Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Бухоро вилоятидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 5 йил муддатга, шу жумладан икки йиллик имтиёзли давр билан 100 млн АҚШ доллари миқдорида фоизсиз кредит ажратади. Улар қуйидагича тақсимланади:
- давлат дастурлари асосида кичик ва ўрта бизнес, хизмат кўрсатиш ва туризм лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 60 млн АҚШ доллари миқдорида фоизсиз маблағлар;
- инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун 40 млн АҚШ доллари миқдорида фоизсиз бюджет ссудаси.
Бухоро вилоятида тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш ва лойиҳаларни молиялаштиришни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Унинг вазифалари:
- мастер-режалар асосида инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириш;
- инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва мастер-режаларни ишлаб чиқиш бўйича буюртмачиларни аниқлаш;
- лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этиш, маблағлардан самарали фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Бухоро вилояти туманлари (шаҳарлари)нинг меъморий қиёфасини яхшилаш, аҳоли, тадбиркорлар ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқиладиган мастер-режалар рўйхати;
- Бухоро вилояти туманлари (шаҳарлари)да туристик, кўнгилочар, гастрономик, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш мақсадида ташкил этиладиган 24 соат фаолият юритадиган кўчалар рўйхати;
- Бухоро вилояти туманлари (шаҳарлари)нинг ихтисослашуви йўналишлари ва унга мувофиқ уларнинг "ўсиш нуқталари" (драйверлари)ни ривожлантириш.
Ҳужжат қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 2024 йил 13 августдан кучга кирди.обнее: