Берлинда Ўзбекистон санъат асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

    Германия пойтахти - Берлин шаҳридаги “Lobe Block” галереясида “Орзуларга йўғрилган асарлар” номли Ўзбекистон санъат асарлари кўргазмаси иш бошлади.

    Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатия алоқалари ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш тадбирлари доирасида мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси ва Германия Федерал ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Minz Kulturprojekte” ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинди.

    4 декабрга қадар давом этадиган кўргазмада ҳамюртимиз Саидолим Жабборовнинг шахсий коллекциясида сақланаётган кўплаб таниқли ўзбек рассомлари асарлари, шунингдек, қадимий сўзаналар намойиш этилмоқда.

    Кўргазманинг очилишида қатнашган ўзбек санъатининг кўплаб ихлосмандлари Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

    “Minz Kulturprojekte” ташкилоти менежери Мориц Паховяк мазкур кўргазмани ташкил этишда яқиндан иштирок этган лойиҳа раҳбари сифатида “бу йил Ўзбекистон - Германия дипломатия муносабатлари ўрнатилганига 30 йил тўлгани, ҳолбуки икки халқ қадим замонлардан бошлабоқ ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйганини” қайд этар экан, ушбу тадбирга тайёргарлик кўриш, унинг лойиҳасини ишлаб чиқишда қайси жиҳатларга алоҳида эътибор берилганлигига тўхталди.

    - Лойиҳа доирасида сўнги 30 йиллик тарих билан чекланиб қолмасдан, Ўзбекистоннинг бой маданиятини замонавий асарлар орқали гавдалантиришга ҳаракат қилдик, - деди у. - Биз танлаб олган қирқдан зиёд асарларнинг жойлаштирилишдаги кетма-кетликка ҳам ўзгача ёндошишга ҳаракат қилдик. Ғарбда импрессионизм ва экспрессионизмни жуда севишади. Ўзбекистонлик санъат усталарининг ҳам бундай усуллардан фойдаланганликлари, таъкидлаш жоизки, юксак дид ва маҳорат билан миллий урф-одат ва анъаналарини акс эттира олганликлари кишини ажаблантирмасдан қўймайди. Бир томондан бундай усуллардан фойдаланиб яратилган асарлар қисман ғарбона ўҳшашликни уйғотса-да, уларга разм солсангиз англанадиган чуқур маъно ва ўзбекона ўзига хослик барча томошабинларни ҳайратга солади. Айниқса, кўргамамизнинг марказий қисмидан жой олган бетакрор сўзаналар бунда алоҳида ўрин эгаллайди. Улар ўзининг жилоси ва чуқур тарихи, қўл меҳнати маҳсул эканлиги билан кўзни қувонтиради. Дарҳақиқат, давлатингизнинг ўзига хос ва сайёҳларни лол қолдирадиган кўплаб тарихий-маданий бойликлари ва қадимий урф-одатлари мавжуд, бироқ бу бойликлар орасида сўзана тикиш санъати ўзгача ўрин эгаллайди.

    Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар ҳам ўз таасуротлари билан ўртоқлашишди.

    Холгер Бюлов, Берлин опера театри актёри:

    – Мен ҳали мамлакатингизда, Марказий Осиё минтақасида бўлмаганман. Бироқ китобларда кўп ўқиганман, машҳур қадимий шаҳарларингиз ҳақидаги сайёҳликка оид фильмларни мириқиб томоша қилганман. Бугун ушбу кўргазма очилишида бўлиб турганимдан жуда хурсандман. Кўргазмадан жой олган расмлар ва сўзаналар мени лол қолдирди, десам муболаға бўлмайди. Уларнинг ёрқин ва ранг-баранглиги, бой мазмуни ақл бовар қилмайдиган даражада ҳайратланарли. Бу ерда нафақат импрессионизм услубидаги расмлар, балки футуристик жанрда чизилган асарлар ҳам бор.

    “Культурхаус Берлин” ташкилоти менежери Юлия Вашенко:

    – Дўстларимнинг таклифига биноан ушбу кўргазмага келиб, бу қадар завқланаман деб ўйламаган эдим. Ташқарида ҳаво бир оз совуқ бўлишига қарамасдан, ичкарига киришим билан ўзгача бир илиқликни ҳис қилгандек бўлдим. Мухтасар қилиб айтганда, бу кўргазма мени жуда ҳайратлантирди. XIX ва ХХ асрларга оид сара асарлар жамланмасидан иборат ушбу кўргазма кўз ўнгимда ўтмишни гавдалантирди. Бу ерда ҳатто ўтган асрнинг авангард асарлари ҳам бор. Ҳақиқий маданий ранг-баранглик ва мультикультурализмга гувоҳ бўлдим. Турли маданиятлар чорраҳасида жойлашган мамлакатингиз бой ўтмишга эга эканига амин бўлдим. Келгуси меҳнат таътилимни меҳмондўст ва бағрикенг Ўзбекистонда ўтказишни режалаштираяпман ва буни барча дўстларимга ҳам тавсия қиламан.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates