БМТ: Сувайш канали орқали савдо қилиш ҳажми 42 фоизга камайди

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳусийларнинг ҳужумлари туфайли ҳар куни канал орқали ўтадиган контейнер ташувчи кемалар сони ўтган йилга нисбатан 67 фоизга камайди.

    Нефть транзити 18 фоизга қисқарди.

    Ямандаги ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужуми Сувайш канали орқали олиб бориладиган савдога катта таъсир кўрсатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт конференцияси эксперти Ян Хоффманнинг айтишича, канал орқали савдо сўнгги икки ой ичида 42 фоизга камайди. “Биз Қизил денгиздаги кемаларга қилинган ҳужумлардан жуда хавотирдамиз”, деди у.

    Қизил денгиз ва Сувайш канали жаҳон савдосининг марказий савдо йўли ҳисобланади. Ҳар йили Сувайш канали орқали 20 мингга яқин кемалар ўтади. Яманлик исёнчиларнинг ҳужумлари туфайли кўплаб йирик юк ташиш компаниялари бу йўлдан ўтмасликка қарор қилишди. Осиё ва Европа ўртасидаги йўлда контейнер ташувчи кемалар Африканинг жанубий нуқтасини айланиб ўтишлари керак, бу эса сезиларли даражада кўпроқ вақт ва юз минглаб евро миқдоридаги қўшимча ёқилғи харажатларини талаб қилади, деб хабар беради dw.com.