Деҳқонларимиз аллақачон 2025 йил ҳосили учун камарбаста бўлиб, ёппасига экин парваришига киришгани эртанги бахтли, фаровон ҳаётимизга катта умид, ишонч уйғотади.
Ҳа, мутафаккирлардан бири айтганидек, «Қишни ягона орзу — баҳор, Наврўзга эсон-омон етиб олиш билан ўтказамиз. Баҳор фасли келиши билан қалбимизда юзлаб, минглаб орзу пайдо бўлади». Халқимизнинг азалдан энг асосий орзуси тинчлик, хотиржамлик бўлиб келган. Янги Ўзбекистонимиздаги барқарорликни абадий қарор топтириш, келажак авлодга обод, озод ва ривожланган мамлакат қолдириш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадидир.
Минг афсуски, бугун сайёрамизнинг турли гўшаларида ҳарбий тўқнашувлар, ирқий-диний қарама-қаршиликлар давом этмоқда. Натижада минглаб бегуноҳлар қурбон бўлмоқда, яна минглаб одамлар ўз уйини, ватанини тарк этиб, ғарибликка юз тутмоқда. Шундай лавҳаларни, манзараларни телевидение, ижтимоий тармоқларда кўрганда буюк мутафаккир Шайх Саъдийнинг қуйидаги ҳикмати ёдимизга келади: «Бани одам азалдан бир гавҳардан яратилгани боис, яхлит бир вужуддир. Бинобарин, замона зайли унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз соғлиғини (тинчлигини) йўқотади».
Беадад шукр, бугун нафақат Ўзбекистонимиз, балки минтақамизда тинчлик, давлатлар ўртасида ишончли дўстлик ҳукм сурмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги янги сиёсий вазият, яъни яхши қўшничилик муҳитини яратишда Президентимизнинг хизмати беқиёс. «Янги Ўзбекистон — янги қўшничилик» тамойили изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда. Буни жаҳон жамоатчилиги, йирик сиёсий арбоб ва экспертлар эътироф этди.
Президентимиз бундан етти йил муқаддам 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи билан бориб, икки мамлакат ўртасида қарийб чорак аср давом этган «совуқ» муносабатларни бартараф этди. Алоқаларимизни стратегик ҳамда иттифоқчилик даражасига кўтарди. Сўнгги етти йилда ҳамкорлик алоқалари, айниқса, иқтисодиётнинг барча соҳаларини қамраб олиб, ўзаро савдо қиймати 197 миллион доллардан 757 миллион долларгача ўсди. Бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд.
Тожикистонлик эксперт Парвиз Муллажоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳамда Қирғиз Республикаси Тожикистоннинг йирик савдо шерикларидир. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи ҳам икки мамлакат ўртасидаги яқин дўстлик алоқалари тарихида муҳим воқеа бўлди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ҳамда яхши қўшничилик тамойилларига асосланган стратегик шериклик муносабатлари ҳам изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Инвестициялар ва саноат кооперацияси бўйича кенг кўламли ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Транспорт ва логистика соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик, хусусан, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини бунёд этиш лойиҳасини алоҳида қайд этиш жоиз.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 27 декабрь куни мазкур темир йўл қурилиши бошланишига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига мурожаат қилиб, жумладан, бундай деганди: «Ушбу магистрал йўлнинг ишга туширилиши минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш, транспорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий Осиёнинг улкан транзит салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади». Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 665 миллион долларга баҳоланмоқда.
Гуманитар йўналишда ҳам ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари ўтказиб келинаётгани минтақадаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, инсоний потенциални жипслаштириш борасида қулай восита бўлиб қолмоқда.
Наврўз байрами арафасида Президентимиз минтақа давлатлари етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилиб, икки ва кўп томонлама ҳамкорлик билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.
Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида яқин кунларда Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтишини айтди.
Президентимиз минтақамизда яшаётган жамики соф ниятли инсонларни Ўзбекистон халқи номидан табриклаб, бўлажак олий даражадаги мулоқотга эътибор қаратар экан, учрашув яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда яна бир амалий қадам бўлишига ишонч билдириб: «Том маънода дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик маконига айланаётган минтақамиз ҳамиша тинч бўлсин, ҳамиша гуллаб-яшнасин!
Шу ўринда минтақамизнинг ҳурматли зиёлилари, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт намояндаларига мурожаат қилиб айтмоқчиман.
Азиз дўстлар, сизлар ноёб истеъдодингиз, ақл-тафаккурингиз билан азалий қардошлигимизни, муштарак қадрият ва урф-одатларимизни, эзгу интилишларимизни тараннум этадиган асарлар яратиб, ёшларимизни айни шу руҳда тарбиялашга ҳисса қўшсангиз, халқларимиз сизлардан албатта миннатдор бўлади.
Бундай баркамол ижод намуналари бугунги таҳликали даврда элларимиз, айниқса, ёш авлодларимизга мустаҳкам маънавий қалқон бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз», деди.
Хўжандда ўтадиган уч томонлама учрашув Президентимизнинг юқорида айтилган олижаноб ва эзгу мақсадини ҳаётга татбиқ этиш йўлида яна бир амалий қадам бўлишига ишончимиз комил.
Мазкур учрашувнинг айнан ушбу қадимий шаҳарда ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор. Хўжанд азалдан уч қардош, биродар эллар — ўзбек, тожик, қирғиз халқларининг тарихий савдо-сотиқ алоқалари, маданиятлари кесишган шаҳар бўлиб келган. Хўжанд Тожикистон тарихида «Тинчлик шаҳри» номи билан ҳам ёдга олинади. Чунки айнан шу шаҳарнинг Арбоб қасрида 1992 йил 16 ноябрь куни Тожикистон Олий Кенгашининг ХВИ сессияси бўлиб ўтган ва мамлакатда узоқ давом этган фуқаролар урушига нуқта қўйилган.
Президентимиз 2021 йил 10-11 июнь кунлари қўшни мамлакатга давлат ташрифининг иккинчи кунида айнан Арбоб саройида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида ушбу республика зиёлилари билан учрашиб, мулоқот асносида икки буюк мутафаккир — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм яратиш ғоясини илгари сурганди. Ушбу фильм бугун «Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий» номи билан суратга олинмоқда.
Бу йилги файзли ва фараҳбахш Наврўзи олам арафасида минтақамиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш билан боғлиқ яна бир муҳим воқеа рўй берди. 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолади. Мана шу воқеани нафақат тожиклар ва қирғизлар, балки бутун минтақа халқлари кўп йиллардан буён кутган эди. Демак, минтақавий тинчлик ва яхши қўшничиликка яна бир қатъий амалий қадам қўйилди. Мана шундай фаол сиёсий мулоқотлар минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу йил баҳорда Марказий Осиё халқларини янада жипслаштирадиган, тинчлик, тотувлик, ҳамкорликка чорлайдиган кўплаб воқеалар бўлиб ўтди ва бўлиши кутиляпти. Шундай экан, эзгуликларга йўғрилган бу баҳорни унутиб бўлмас...
Шоқаҳҳор САЛИМОВ,
журналист,
«Дўстлик» ордени соҳиби