қизлар қўмитасининг ”Мўътабар аёл нишони билан тақдирланган.

    Нафис туйғулар дунёни гўзаллаштиради

    Бир сўз билан айтганда Фарида опа жамиятнинг ҳақиқий фаол аъзоси. Қайси соҳа ёки жабҳада бўлмасин, фидоий ташкилотчи. Биз жамиятимизда ана шундай меҳнатсевар, жонкуяр, аёлларимиз борлигидан қувонамиз. Гўё улардан меҳрнинг, муҳаббатнинг, нафосатнинг ҳиди келади. Қўллари меҳнатга, юрган йўллари эса фақатгина яхшиликларга йўғрилган бўлади.

    Давлатимиз раҳбари айтганларидек “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади”. Шунинг учун ҳам мамлактимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи мамлакатда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

    Аслида Фарида опа сингари аёлар дунёга бахт бериш, қувонч улашиш, эзгу ишлар қилиш учун келади. Ўзидаги гўзал ва нафис туйғулар билан дунёни гўзаллаштиради. Юрагидаги меҳр-муҳаббати билан ҳаётга жон бағишлайди. Мақоламизни мухтасар қилар эканмиз Фарида опа Абдурахимовани юксак мукофот билан яна бир бор муборкабод этиб қоламиз.

    Гуличеҳар ДУРДИЕВА

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates