Бенуқсон ва қулай алифбо зарур

    Олий таълим тизимидаги деярли 30 йиллик фаолиятимиз давомида ҳар йили 21 октябрь арафасида биз — тилшуносларга ОАВ эътибори ва диққати алоҳида қаратилганини кузатиб келдик.

    ОАВда чиқиш қилар эканмиз, ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ошириш учун бу ишни қилиш керак, у ишни қилиш керак, бу зарур, у зарур, дейишдан нарига ўтолмас эдик. Оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиб, фақат ғоя ва таклиф берардик, аммо, афсуски, уларнинг деярли ҳеч бири ҳисобга олиниб, амалиётга татбиқ қилинмас эди...

    Минг шукрки, орзу ва армонларимиз ушаладиган кунларга ҳам етиб келдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари халқимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Тил борасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Зеро, охирги йилларда тил сиёсати борасида бажарилган ишлар ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга хизмат қилаётганини ҳар куни, ҳар сонияда кўриб, билиб турибмиз. Энди “Бу ишларни қилиш зарур”, деб эмас, балки “Бу ишлар бажарилди”, “Бу ғоя амалиётга татбиқ этилди”, деб эътироф этяпмиз.

    Президентимизнинг мазкур фармонларига асосан, ўзбек тилини давлат тили сифатида ривожлантириш, ҳимоя қилиш, унга амал қилинишини таъминлаш бўйича бажарилаётган ташкилий ва амалий ишлар ҳамда ўзбек тилини тарғиб қилиш, тадқиқ қилиш, ўзбек тили бўйича таълим бериш ишларига Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош бўлмоқда. Ташкил этилганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, қисқа муддатда департамент кенг кўламли ташкилий, татбиқий ишларни рўёбга оширди. Жумладан, барча вазирликларда ўзбек тилини ҳимоя қиладиган, “Давлат тили ҳақида”ги қонун ижросини таъминлаш бўйича масъул шахслар — ўринбосар мақомидаги раҳбар маслаҳатчилари лавозими жорий этилиб, унга филолог ва журналист ихтисослигига эга, фидойи кадрлар танлов асосида тайинланди. Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Атамашунослик қўмитасини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, республикамизнинг нуфузли олимлари иштирокида 2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури ишлаб чиқилди. Давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш ҳудудий марказлари ташкил қилинди.

    Ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, ҳар бир соҳада унинг амал қилишини таъминлаш учун алифбо, имло, луғатлар масаласи муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода департамент “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири ва лотин алифбосига қисқа муддатда тўлиқ ўтиш масаласининг қонуний асослари билан жиддий шуғулланди. Натижада 2021 йилнинг 10 февралида Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “йўл харитаси” тасдиқланди. Тўғри, лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш масаласи нисбатан чўзилди. Бу ўринда босқичма-босқич ўтиш жараёни ҳисобга олинди. Ҳозирга қадар катта авлодни бунга тайёрлаш учун ҳужжатларнинг ташкилий қисми, телекўрсатувлар номи, газета номлари ва бошқа барча соҳаларда босқичма-босқич лотин ёзувига тўлиқ ўтиш жараёни кечмоқда. Ҳужжатга асосан 2023 йилдан тўлиқ лотин ёзувига ўтилиши кўзда тутилган.

    Бу жараёнда жорий алифбо ва имлони такомиллаштириш масаласи биринчи ўринга чиқади. Зеро, алифбони тартибга солмай туриб, имлони такомиллаштириш мантиққа тўғри келмайди. Шу сабабли куни кеча Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Албатта, бу шошмашошарлик билан бугун қабул қилинган қарор эмас. Бу муаммонинг ўз тарихи бор.

    Алифбо ва имло масаласи ХХ асрнинг бошларига келиб жиддий тарзда кун тартибига қўйилган. 1921 йилда Тошкентда бўлиб ўтган тил-имло анжуманида миллий алифбо ва имло қоидалари илк марта махсус кўриб чиқилган. 1923 йилда Бухорода ўтказилган тил-имло анжуманида эса биринчи марта ўзбек тилининг имло қоидалари қабул қилинган ҳамда Маориф комиссарлиги томонидан расман тасдиқланган. Лекин ижтимоий ўзгаришлар, жумладан, сиёсий аҳвол, саводхонликка талабнинг ошиб бориши, мактаб-маориф ишининг ривожланиши туфайли араб ёзуви замон талабларига жавоб беролмаслиги маълум бўлди. Шу боис 1926 йили Бокуда ўтказилган Биринчи туркология қурултойи туркий тилли республикалар учун лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш тўғрисида қарор қабул қилди.

    1929 йили Самарқандда бўлиб ўтган тил-имло анжуманида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси қабул қилинди ва мазкур алифбо асосидаги имло қоидалари тасдиқланди. Айни шу жараён ўзбек адабий тили тарихида муҳим қадам бўлди: халқнинг ёзма саводхонлиги кескин ошди, ўзбек тилининг табиатига мос ишлаб чиқилган имло қоидалари умуммиллий бирликни таъминлашга хизмат қилди. Чунки унда ўзбек тилининг асрлар мобайнида шаклланган товуш хусусиятлари ҳисобга олиниб, алифбода 9 та унли товушни ифодалаш учун белгилар олинган эди. Лекин бу ҳодиса 1930-йилларнинг бошларида турли қарашларни вужудга келтирди. Натижада 1934 йилда Тошкентда ўтказилган тил-имло анжуманида унли товушлар сони 6 та этиб белгиланди ва шу асосда янги имло қоидалари тасдиқланди. Мазкур имло қоидалари айрим камчиликларига қарамасдан ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва тараққиётида муҳим роль ўйнади. Бинобарин, ўзбек тилининг товушларини нисбатан тўғри акс эттирадиган алифбо юзага келди. Халқнинг саводхонлик даражаси кўтарилди. Оғзаки нутқ ва ёзув орасида яқинлик пайдо бўлди. Бу эса мустабид тузум мафкурасига, “қизил империя” манфаатларига мос келмас эди. Шу сабабли ҳам ўзбек лотин алифбосининг “камчиликлари”, жумладан, СССР халқларининг жипслигига хизмат қилмаслиги, рус тилини ўрганишда қийинчилик келтириб чиқараётгани кабилар ҳақида баҳс-мунозаралар авж олди. Қисқаси, барча туркий тилли республикаларни рус алифбосига кўчириш учун замин ҳозирланди.

    1940 йил 8 майда “Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алифбедан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алифбосига кўчириш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1940 йил 4 июлда эса “Бирлашган ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари” тасдиқланди. Шундай қилиб, 33 ҳарф ва 2 белгидан иборат ўзбек кирилл алифбоси амал қила бошлади. 1956 йилда эса “Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари” тасдиқланди. Биз ҳозирга қадар кириллча ёзувимизда мазкур имло қоидаларига амал қиламиз.

    Мустабид тузумнинг сўнгги йилларида собиқ иттифоқ республикаларида миллий уйғониш ҳаракати кучайди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам мустақиллик ғояси авж олди. Бу ҳолат, энг аввало, она тили билан боғлиқ ҳолда кечди. Ўзбек халқи сиёсий мустақилликка илк қадам давлат тили орқали бўлишини англаб етди. Шу сабабли ҳам собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчилардан бўлиб, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тили Ўзбекистоннинг давлат тили деб эълон қилинди. Миллий алифбо масаласи ўртага ташланди. Айни шу ҳолат ўзбек халқининг ўз кучига бўлган қатъий ишончини намоён қилди.

    Мустақиллик барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз, унинг ифодачиси бўлмиш ёзувимизнинг ҳам ривожу такомилини эмин-эркин белгилаш, таъмин этиш имконини пайдо қилди. Ўзбекистон Республикасининг 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонуни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида кескин бурилиш ясади. Қонун ўзбек тилининг қарийб бир ярим асрлик ҳақсизлиги ва қарамлигига барҳам берди. Беҳад қадим ва бениҳоя бой тилимизга унинг поймол этилган ҳуқуқларини тамоман тиклаган, давлат тили деган ҳаққоний мақом берилди. Бу ёруғ орзулар умиди билан яшаган жафокаш халқимизнинг асрий тарихида, ҳеч шубҳасиз, буюк воқеа бўлганини таъкидламоқ жоиз.

    Халқимизнинг она тилимизни ривожлантириш каби асрий эзгу ниятини амалга ошириш, дунёдаги бошқа халқлар, миллатлардан орқада қолмаслиги ва улар билан тараққиёт сари бақамти одимлашини таъминлаш мақсадида 1993 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. У том маънодаги лисоний мустақиллик нишонаси эди. Шундай қилиб, ўзбек лотин алифбоси 26 ҳарф ва 3 ҳарф бирикмасидан иборат бўлди.

    Бироқ тил амалиётидан келиб чиққан ҳолда 1995 йил 6 майда мазкур алифбога айрим тузатишлар киритилди. 1995 йил 24 августда мазкур алифбога асосланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари” тасдиқланди. 1996 йилдан бошлаб барча таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёни ўзбек лотин алифбосида олиб борилди. Ўқитиш жараёни учун барча дарслик ва қўлланмалар, кўргазмали воситалар лотинча имлода нашр қилинди, кўплаб бадиий адабиётлар лотин ёзувида чоп этилди.

    Бу алифбонинг ўзига хос ютуғи: биринчидан, алифбо тартиби ихчамлашди, лотин тилидан мерос қолган ҳарфлардан 24 таси (c ва w дан ташқари) ўз тартибида сақлаб қолинди. Бу эса лотин ёзувига асосланган бошқа алифболар (инглиз, француз, немис) билан умумийликни таъминлади. Иккинчидан, бўғиз ундоши [ҳ] ва қаттиқ танглайда ҳосил бўладиган [х] товушлари учун бир-биридан шакл жиҳатидан кескин фарқланадиган шакллар: H(h) ва X(x) нинг қабул қилиниши жуда катта қулайлик яратди. Демак, талаффузда унчалик фарқлай олмайдиган юртдошларимиз ҳам энди уларни ёзув орқали фарқлай олиш имконига эга бўлди. Яъни хуш (xush) ва ҳуш (hush), хам (xam) ва ҳам (ham) шакл жиҳатидан яққол фарқланади.

    Иккинчидан, қўшалоқ ҳарфлар: Ss Sh sh, Cc Ch ch, Nn Ng ng каби ҳарф бирикмаларининг юзага келиши инглиз тилини ўрганишда маълум даражада қулайлик ҳам яратди. Аммо вақт ўтган сари алифбонинг камчиликлари ҳам билиниб қолди.

    Лотин ёзувига асосланган жорий алифбонинг камчилиги шуки, Ўў ва Ғғ ҳарфларининг босма шаклини ёзиш мураккаблашди, яъни о ва g ҳарфларининг ёнига махсус диакритик белги (‘) қўйиладиган бўлди. Бу эса лотин ёзувидаги матнларнинг кенгайиб кетишига сабаб бўлди, Масалан, ўғил — o‘g‘il каби. Айни пайтда лотин ёзувидан фойдаланишда тутуқ (’) ва диакритик (‘) белгиларни чалкаштириш ҳолатлари кўп. Ҳозирга қадар ҳам кўп ўринларда Ўзбекистон сўзини O’zbekiston шаклида ёзиш ҳолатлари учрайди. Шунингдек, [ш], [ч], [нг] товушларини ифодалашда ҳам мураккаблик юзага келди. Бир товушни иккита ҳарф билан — ҳарфлар бирикмаси орқали ифодалаш ёзув амалиётида кўп ҳарф ишлатишга, кўп вақт сарфлашга олиб келди.

    “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунни бажариш муддати объектив сабабларга кўра икки марта ўзгарди: дастлаб 2005 йил деб белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2010 йилгача узайтирилди. Демак, ўзбек лотин алифбоси 2010 йилдан бошлаб республикамиз ҳудудида ягона алифбо сифатида қўлланиши керак эди. Бироқ бу амалга ошмади. Ёзув амалиётида лотинча имлога тўлиқ ўтилмади. Ҳозирга қадар кўплаб оммавий ахборот воситалари, нашриётларда асосан кирилча ёзувдан фойдаланилмоқда. Бу эса аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти. Негаки, ҳар қандай ҳуқуқий-демократик давлатда қонун устуворлиги таъминланиши шарт.

    Жорий ўзбек лотин алифбоси 25 йилдан ортиқроқ вақт давомида амалий жиҳатдан ўзини тўлиқ оқламади, яъни мазкур ҳарфлар ёзилиши, қўлланиши жиҳатидан барча эҳтиёжларимизни тўлақонли қондира олишини намоён этолмади. Шунга кўра, оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда бир неча ҳарфларни бошқача шаклда ёзиш таклифи билдирилди. Табиийки, 26 йил аввал қабул қилинган алифбо ўша давр талабларига жавоб берган. Ҳаёт эса ўзгармоқда. Унинг шиддати, глобаллашув жараёнлари имло ва ёзув масаласига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда, албатта. Шу жиҳатдан имло қоидалари ва ёзув ҳам давр, вақт, маданиятлараро коммуникация, глобал ахборот тармоқлари талаблари нуқтаи назаридан ислоҳ қилиниши ҳамда ўзгартирилиши табиий. Шунга кўра, 2016 йилда — Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинган дастлабки ойларда Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган алифбони ислоҳ этиш ва имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича таклифларни йиғиш ҳамда умумлаштириш учун республикадаги таниқли тилшунос олим, ёзувчи, ўқитувчилар, компьютер мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди. Жорий алифбо ва имлодаги ислоҳ этилиши зарур бўлган ўринлар турли йиғинларда илмий-амалий таҳлилдан ўтказиб борилди. Республикадаги умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари билан жорий алифбо ва имло муаммолари таҳлили юзасидан давра суҳбатлари, амалий семинарлар ташкил қилинди. Амалиётдаги инсонларнинг фикри ўрганилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ўзбек тилининг алифбоси ва жорий имлосини такомиллаштириш юзасидан юборилган мурожаатлар таҳлил қилиниб, ижтимоий тармоқларда ўзбек тили алифбоси ва жорий имло қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар йиғиш учун махсус гуруҳлар ташкил этилди. Гуруҳларда билдирилаётган фикрлар таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳ ўзбек тили алифбоси ва жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича барча таклиф ҳамда хулосаларни умумлаштириб, ҳамкор ташкилотлар билан муҳокама қилгач, Вазирлар Маҳкамасига топширди.

    Вазирлар Маҳкамаси мазкур таклифларни ўрганиб, такомиллаштириб, муҳокамага тақдим этди.

    Ҳақиқат баҳсларда туғилади. Айни пайтда имло борасида ижтимоий тармоқларда қизғин баҳслар кечмоқда. Бу — яхши. Аммо бир гапни таъкидлашни истардик. Тўғри, ҳозир, эҳтимол, иқтисодий масалаларга эътибор қаратиш, уларга маблағ ажратиш муҳимроқдир, аммо алифбо ва имлони такомиллаштириш масаласи халқимиз келажаги ва равнақи билан боғлиқ масала эканидан асло кўз юмиб бўлмайди. Чунки жорий алифбодаги ноқулайликлар унинг интернет тили сифатидаги фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Юникод тизимида алмаштирилиши таклиф қилинаётган график шакллар мавжуд эмаслиги туфайли дастурлашда сўз таркибида қўлланган битта ҳарфнинг диграф (бирикма) шакли матндаги сўзларни бўлиб юборишга олиб келмоқда. Миллий алифбомиздаги мавжуд муаммолар ўқиш-ёзиш жараёнида қийинчилик туғдириш билан бирга, имлони, грамматикани текширувчи, матнни нутққа ва нутқни матнга айлантирувчи компьютер дастурий таъминотларининг пайдо бўлишига ҳам тўсқинлик қилмоқда.

    Айни пайтда Google, Microsoft, Huawei, Samsung, LG ва бошқа қатор йирик технологик компаниялар ўз дастурий маҳсулотларини ўзбекчалаштираётганини ҳисобга олсак, алифбони кечиктирмасдан ислоҳ қилишимиз айни муддао бўлади. Миллий алифбомиз ислоҳ этилиб, қулайлашса, катта-кичик авлодларга мансуб ҳамюртларимиз, шунингдек, яқин-олис мамлакатларда яшовчи миллатдошларимиз ягона ёзув атрофида жипслашади. Нуқсонсиз, қулай алифбо халқимизнинг бирлигига, якдиллигига хизмат қилади. Туркийзабон давлатлар ва халқлар ўртасида ўзбек тилининг нуфузи кескин кўтарилади. Шунингдек, ўзбек тилининг интернет ва глобал ахборот операцион тизимларида қўлланиш имкониятлари ошади. Sh ва Ch ҳарфлари билан боғлиқ муаммолар бартараф этилса, нашр этилаётган адабиётларнинг ҳажми кирилча матнга нисбатан 8–10 фоиз камаяди. Бу эса республика миқёсида жуда катта маблағнинг тежалишига сабаб бўлади. Лойиҳада алмаштириш таклиф қилинаётган ҳар белгининг Юникодда коди мавжуд бўлгани сабабли бир ҳарфни компьютерда териш учун битта ҳаракат бажарилади. Энг муҳими, алифбо қулай бўлса, лотин ёзувига тўлиқ ўтиш ҳам тезлашади, иккиёзувлиликка барҳам берилади.

    Саодат МУҲАМЕДОВА,

    Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва

    адабиёти университети ўқитувчиси,

    филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates