Қўшним билан маҳалла идорасига йиғилишга кетаётганимизда йўл-йўлакай уч-тўрт ёш-яланг кулиб, баланд овозда гаплашиб кетарди. Бир қарасангиз, гўё ҳазиллашаётгандай, лекин жуда қўпол сўзлар. Назаримда, уларнинг ўзи ҳам нима деяётганини тўлиқ англамайди, шекилли.
— Булар ўзларини ақлли, замонавий, кўп нарсани биладиган этиб кўрсатиш учун шунақа сўзларни ишлатиши одатий ҳол бўлиб қолдими дейман-да, — ўзича изоҳ берди қўшним. — Олифтагарчиликнинг бир кўриниши.
Улар маҳалламиз болаларими-йўқми, билолмадик. Шундай бўлса ҳам:
— Бир болага етти маҳалла ота-она, танбеҳ бериб қўяйликми? — дедим. Аммо қўшним: “Майлику-я, лекин улар маҳалла тугул, ота-оналарига ҳам қулоқ тутмайдиган кўринади” дегач, индамай қўя қолдим.
Мажлислар залига ўн беш-йигирма чоғли одам тўпланиб бўлган экан. Маҳалла раиси бугунги ёшлар, хусусан, фарзандларимиз таълим-тарбиясида кузатилаётган салбий жиҳатлар ҳақида куйиниб сўз бошлади. Муомаласи, юриш-туришлари, кийинишлари бутунлай ўзгариб кетаётгани, ёш оилаларнинг ажралишлари хусусида кўп аччиқ гаплар айтилди.
Шу пайт эшик очилиб, бугунги ҳаётининг ярми хориждан турли атир-упа, кийим-кечак келтириб сотишу сайру саёҳат билан ўтаётган жувон мўралади.
— Ассалому алайкум, қўшнилар, яхшимисиз, Шодивой ака, — дея маҳалла раисига алоҳида илтифот кўрсатиб жилмайди. — Қимматли вақтларингизни олаётганим учун узр, албатта. Соат бирга уйимизга барчангизни таклиф этгани келдим, кенжатойимизнинг туғилган кунига. Алоҳида уйма-уй кириб айтолмаганим учун хафа бўлмайсизлар. Баҳонада Дубайдан олиб келган зўр нарсаларимни кўриб кетасизлар. Қўшниларга арзон нархда, — деди таннозлик билан қўлидаги тилла узугини ўйнатиб.
— Киринг, ўтиринг, мажлисда қатнашинг сиз ҳам вақтингиз бўлса, — деди раис истеҳзо билан. Жувон бу кинояни англамади.
— Йўқ, раҳмат. Ҳали боришганда айтиб беришар нима ҳақидалигини. Кенжатой уйда бир ўзи қолган. Меҳмонлар келса-ю, унинг ўзи бўлмаса, сизларга ҳурматсизлик бўлмасин тағин деб мактабига атайлаб юбормагандим. Ўтинглар, кутамиз. Ходимларни ҳам айтаверинг, биласизлар, жой бемалол.
Назарида ҳаммасини жуда маданиятли тарзда бажарганига ишончи комил бўлган жувонга ҳамма унинг ортидан ҳавас билан қараб қолгандек туюлди.
— Хўш, қаерда қолдик, нимага келгандик? — савол назари билан юзланди маҳалла раиси тўпланганларга. — Фаолроқ, ўртоқлар, фикр, таклифлар беринглар. Болаларга ҳозир нималар салбий таъсир кўрсатяпти? Уларга тарбия беришга эътиборимиз сусайиб кетмаяптими?
— Ҳаммасига телефон айбдор, дарс қилиш ўрнига ярим тунгача шу матоҳни титкилаш билан банд. Сўрасангиз, телефон орқали дарс қиляпман дейди, — зорланди юзига маишат нуқси урган ёшгина жувон. — Ҳамма нарса билан таъминлаб қўйган бўлсак. Менимча, мактабда яхши тарбия беришмаяпти, шекилли...
— Кларахон, гап моддий таъминот ҳақида эмас, болаларимизнинг тарбияси, маънавияти ҳақида боряпти. Қолаверса, тарбия, аввало, оиладан бошланишини наҳотки билмасангиз...
— Тўғри, оиладан бошланади. Лекин олдин иқтисод, кейин сиёсат, дейилади. Ҳамма яхши нарса болаларга, деган принципга амал қилиб, аввало, уларга энг янги чиққан нарсаларни олиб берамиз. Ўқишига келсак, ўғлим имкон қадар чуқур билим олишни хоҳлагани учун мактаб ва ўқувчилар ўртасидаги шартномага кўра, 5-синфда қайта ўқиш учун контрактини яна бир йилга узайтирибди.
Бу гапларга уч-тўрт киши кулиб юборди. Маҳалла раиси ҳам жувоннинг бу гаплари ҳазилми-чинми, англай олмай сўради:
— Қанақа контракт? Ўзи сиз болаларингиз ўқийдиган мактабга борганмисиз? Қизиққанмисиз ўқишлари билан?
— Иш кўплигидан вақт ажратолмаяпман. Ҳозир ҳамма жойда контракт, кредит деган нарсалар кўпайиб кетган-ку. Замон жуда тез ўзгаряпти, булар мактабларда ҳам бўлса керак-да, ўғлим шунақа деди. Яъни ўз ихтиёри билан билимини мустаҳкамламоқчи, менимча.
— Аслида, мактабда ўзингизни қайта ўқитиш учун сиз билан шартнома тузиш керак, шекилли.
— Вой, ман мактабда ўқиганман, бюджетда ўқиганман!
— Тушунарли, маҳалладошлар, масалага жиддийроқ қарайлик.
Маҳалла раиси шундан сўнг ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатлари давом этаётганига урғу берди. Бунга бепарволик, лоқайдлик бир кун панд бериши мумкинлигини таъкидлади. Уч-тўрт киши “Тўғри-тўғри”, дея бош ирғаб маъқуллади. Лекин кўпчилик тез-тез телефондаги соатга қараб қўяр, ўртада шивир-шивир ҳам кўпайди.
— Ҳа, ўртоқлар, ҳамма гапларга қўшиламиз, ваҳима қилишга ҳожат йўқ. Бундай мажлислар керак, лекин соат бир бўляпти. Кларахон кутиб қолди, туғилган кунга ўтмасак, хафа бўлади. Кейин давом эттирармиз, — деди бутун йиғилиш давомида мизғиб ўтирган қўшнилардан бири. Худди шуни кутиб тургандек, ҳамма ўрнидан қўзғалди.
Уларнинг ортидан кузатиб қолган маҳалла раисининг ёдига беихтиёр машҳур “Учрашув” фильмидаги бир эпизод тушди. Унда отасига безори ўғлидан шикоят қилиб келган қўшнилар ўртасида бундай гап-сўзлар бўлади:
— Бунчалик ваҳима қилманг, Шодивой. Болалик қилиб уришган бўлса, уришгандир. Тўғри, ўғлимиз шўхликка шўх. Боланинг шўх бўлгани яхши-да...
— Олдини олинг, тартибга чақиринг, деяпман-да.
— Мен сизга айтсам, Шодивой ака, бурун деганнинг ўзи мўрт бўлади. Сал нарсага шовиллаб қон оқиб тушаверади. Ҳа, энди қўл-пўли тегиб кетган бўлса, қонаса-қонагандир... Шунга ҳам тартиб-интизом деб ўтирсак, қандай бўларкан, Шодивой ака?!
Рустам БОЙТЎРА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири