Болаларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик: cон кетидан қувиб, сифатни унутмайлик!

    “Ўзбеклар – болажон халқ”. Биз кўп эшитган бу ибора худди турмуш тарзимизга айланиб қолгандек. Албатта, ҳеч ким биз болаларимизни яхши кўришимизни, уларга бор-будимизни беришга тайёр эканимизни инкор этмайди.

    Шу билан бирга, бугун замонавий дунё муаммолари ҳеч биримизни четлаб ўтмаслигини яхши англашимиз зарур.

    Собиқ совет тузуми даврида кўп болали оила намунаси давлат сиёсати даражасигача кўтарилган эди. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бўлган, албатта. Аввало, Иккинчи жаҳон урушидаги катта талафотлар ўрнини тўлдириш мақсад қилинган бўлса, кейинчалик марказ учун пахта хомашёси базасига айланган минтақамизда пахта терувчи қўллар, арзон ишчи кучи керак эди. Шу мақсад йўлида турли рағбатлар, “қаҳрамон она” образи шакллантирилди. Хўш, ҳозир вазият қандай? Келинг, бугунги кунимизга жамиятшунослик ва аҳолишунослик фанлари орқали илмий ёндашиб кўрамиз.

    РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК ЁКИ АЁЛЛАР ҲАМ ИНСОН-КУ...

    Репродуктив саломатлик нима? Бу — репродуктив тизимдаги касалликларни (бепуштлик, турли нуқсонлар, саратон ва саратон олди касалликлари) бартараф этиб, эр-хотин жуфтликларини соғлом бола туғилишига тайёрлабгина қолмай, туғилган зурриётни жисмонан бақувват, ақлан зукко, ижтимоий баркамол авлод этиб тарбиялашга замин яратиш.

    Биз эртага ота-она бўладиган фарзандларимизни қандай шароитда катта қиляпмиз? Уларнинг жисмонан соғлом ўсиши учун керакли витамин компонентлари ҳамда озиқовқат рационини (нафақат мол ёки қўй, балки балиқ, парранда, қуён гўшти истеъмолини) тўғри таъминлаб беряпмизми? Айниқса, она бўлмиш қизларимиз саломатлигига қай даражада эътиборлимиз? Аксарият қизларимизда учраб турадиган анемия, буқоқ, тос суяк муаммоси ва бошқа ирсий касалликлар нафақат бўлғуси ёш оналар ҳаётига, балки туғилаётган чақалоқларга ҳам хавф туғдиради. Бундан ташқари, аёл организми бир туғуруқдан кейин қайта тикланмай туриб, кетма-кет туғуруқ жараёнларини бошдан ўтказиши, 5-6 бола туғиш ҳам унинг саломатлигига жиддий таъсир қилади. Яқинда ватандош аёл бир йилда 3 маротаба ҳомиладор бўлганини эшитиб таажжубландим. Биринчи фарзанд туғилганидан сўнг яна бир ҳомила тушган, сўнг учинчи ҳомиладорлик бошланган. Бу эса, ўз навбатида, келажак авлоднинг соғлом бўлишига, миллат эртаси саломатлигига тўғридан-тўғри хавфдир. Репродуктив саломатликни яхшилаш учун юқорида саналган хавф омилларини камайтириш, репродуктив ҳуқуқ, яъни эр-хотинни болалар сони, улар туғилишидаги оралиқ, туғилиш вақти, замонавий контрацепция воситаларидан фойдаланиш, болани кўкрак сути билан боқишга эътибор бериш, бунинг учун шарт бўлган маълумот ва воситаларга эга бўлиш борасида асосий ҳуқуқларидан хабардор қилиш керак.

    Бизда узоқ йиллар давомида аёлларга нисбатан шаклланиб қолган стереотип қарашларнинг (вояга етмаган, ҳам жисмонан, ҳам руҳан оила қуришга тайёр бўлмаган қизларнинг турмушга берилиши, ота-она бўлишга тайёр бўлмаган эр-хотин, кўпинча юзага келадиган қайнона-келин муносабатлари) барчаси аёл руҳий ҳолати бузилишига олиб келади. Бунинг оқибатида оилада носоғлом муҳит шаклланади ва эр-хотин бир-бирининг аламини боладан олишга ҳаракат қилади. Оилани жамият негизи деб ҳисобласак, унда вужудга келаётган бундай муаммолар жамиятнинг эртасига таъсир қилмай қолмайди.

    ДЕМОГРАФИК ДИВИДЕНД

    Демографик таҳлилни дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, аҳоли сони кескин ўсиши ва табиий ресурслар камайиб бориши инсоният учун янги чақириқларни вужудга келтирмоқда. Бугун глобал муаммога айланиб бораётган аҳолининг кексайиш жараёни тобора кўпроқ мамлакатларни қамраб олаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг демографик ҳолатида кескин ёшариш жараёни кузатилмоқда. Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатимиз аҳолиси 2023 йилда 768,1 минг кишига кўпайиб, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига қарийб 36 миллион 800 минг кишини ташкил этган. Бу нуфусимиз ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 3,2 фоизга ўсган, демакдир.

    Бошқача айтганда, аҳолимиз сони ҳар куни ўртача 2,1 минг кишига, ҳар ойда эса ўртача 63,9 минг кишига кўпаймоқда. Статистика агентлиги шуни ҳам қайд этадики, Ўзбекистонда одамларнинг ўртача умр кўриш даври 74,3 йилни ташкил қилади. Жумладан, эркаклар учун бу кўрсаткич 72,1 ёшга, аёллар учун 76,6 ёшга тўғри келади. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти маълум қилишича, мамлакатимизда 2016-2021 йиллар мобайнида туғилишнинг кескин ортиши кузатилди. Гўдакларнинг дунёга келишида 25-39 ёш оралиғидаги аёлларнинг улуши катта.

    Туғилишдаги асосий ўсиш учинчи ва ундан кейинги фарзандлар улушига тўғри келади. 2016 йилда 204,9 минг учинчи фарзанд дунёга келган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 325,2 мингга етган. Ушбу гўдакларнинг туғилишидаги ўсиш ҳам 25-39 ёш оралиғидаги аёлларнинг ҳиссасидир.

    Туғилишнинг йиғинди коэффициенти (бир аёлга тўғри келадиган болалар сони) 2016 йилда 2,46 ни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда 3,17 га кўтарилди.

    Ўзбекистон аҳолисининг 5,4 фоизини 65 ва ундан юқори ёшдагилар (2023 йил 1 январига кўра) ташкил қилган. Мамлакат дунёнинг аҳолиси ёшариб бораётган давлатлари қаторига киради. Қайд этилишича, охирги беш йилда туғилишнинг кескин ортиши мамлакат демографик дивиденд бўсағасида турганидан дарак беради.

    Демографик дивиденд бу — мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг улуши болалар ва қариялар улушидан ошиб кетганда ва туғилиш пасайиши натижасида юзага келадиган иқтисодий ўсиш салоҳияти.

    Прогнозларга кўра, туғилиш суръати 2030 йилгача бир маромда (ўртача 900-950 минг) давом этади ва аҳоли сони 41 миллиондан ошади. 2030 йилга бориб, 18 ёшгача бўлганлар ва меҳнатга лаёқат ёшидан катталар сони мос равишда 2384 минг ва 1447 минг кишига ўсиши кутилмоқда. Демографик сакрашларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари мавжуд. Аҳолининг кескин ошиб бориши мамлакат ҳукумати учун янги чақириқларни вужудга келтиради ва бу ижтимоий соҳа олдидаги (таълим тизими — боғча, мактаб, олийгоҳлар; соғлиқни сақлаш тизими — поликлиника, шифохона, туғуруқхоналар) юкламаларни кескин оширади. Иқтисодий томондан эса аҳолининг ортиб бориши нисбатан арзон ишчи кучи, тўлов қобилиятига эга харидорлар кўпайишига замин яратади. Шунингдек, макроиқтисодиёт кўрсаткичлари бўйича 50 миллион аҳолиси бор давлат мустақил бозорга эга бўла олади. Лекин бунда ҳам барча соҳа каби баланс бўлиши керак. Аҳоли кескин ортиши билан бирга иқтисодиёт шунга яраша ўсмаса, таълим ва тиббиёт ривожланмаса, ўрта қатлам шакллантирилиб, қўллаб-қувватланмаса, бу аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини Африка ва Осиё минтақаларининг бир неча мамлакатлари мисолида кузатишимиз мумкин. Бир сўз билан айтганда, демографик дивиденддан самарали фойдаланиш инсон капиталини ривожлантиришга сармоя киритишни талаб этади.

    ИНСОН КАПИТАЛИ

    Инсон капитали бу — инсон ва умуман, жамиятнинг турли эҳтиёжларини қондириш учун ишлатиладиган билимлар, кўникмалар тўплами. Инсон потенциалини ташкил этувчи турли хусусиятлар ичида инсон капитали айнан даромадларнинг ўзгаришига таъсир кўрсатувчи хусусиятларни ифодалайди. Шу жиҳатдан инсон капитали ишчининг махсус таълим, касб-ҳунар эгаллагани ва ишлаб чиқариш тажрибаси асосида тўплаган билимлари, уларни амалда қўллаши ва маҳоратини ўз ичига олади.

    Дунё тажрибаси ва амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, айнан инсон капиталига инвестиция йўналтиришни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакатлар юксак тараққиётга эришмоқда. Чунончи, ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Статистик маълумотларга кўра, оилада фарзандга сарфланган ҳар 1 доллар келажакда 8-15 баробаргача кўпайган ҳолда қайтади. Демак, энг яхши инвестиция ўз фарзандимизга қилинган инвестиция экан.

    Бизда инсон капиталига ёндашув қандай? Менимча, мақтарли даражада эмас. Оилани режалаштириш каби замонавий билимларга эга бўлмаган ёш оилаларимиз ҳали ўзини тўлиқ таъминлай олмаган ҳолда (кўпчилиги оила қургандан сўнг ҳам ота-онаси қарамоғида) фарзандли бўлади. Ўз навбатида, бу оила бюджетига қўшимча юкламалар қўйишни бошлайди. Ҳар бир туғилажак бола оила бюджетидаги алоҳида харажат дегани. Одатда бундай ҳолатларда ризқни Аллоҳ беради, деймиз, аммо бу эътиқод остида амалий ҳаракатлар бўлиши зарур. Аллоҳга таваккал қилиб, шундай бўлиши керак, дейиш нотўғри. Сендан ҳаракат, мендан барокат, деган нақлни ёдда тутишимиз керак. Лекин бугунги кунда 4-5 нафар фарзанди борлар сифатли таъминот (озиқ-овқат, кийим-кечак) ва таълим бера олишга қай даражада қодир? Ҳа, биз ўтмишни эслаб, мисол келтиришни яхши кўрамиз: бобо-бувиларимиз 10-14 фарзандни вояга етказган. Лекин ўйлаб кўрайлик, улар қандай шароитда яшаган? Устига неча марта янги кийим сотиб олган? Болалар ўзларидан катта фарзандлар ёки қариндошлар кийимларини кийиб катта бўлмадими? Бу уларга бутун умрга етгулик руҳий жароҳат етказмадими? Бири 6, яна бири 7 нафар фарзандни дунёга келтирган кўпчилик бувиларимиз ўзи туғилиб ўсган жойидан ташқарига чиқмаганини армон билан ёдга олишини ҳозир ҳам эшитиб қоламиз.

    Хўш, кўп фарзандли бўлиш орзусидаги оилаларимизда етарли жамғарма, ресурс мавжудми? Ёки улар ҳам ўзларини, ҳам фарзандларини қийнаб яшашни истайдими? Ҳозирги замонавий ёшларнинг моддий эҳтиёжлари кун сайин ортиб бормоқда. Яхши овқатланиш, замонавий кийимлар, сифатли таълим ва тиббиёт озмунча маблағ талаб қилмайди ва фарзандингиз ўз тенгқурларидан кам бўлишини истамасангиз, шу нарсаларни таъминлай олишга қодир бўлишингиз керак. Шунинг учун аҳолишунослик бўйича мутахассислар ҳозирги оилаларда 2, кўпи билан 3 фарзанд бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Чунки инсон капитали ривожи учун ҳам сифат муҳим. Фарзандларимизга сифатли таълим, замонавий билимлар, агар ҳунарга қизиқса, қўшимча кўникмалар бера олишимиз керак.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Учинчи Ренессанс пойдевори билим ва илм бўлиши керак. Бир мисол: замонавий касблар орасида IT мутахассислари жуда талабгир, ёшларда ҳам бу соҳага қизиқиш катта, фарзандимиз шу соҳада ўқиши учун ҳам замонавий компьютер қурилмаси, гаджет, смартфон, bookreader, ўқув курслари учун эса маблағ зарур. Ёшлар ўқиш ва саёҳат учун чет давлатларга чиқиши бугунги кунда оддий ҳолга айланди, бу, албатта, ёшларга фойдали, чунки хорижий давлатларда улар янгича дунёқараш, қўшимча билимлар орттирмоқда ва хориждаги тенгдошлари билан ҳам ўз соҳалари бўйича рақобатга киришмоқда. Барчамиз фарзандларимизни шундай ёшлар қаторида бўлишини, албатта, истаймиз. Бунинг учун ёшликдан унинг таълимига, кўникмаларига пул тикишимиз кераклигини яхши англашимиз зарур. Яна бир нарса: миллат ота-оналари ўз фарзандлари билан мактабдан сўнг шуғулланиши даркор, 5-6 болали ота-она фарзанди билан уй вазифаларини қилишга вақти бўлармикан?

    Бизда хоҳлаганча болаларимиз бўлади, сенга нима, эртага қийналиб қолсам, давлат қилиб бериши керак, давлат қарасин, деган ёндашув мутлақо нотўғридир. Давлат шундоқ ҳам ижтимоий мажбуриятларини бажариб келмоқда. Бизда кам сонли давлатлар қатори деярли бепул давлат мактабгача таълим ташкилоти, 11 йиллик бепул таълим, бепул поликлиника ва тез ёрдам хизмати бор. Буларнинг бари бизга осмондан тушгандек гўё. Аслида, улар бепул эмас. Барчаси давлат бюджетидаги асосий юкламалар эканини кўпинча унутамиз. Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага триллионлаб маблағ сарфланмоқда. Бизнинг юртимизда инсон капитали — инсон қадри билан уйғунлашиб кетган, десак муболаға бўлмайди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”, деб айтган.

    МЕҲНАТ БОЗОРИ

    Демак, таълим ва кўникмаларга эга бўлган фарзандларимиз меҳнат бозорига кириб келади. Шунда бизга улар олган таълим сифати намоён бўла бошлайди. Агар бир кунда юртимизда ўртача 2,1 минг бола туғилаётган бўлса, бу дегани — келажакда 2,1 минг иш жойи керак бўлишини англатади. Хўш, бир кунда 2000 иш ўрни яратса бўладими? Йўқ, албатта, ҳатто дунёнинг биринчи рақамли иқтисоди бўлган АҚШ ва Хитойда ҳам бир кунда 2000 янги иш жойи яратилмайди. Чунки бу иқтисодий иложсиз нарса. Сиз ҳар куни янги завод ёки корхона барпо этилишини тасаввур қила олмайсиз-ку, тўғрими? Ўз-ўзидан савол туғилади: иш ўрни етишмаса, нима бўлади?

    Албатта, меҳнат миграцияси содир бўлади. Глобаллашувнинг асосий омилларидан бири бу — меҳнат миграцияси. Ҳозирги кунда дун ёда 150,3 миллион киши меҳнат мигранти сифатида турли мамлакатларда ишламоқда. Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий соҳага бағишланган сўнгги мажлисларида мактабни битирган 380 минг ўқувчидан 180 мингга яқини олий таълимда ўқишини давом эттираётгани, қолган 200 минг йигит-қизимиз ҳунарсиз меҳнат бозорига кириб келаётганини куйиниб гапирганига гувоҳ бўлдим. Янги Ўзбекистон даврида ёшларимизга ҳеч қачон бўлмаган шароитлар яратилганини бутун дунё эътироф этмоқда. Таълимни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан ташқари, ёшларимизни ҳунарга ўргатиш учун ҳар бир туманда барча шароитларга эга мономарказлар бунёд этилди. Уларга бугунги кунда энг талабгир касб-ҳунарлар ўргатиб келинмоқда. Таълимда ўзини кўрмаган ёшлар, ҳеч бўлмаса, бир ҳунар эгаси бўлиб, ўз келажагини барпо этиши асосий мақсад.

    Сабаби бизнинг ватандошлар ҳам турли ўлкаларда меҳнат қилмоқда. Иш билан ишнинг фарқи бор, деганидек, арзимаган пул учун оддий қора юмушда ишлаб қийналиш бошқа ёки майли, дипломи бўлмасин, лекин ўз ҳунарининг устаси сифатида 2-3 баробар кўп даромад қилиш бошқа. Ҳозирги кунда фақат диплом керак бўлган мутахассислик соҳалари эмас, балки сантехник, чилангар, элек трик, лифтчи, дурадгор, тикувчи, қандолатчи ва бошқа кундалик турмушда доим керак бўладиган касб ва ҳунарларга дунё миқёсида талаб юқори. Ривожланган мамлакатлар — Германия, Корея, Япония, БАА ва Саудия Арабистони каби давлатлар яхши ҳақ тўланадиган ишларга минглаб ишчилар кераклигини айтмоқда. Ягона талаб ўша мамлакат тили ёки инглиз тилини билиш керак. Хўш, бизнинг ёшлар нечта тилни билади?

    Совуқ юртларда қийналиб, баъзи шовинист ва скинхендлар таҳқирига учраб, кўпи билан 500 доллар ишлагандан кўра, барча ҳуқуқлари ва меҳнат қонунчилиги мавжуд ривожланган мамлакатда 2-4 минг доллар ишлаш афзал эмасми? Кеча бир хабар ўқидим: Германия давлати бизга 50 минг ишчига квота беришини маълум қилди. Хўш, шунча тилни биладиган одамимиз борми? Шунинг учун Президентимиз ўрта ва профессионал таълимда таҳсил олувчилар энг камида иккита хорижий тил ва бир ҳунар ўрганишини куйиниб гапириб келади.

    Бизнинг олдимизда жадид боболаримиз орзу қилган йўл бор. Бу — миллат келажагини ўйлайдиган, ватанпарвар фарзандларни вояга етказиш йўли. Зеро, миллатимиз ойдинлари бот-бот таълим ва тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот эканини таъкидлаб келган.

    Бугун тарих бизга ноёб имконият беряпти, янги Ўзбекистон фарзандларини дунёнинг баланд саҳналарига олиб чиқиш йўлидамиз. Ёшларимиз оз эмас, кўп, аммо гап сонда ҳам эмас, сифатда. Бугун дунёда инсоният хас-чўпдан унган дарахтга рақам қўйиб, паспорт беряпти. Бас, шундай экан, Аллоҳнинг яратган олий мавжудоти бўлмиш инсониятга, унинг ҳаёт тарзига, муносиб яшашига ва иқболига жўнгина қараш мутлақо нотўғридир!

    Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

    Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар

    университети ректори, профессор

    (‘‘Янги Ўзбекистон’’ газетаси, 2024 йил 7 февраль, № 27)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates