Бир гуруҳ шахсларга жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши мумкин

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.

    Мазкур қонун лойиҳаси билан бир қатор қонунларга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи, ёлғиз кекса ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

    Хусусан, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли моддалари қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли орган этиб белгилаб қўйилмоқда.

    Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.

    Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қилинган ҳомийлик маблағларини солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қўшиш назарда тутилмоқда.

    Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар, шунингдек, оилалар манфаатларини кўзлаб фуқаролик ва маъмурий судларга аризалар, шикоятлар, даъволар киритилганда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда.

    Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.