Бош прокурорнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди

    Хавфсизлик 29 апрел 2022 2171

    Сенатнинг 29 апрелда бўлиб ўтган ялпи мажлисида Бош прокурорнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

    Ҳисоботда прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди.

    Қайд этилишича, ижтимоий соҳада белгиланган долзарб вазифалар ижроси, айниқса, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни камбағалликдан чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

    Хусусан, 4 187 нафар фуқарога ўз вақтида тўлаб берилмаган 7 миллиард сўмлик иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ундириб берилган, шу билан бирга, 29 миллиард сўмлик бундай тўловлар талон-тарож қилинганлиги аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.

    Мамлакат тараққиётининг янги босқичида ўта муҳим бўлган Инвестиция дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш, давлат харидлари соҳасида қонунийликни мустаҳкамлашга устувор масала сифатида аҳамият қаратилиб, кўрилган чоралар натижасида «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа дастурларга киритилган лойиҳалар учун режалаштирилган маблағлардан 1,5 триллион сўми тежаб қолинишига эришилган.

    Ўз навбатида, сенаторлар прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим йўналишларда назоратни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

    Жумладан, 6 462 та жиноятни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланиб, барчаси ҳисобга қўйилган ҳамда жиноятларни қасддан яширган масъул ходимларга нисбатан 44 та жиноят иши қўзғатилган.

    Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган 3 028 та ариза ва хабарларнинг барчаси бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилган. Текшириш натижаларига кўра, жами 161 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилиши таъминлаган.

    Шу билан бирга республикада содир этилаётган қонун бузилиш ҳолатларининг чуқур таҳлили асосида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ушбу жиноятлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар юзасидан хулоса ва тавсиялар тақдим этиш лозимлиги таъкидланди.

    Сенаторлар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига киритилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари 2021 йилда якунланиши керак бўлган 1 728 та объектнинг 453 таси 2022 йилга кўчирилганлиги юзасидан изоҳ сўрадилар.

    Сенат аъзолари мажлисда муҳокама қилинган йўналишларда назоратни янада кучайтириш, аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига нисбатан қатъий ва таъсирчан чоралар кўриш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

    Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates