БМТ Бош котиби глобал иқлим фалокати туфайли денгиз сатҳи мисли кўрилмаган даражада кўтарилаётганини таъкидлади. Гутерриш БМТнинг Тинч океанидаги ороллар яқинидаги сув ҳарорати дунёнинг бошқа қисмларига қараганда уч баробар тезроқ кўтарилаётгани ҳақидаги ҳисоботини шундай изоҳлади.
“Сабаби аниқ – булар асосан қазиб олинадиган ёқилғиларнинг ёниши оқибатида ҳосил бўлган иссиқхона газларидир”, деди БМТ Бош котиби Тонга давлатида сўзлаган нутқида.
У келгусида исиш Тинч океанидаги ороллар учун янада кўпроқ муаммоларни келтириб чиқариши, тобора кучайиб бораётган сув тошқинлари экинлар, балиқчилик ва тоза сув таъминотига таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирди.
Гутерриш, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятини Тинч океанидаги “муҳтож давлатларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашни кескин оширишга” чақирди, деб хабар беради interfax.ru.