Марказий банк битта фойдаланувчига расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклашни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда 26 ноябрь куни бўлиб ўтган медиа-мулоқотда регулятор раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев маълум қилди.
Унинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистонда фуқаролар битта паспортга очиши мумкин бўлган банк карталари сони қонуний жиҳатдан тартибга солинмаган ва айрим мижозлар юздан ортиқ карталарга эгалик қилади.
Беҳзод Ҳамраев бундай карталардан кейинчалик фирибгарлар пул маблағларини ўзлаштириш схемаларида фойдаланаётганини таъкидлади.
Қандай чеклов ўрнатиш таклиф қилинаётгани ҳақидаги саволга регулятор раиси ўринбосари аниқ жавоб бермади. Марказий банк мақбул ечим топиш учун мазкур масалани таҳлил қилишни режалаштирмоқда, деди у.