Афсонавий Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити бошланиши арафасида буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг қуйидаги гаплари ёдимизга тушди:
“Туркий халқларнинг бугунги ҳаётида Амир Темурнинг ўрни бўлакча, вақт тушунчасига бўйсунмайди. У ҳаммамиз учун ватанпарварликнинг умумтуркий эътиқоди тимсолидир. Амир Темур феномени шундан дарак берадики, борди-ю шахс тарихда тақдирларни ҳал қилган воқеа-ҳодисаларни, ўта муҳим геосиёсий ва маданий ислоҳотларни амалга оширган бўлса, аллазамонларда ҳаётдан кўз юмган бўлганига қарамасдан, бу шахснинг битмас-туганмас маънавий-руҳий қувватини (биоэнергиясини) ҳаёт сақлаб қолар экан. Бунда муайян трансформация, силжиш рўй беради, ўтмиш биоэнергияси ўзгариб, бугунги кун биоэнергиясига, миллатнинг янада куч олган ҳозирги авлодларининг биоэнергиясига айланади. Амир Темур феномени – бу маёқ, ўчмас машъала, бу йўлкўрсаткич, йўлчи юлдуздир”.
Дарҳақиқат, бугун жаҳон майдонида улкан маданий-маърифий мақсадларни, лойиҳаларни, фикр майдонларини ташкил қилаётган Туркий давлатлар ташкилотининг кўҳна асослари, ўчмас машъалалари мавжуд. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим ҒАФУРОВ билан айни маънавий-маърифий ҳақиқатлар ва туркий халқлар адабиётининг ҳозирги мезонлари борасида суҳбатлашдик.
– Устоз, йил якунланиб борар экан, унда яққол кўзга ташланадиган воқеалар бевосита туркий халқлар бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий ривожи билан боғлиқ экани бизни қувонтиради. Келинг, суҳбатимиз аввалида Туркий цивилизациянинг юксалиши билан боғлиқ кечган жараёнларда Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида тўхталсак...
– Биз яшаётган бу қутлуғ кунларда туркий халқлар бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги борасида содир бўлаётган буюк воқеликлар бизга ўхшаган неча замонларга гувоҳ бўлган одамларга худди хаёлда рўй бераётгандек туюлади. Туркий халқларни бирлаштириш йўлида содир бўлаётган жаҳон миқёсидаги халқаро даражадаги анжуманлар, ҳамкорликлар, келишувлар – буларнинг барча-барчасини қамраб олишга ҳатто ижодкор одамнинг ҳам хаёлот олами етмаётгандек, назаримда.
Туркий халқлар бирдамлиги, туркий цивилизация деган янги тушунчалар эса кўҳна воқеликлар илдизидан куртак очмоқда, десак адашмаган бўламиз. Ва ана шу жараёнда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сураётган лойиҳаларнинг қанчалар улуғворлигини айтинг. Бу лойиҳалар замирида туркий халқларнинг қадим руҳияти уйғонмоқда, жонланмоқда, жаҳон халқлари кўз ўнгида оёққа турмоқда!
Яқин йилларни ҳисобга олмасак, туркий халқлар бирдамлиги деган иборани қачон кўнглимиз тўлиб, эркин ва дадил айта олган эдик? Суҳбатимиз аввалида бу уйғонишга туртки бўлган машъалалар ҳақида бежиз сўз очмадик. Буюк аждодларимиз яратган асарларга теран назар солганингиз сари туркий халқларнинг бирлашиши, туркий тилларнинг мавқеи борасидаги масалалар бир неча асарлардан бери долзарб бўлиб келганини янада чуқурроқ англайсиз. Ҳазрат Югнакийни оласизми, Алишер Навоийга мурожаат қиласизми, Юсуф хос Ҳожибни варақлайсизми – уларнинг ҳар сатри ана шу қутлуғ бирлик тушунчаси атрофида мужассам эканини ҳис қиласиз. Мана бугун туркий тиллар дунё фалсафаси, социологияси, бадиий адабиёти олдимизга қўядиган барча масалаларни, ғояларни қамраб олишга қодир бир тилга айланиб бормоқда. Ҳазрат Алишер Навоий худди шу кунларни орзу қилмаганмиди... Шу орзу ва юксак мақсад билан туркий халқлар маданиятидан илҳомланиб “Муҳокамат ул луғатайн”ни ёзмадими?... Ушбу асар орқали туркий тилларнинг қудрати, жозибаси илмда, бадиий адабиётда, жамият ҳаётида, муомалада нималарга қодирлигини мисоллар ёрдамида исботлаб берди. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида ҳам туркий тиллар қанчалик кенг қамровли экани, дунёдаги машҳур тиллардан ҳеч бир қолишмаслиги ифода қудрати нуқтаи назаридан кўрсатиб берилди. Жалолиддин Румий, Низомий, Беруний, Форобий, Хоразмий каби каби аждодларимизнинг фалсафа, бадиий адабиёт ва санъатда, илмда олиб борган изланишлари, саъй-ҳаракатлари туфайли туркий цивилизация деган буюк бир ҳодиса минг йиллар олдин майдонга чиққан эди, десам ишонаверинг.
Мана шу маънавий-маърифий асослар туфайли туркий халқлар цивилизацияси юзага келган ва шу кунгача яшаб келган. Бу цивилизациянинг ғоялари туркий халқларни ер юзида тик оёқда туришга, ўз ғурури, суверенитети, миллий ор-номусини сақлашга илҳом бериб, катта мақсад билан яшашга ундаб келмоқда.
Тўғри, орадан 500–700 йил ўтиб туркий цивилизация деган ғоянинг устини туман босгандай, улуғ излар босилгандай бўлди. Шукрким, бизнинг замонамизга келиб, яъни Шавкат Мирзиёев юртимизга бош бўлиб сайланган илк кунлардан бери бу улкан ғоянинг шабадаси кеза бошлади. Марказий Осиё халқларининг бирлашиши, ҳамжиҳатлиги энг биринчи ҳаётий масала сифатида дадил, кенг тармоқ отиб майдонга чиқди. Ғарб ва Шарқ цивилизацияси олдига учинчи бир Туркий цивилизация мардона қадам ташлаб чиқа бошлади. Шавкат Мирзиёев юксак шижоат билан, “Туркий цивилизация янги уфқлар очиши керак!”, деган мақсадни қўйди олдимизга. Давлатимиз раҳбари қадим-қадимдан қондош, жондош бўлиб келган қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон халқлари ҳамиша бир ёқадан бош чиқариб ўз озодликларини қаттиқ туриб ҳимоя қилишлари, туркий халқлар бирдамлигини тараққий қилдириш зарурлигини таъкидлаб, ана шу бирдамлик йўлидаги лойиҳаларда жидду жаҳд кўрсатиб келяпти. Эътибор беринг, орадан тўрт-беш йил ўтиб бу улкан ғоя қанчалар ўсди ва дунё майдонида неча халқлар ва давлатларнинг ҳавасини келтиряпти. Туркий давлатлар раҳбарларининг, адабиёт, санъат ва илм аҳлларининг бир-бирлари билан кўришиб, ўртага қўйилган экология, қишлоқ хўжалиги, чегаралар каби турфа йўналишлардаги масалаларнинг ҳамма-ҳаммасини умумтуркий цивилизациянинг ҳаётбахш ғоялари асосида ҳал қилишга чақиряпти. Яқинда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида ҳам туркий тилли халқларни хурсанд қиладиган ғоялар, чоралар ва уларнинг амалиёти ўртага ташланди.
Куни кеча Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик институтида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан чоп этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мен шу ўринда ушбу мажмуани тайёрлашда иштирок этган барча олимларимиз, танқидчиларимиз, шоир ва ёзувчиларимизга ўз миннтадорлигимни билдираман. Давлатимиз раҳбарининг бу ибратли ва хайрли ташаббуси янада самара бериши аниқ. Энди бошқа барча туркий давлатларда ҳам бирдамлигимизни тараннум этувчи катта нашрлар юзага келади. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон ёки Венгрияда нафақат адабий, балки маданий, илмий ва фалсафий мана шундай ажойиб бебаҳо туркумлар чоп этилса, ажаб эмас... Бу ҳаракатлар билан Ғарб цивилизацияси қошига – рўпарасига Турк цивилизациясининг амалий натижалари олиб чиқилади-ку. Бу ер юзидаги цивилизацияларнинг улуғ ижодий мусобақалари - жуда катта маданий юксалиш бошланганидан дарак беради. Ғарб цивилизацияси 200–300 йиллар давомида инсоният камолоти учун кўплаб ишларни амалга оширган. Масалан, атомнинг парчаланишини кашф қилди, хўжаликда, иқтисодда, қишлоқ хўжалигида, илм-фанда ва ҳамма соҳада ядро энергиясидан фойдаланди, космосга телескоплар ўрнатди. Бу каби ишлар Ғарб цивилизациясининг буюк бир тамаддун эканлигини кўрсатади. Мана энди, ўз навбатида, Шарқ цивилизацияси, яъни Туркий цивилизация ҳам ўзининг нималарга қодирлигини исботлашга ҳаракат қилмоқда. Мана шу жараённинг дебочасидаги улкан ишларга гувоҳ бўлаётганимдан ниҳоятда бахтлиман. Бу, менимча, ер юзи миқёсидаги халқаро маданий жонланишларга олиб боради. Халқаро давраларда энг улуғ ишларга мамлакатларнинг сафарбар бўлиши бошланади, дегани...
– “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилган саммит давомида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот туркий дунё бирлигига улкан ҳисса қўшган буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовга берилди. Чингиз Айтматов “Литературная газета” таҳририятида бўлиб ўтган “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” асари тақдимотида “Биз қуёшнинг сўнишига йўл қўя оламизми”, деган мурожаат билан чиққан экан. Сиз Чингиз Айтматов асарларининг моҳир таржимони сифатида улуғ адибнинг умуминсоний ғоялар ҳимоясига, туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси нечоғли катта бўлганини жуда теран ҳис қилган бўлишингиз табиий...
– Туркий давлатлар ташкилотининг барча ишлари қоғозда эмас, амалий ишлар доирасида олиб борилаётгани бу ташкилотнинг дунё миқёсидаги обрўйини оширмоқда, десак адашмаган бўламиз. Мана шундай мукофот таъсис этилганининг ўзи ташкилот ишлари нечоғли самарали эканидан дарак беради. Туркий оламнинг Алишер Навоий каби яна бир даҳоси, қирғиз халқини “Манас” тимсолида юзага чиқарган, дунёга “планетар тафаккур” деган тушунчани олиб кирган Чингиз Айтматовдай одамнинг тақдирланиши унинг асарлари моҳиятидаги умуминсоний қарашлар эътирофидир. Яна ҳам соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Чингиз Айтматов ижодида, унинг халқаро миқёсда олиб борган фаолиятида туркий цивилизациянинг энг яхши хусусиятлари намоён бўлган. Бу асарлар мағзида туркий цивилизациянинг энг муҳим мундарижаси – мазмуни мужассам. Буюк адиб асарлари нафақат туркий халқлар, балки бутун дунё халқлари доирасида ўзининг жуда катта таъсир кучига эга. Унинг “Жамила”дан тортиб, то сўнгги асари “Қулаётган тоғлар”гача туркий халқларнинг анаъаналари, қадриятлари, маданияти ва маънавиятини энг гўзал ва бетакрор тарзда ифодалаб берган ўлмас асарлардир.
Хўш, Чингиз Айтматов дунёга нималарни берди? “Оқ кема”, “Сарвқомат дилбарим”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” каби асарларида одамларга нималарни айтмоқчи бўлди? Энг муҳими, бу асарларнинг барчасида туркий халқларнинг азал-азалдан тилдан-тилга ўтиб келаётган асотирлари – мифларининг таъсири ниҳоятда кучли. Ва мана шу ривоятлар ва афсоналарни ҳозирги замоннинг долзарб муаммоларига уйғун тарзда ифодалагани дунёдаги кўплаб инсонларнинг диққат-эътиборини, меҳрини бевосита ўзига қаратди.
Масалан, “Қиёмат” асарини олайлик. Азалдан Мўйинқул чўлларини ўзининг ватани деб билган иккита бўрининг саргардонликда кечирган ҳаёти тасвирланган. Овчилар Акбара ва Тошчайнарни ўз маконларидан бегона ҳудудларга бош олиб кетишига мажбур қилишади. Чингиз Айтматовнинг кўплаб асарларида ўз туғилган маконига бегона бўлиш азоблари акс этган. “Оқ кема”даги боланинг ўз макони, яқинлари билан хайрлашиш ҳолатини кўз олдингизга келтиринг. “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”даги кичкина маъсум болакай Криснинг қариндош-уруғларини ташлаб кетиш воқеаси-чи... Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарларида туғилган маконларини ташлаб кетишга мажбур бўлган қаҳрамонларнинг кечинмалари жуда таъсирчан ифодаланган. Ҳаттоки Оролнинг кетиши-чи... Бу улкан ва фожиали кетиш ҳам Чингиз Айтматовни қанчалар ташвишга солганидан хабаримиз бор. Орол ўзининг қадим маконларини цивилизация туфайли ташлаб кетди. Сувнинг нотўғри сарфланиши, яъни табиатга эътиборсизлик туфайли шундай катта денгиз бизни тарк этди. Ўзбекистондай мамлакат қачон 6 миллон тонна пахта етиштирган ва бу олти миллион пахта нималар эвазига вужудга келди? Унга қанча сув, инсон кучи, қуввати, умри, машаққатлари, орзу-армонлари сарф бўлди? Айтмоқчиманки, Чингиз Айтматов деганда мана шундай глобал миқёсдаги масалаларни ниҳоятда ҳаққонийлик билан кўтариб чиққан ижодкор шахси тушунилади. Шу кунларда дунё олимлари яна бир муҳим саволни кўтаришяпти: 2030–2050 йилларгача инсоният ўзини сақлаб қола оладими? Башарият келажаги нима бўлади? Зилол сувини, муқаддас ерини, тоза ҳавосини асраб қолиш учун одамзот нима қилиши керак? Президентимиз ана шу масалалар атрофида фикр майдонлари, фаолият майдонлари ҳосил қилиш мақсадида жон куйдирмоқда. Нафақат туркий халқлар зиёлилари, балки бутун дунё эътиборини нуфузли минбарлардаги мурожаатлари билан оғриқли нуқталаримизга жалб қиляпти. Биз эндигина дебоча қадамларни қўйдик. Ҳали улуғвор ишлар ва катта-катта лойиҳалар олдинда турибди.
– Халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов ғурурланиб, давраларда бот-бот Чингиз Айтматов номини тилга оларди. Шоирнинг унга бағишлаб ёзилган “Қирғиз диёри” деган шеъри ўзбек шеърхонлари орасида ёд бўлиб кетган, десак адашмаймиз. Абдулла Орипов маълум муддат Чингиз Айтматов Президенти бўлган “Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси”да вице-президентлик фаолиятини олиб борган. Марказий Осиё минтақасида юз бераётган улкан ўзгаришлар, халқларимизга қувонч бағишлаган яқинлашув бу улуғ зотлар руҳини шод этаётган бўлса, ажаб эмас...
– Сиз ҳозир “Марказий Осиё халқлари ассамблеяси” ҳақида сўз очдингиз. Чингиз Айтматовнинг ниҳоятда эътиборга молик фазилатларидан яна бири унинг халқаро миқёсдаги ташкилотчилиги эди. Ўз вақтида буюк адиб бутун дунёнинг илғор ёзувчиларини Иссиқкўлга чақириб, “Иссиқкўл форуми”ни ташкил қилган. Ушбу форум ғоялари, муҳокамалари бутун дунёда акс-садо берган. Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби ёзувчиларимиз билан форумнинг муҳим йиғилишларида қатнашганмиз. Чингиз Айтматовдай адиб индамай ўзининг улувор асарларини ёзиб юрса ҳам бўлаверарди-ку, тўғрими? Бироқ табиатидаги ташкилотчилик қобилияти, жонкуярлиги, атрофдаги воқеаларга бефарқ эмаслиги унга тинчлик бермаган. Ана шу форумдаги саъй-ҳаракатларни ҳам Туркий цивилизацияга хос бўлган уринишлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. 1995 йилда эса “Туркий халқлар маданияти асамблеяси” тузилди. Ассамблея Президенти Чингиз Айтматов ўзбек адиблари Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар билан ҳамкорликда туркий халқларнинг шон-шарафини тиклаш учун жонбозлик кўрсатди. Бироқ ўша пайтдаги алғов-далғов замонларда уларнинг кўп мақсадлари амалга ошмай қолди. Қолаверса, Марказдан ички қаршиликлар уюштирилгани боис ассамблея улкан ғояларни мақсад қилган бўлса-да, гуллаб-яшнаб кетолмади.
Қанийди, ўша ассамблея Шавкат Мирзиёев каби бир йўлбошчининг даврида тузилганида... Кенг қанот ёзиб, буюк бир амалий натижаларга эришиб, дунё халқларига ўз маданиятини, маънавиятини намоён этган бўлар эди. Замоннинг замондан, одамнинг одамдан, фикрнинг фикрдан қанчалар фарқланишини шунда ҳам кўришимиз мумкин.
Сиз Абдулла Ориповнинг “Қирғиз диёри” деган шеъри ҳақида гапирдингиз. Чиндан ҳам ушбу шеър жуда машҳур бўлиб кетган. Бир улкан анжуманда шоирнинг ўзи шундай деган: “Марказий Осиё халқлари теран илдиз отиб кетган улкан бир дарахтнинг, чинорнинг қайрилмас, букилмас бутоқларимиз. Мен агар ўзбек билан қирғизнинг биродарлиги ҳақида сўз бошламоқ бўлсам, қозоқ бовурларим бир ёқда қолгандек туюлаверди. Худди шундай фикрни туркману тожик дўстларимиз ҳақида ҳам баралла айтишимиз мумкин. Бизнинг ҳамжиҳатлигимиз тирикчиликнинг, ҳаётнинг ҳамма қирраларига баб-баравар тегишлидир. Буюк мозий қадриятлари барчамиз учун нечоғли муштарак бўлса, бугунги кун тараққиёти ёки муаммолари ҳам умумийдир. Мен адабий жараён вакили сифатида гапирадиган бўлсам, Марказий Осиё халқлари адабиётини яхлит ҳолда тасаввур этаман. Дейлик, адабий қаҳрамонларнинг менталитети – феъл-атворлари деярли бир хил эмасми...”
Дарҳақиқат, туркий халқлар адабиёти яхлит ва бир бутун адабиётдир. Айни кунларимизда Абдулла Орипов таърифлаган Марказий Осиё халқлари адабиётининг муҳити шакллана бошлади. Бунга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
– Жорий йилда ўзбек адиблари кўплаб халқаро мукофотларни қўлга киритди. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур, таниқли шоира Хосият Рустамова нуфузли халқаро танловларда юксак эътирофларга эришди. Бугунги ўзбек адабиёти вакилларининг бу руҳий кўтарилишлари, жаҳон адабиёти майдонига дадил кириб боришлари, албатта, қалбимизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Сиз улар ижоди мисолида жаҳон адабиётида бўй кўрсатаётган замонавий ўзбек адабиётининг қайси мезонлари ҳақида қувонч билан айта оласиз? Бу жараёнда ижодкор шахсининг ижтимоий-сиёсий вазифаси қанчалар муҳим?
– Албатта, бу ютуқлар туркий тилли халқлар маданиятларининг юзага чиқиши натижасида қўлга киритилди. Бу ижодкорларнинг асарларида туркий цивилизациянинг яшовчанлиги, ижодий ғоялар билан тўлиб тошгани ифода этилган. Гап мукофотда эмас, гап яхши асар устида кетяпти. Туркий тамаддуннинг ички мундарижасини юзага чиқарадиган асарлар эътибор топиб бораверади. Эндигина улуғ йўлга чиқдик, адабиёт мукофот учун эмас, халқнинг ҳиссиётларини, руҳиятини тарбиялаш учун ёзилади. Бугунги кун ижодкори зимамасига юкланадиган ижтимоий-сиёсий вазифа худди шу туркий цивилизация ғоялари билан чамбарчас боғлиқ, десак адашмаган бўламиз.
Бугунги адабиётимизда бир жиҳат эътиборимни ўзига жалб этади. Ҳозирги адабиётимизда тарихий онгнинг очилиши жараёни кечмоқда. Масалан, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, Шаҳодат Исахонова, Рисолат Ҳайдарова каби ёзувчиларимиз узоқ тарихимизнинг турли даврларини янгича қараш билан ёритишга ҳаракат қилишмоқда. Шунингдек, яқин тарихимиз билан боғлиқ асарлар ҳам кўпайиб бормоқда. Энг муҳими, бу асарларда аввалги даврларда айтиш мумкин бўлмаган ҳақиқатлар акс этмоқда. Ижодкорларимиз тарихий манбалар билан қанча кўп ишласалар шунчалик ўзларини кашф этиб борадилар. Тарих шундай ажойиб суҳбатдошки, у билан гаплашганинг сайин онгинг ва қалбинг ёришиб бораверади.
Шу ўринда ҳозирги адабий жараёнда кечаётган баъзи бир мунозараларга ҳам ўз муносабатимни билдириб ўтмоқчиман. Мана яқинда “Академнашр”да бир қатор истеъдодли ёшларнинг “Излам” туркумида назмий ва насрий тўпламлари чоп этилди. Бу туркумда нашр этилган китоблар эътирофлар билан бирга танқидий мулоҳазаларга ҳам дучор бўляпти. Мен ҳам мазкур туркумдаги 7-8 нафар ёш ижодкорнинг китоблари билан танишиб чиқдим. Аксарияти шеърий тўпламлар, аммо наср камроқ экан. Мен бу жанрда ижод қиладиган ўғил-қизларимиз сафи кенгайишини жуда истайман. Энг муҳими, ёшларимиз кўп китоб ўқишаётганидан хурсандман. Уларнинг кимларни мутолаа қилаётгани ёзган машқларидан шундоққина сезилиб турибди. Тақлид ҳар бир ижодкорнинг илк изланишларида рўй берадиган жараён. Баъзи бир ижодкорларнинг тўпламларида халқимизнинг одоб-аҳлоқ ҳақидаги тасаввурларига у қадар муносиб бўлмаган ўта очиқ, ошкоралик билан талқин қилинган ҳолларни учратамиз. Бундай ҳолларда адабий нашрларга масъул кишилар, албатта, ёшларга холис, дўстона, билимдонлик билан йўл-йўриқлар ва зарур тавсияларни беришлари зарур бўлади. Тўғри, шоир деганлари кайфият одами. Бироқ унинг ижод маҳсули катта нашрларда тарғиб қилиниши учун тайёрланаётганида масъул инсонлар ҳушёр бўлиши зарур. Ва бундай ҳолатларни танқид қилишда ҳам соғлом адабий танқид майдони, муҳити бўлсин. Чунки ёшларимиз ниҳол кабидир, уларни изланишлардан, ижод майдонидан совутиб қўймаслигимиз керак. Мен китобхон ёшларимиз билан суҳбатлашганимда кўнглим жуда ёришиб кетади. Чунки улар Жеймс Жойс, Кафка, Достоевский, Толстойлар билан бирга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул каби ўзбек адибларининг асарларини ҳам катта иштиёқ билан мутолаа қилишяпти. Ҳатто улардан бири менга, бизнинг авлод интеллектуал адабиёт яратиш учун изланмоқда, деган фикрни билдирди. Мен жуда хурсанд бўлиб кетдим. Ўша учрашувда уларга Чингиз Айтматовнинг 2000 йилда ёзилган “Амир Темур феномени” эссе-мақолаласи ҳақида гапириб бердим. Мақолада адиб Амир Темур шахси туркий халқларга йўналиш бергувчи йўлбошчи, машъала сифатида дунёга келганини, ҳозирги кунгача бу машъала йўлларимизни ёритаётгани ҳақида айтиб ўтади. Ва шундай фикр билдирадики, Амир Темур яратган цивилизация ҳозирги кунда ўзбек заминида юзага келаётган цивилизациянинг куртакларини яратган эди, дейди. Бу асл Чингизона таъриф эди. Менга адибнинг Амир Темурга бўлган бундай юксак эҳтироми, эътирофи, холисона таърифлари жуда ёқади. Мана бугунги кунда Ўзбекистоннинг Европа давлатлари, АҚШ ва Франция билан олиб бораётган ҳамкорлик ишларини қаранг... Куни кеча Президентимиз Францияга ташриф буюрганида французлар қанчалар катта меҳр-муҳаббат билан қарши олишди. Лувр музейидаги кўргазманинг очилиш маросимини бутун дунё қизиқиш билан кузатди. Ўзбекистон деган давлатнинг тарихи, маданиятини кўриш учун туранақатор навбатлар пайдо бўлганини айтмайсизми...
Биз биламизки, соҳибқирон даврида ҳам Франция қироли билан эътиборга молик ҳамкорликлар йўлга қўйилган. Уларнинг бир-бирига йўллаган мактублари ҳалигача сақланиб келмоқда. Бу нимадан дарак беради? Анъаналарнинг туркий давлатлар тарихида ҳам, замонавий давлатлар ҳаётида ҳам яшовчанлигидан дарак бермоқда. Ўша кўҳна анъаналар умумжаҳон миқёсида янада юксалиб бораётганини кўрсатмоқда. Шундай вазиятлар бўладики, давлатлар ҳам бир-бирининг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади. Агар улар бир-бири билан ҳамкор ва ҳамфикр бўлса, қийин вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватласа, ота-боболаримиз айтганидек, ўша давлатларнинг ҳам чориғи йиртилиб қолмайди. Ва бу каби маънавий ҳамкорликлар, кўҳна анъаналар юксалиб борар экан, 2050 йиларга бориб инсоният яшовчанлигини йўқотадими деб шубҳаланиб турган олимларга қақшатқич зарба бўлиб тегади.
Шу боис, айни пайтда Марказий Осиёда катта бир маънавий юксалиш даври бошланган экан, бу улкан жараёнга нафақат ижод аҳли, балки ҳар бир юртдошимиз ўз ҳиссасини қўшиши керак. Суҳбатимизни Чингиз Айтматовнинг ўша машҳур мурожаати билан якунламоқчиман: “Биз қуёшнинг сўнишига йўл қўя оламизми?” Албатта, бу саволга жавобан биз – ҳозирги замон кишилари бир ёқадан бош чиқариб, “Йўқ, биз ҳеч қачон Қуёшнинг сўнишига йўл қўймаймиз!”, дея дадил айтамиз!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.