Бухорода янги археологик ёдгорлик топилди

    Жонкелди қишлоғи ҳудудидан янги ёдгорлик — тошга ишлов бериш устахонаси топилди ва Ўзбекистон тарихи неолит даврига оид янги бир ёдгорлик билан бойитилди.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази, Самарқанд археология институти ва Самарқанд Давлат университети мутахассисларидан иборат экспедиция “Аswa Power Dzhangeldy Wind” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ Бухоро вилояти Пешку туманидаги Жонкелди қишлоғи ҳудудларида дастлабки дала-қидирув ишларини олиб борди.

    Жонкелди қишлоқ марказидан 10 км шимолий-шарқда жойлашган номсиз ботиқнинг (ҳажми: 10х3 км) шимолий бортидан неолит даврига оид том маънодаги тошга ишлов бериш устахонаси топилди.

    Устахона денгиз сатхидан 383 м баландликда, ҳозирда емирилиб кетган кремний конлари устида жойлашган. Майдони 70х30 м ва икки томондан жарликлар билан кесилган. Бу ерда кремнийнинг оқ, жигарранг ва кулранг тусдагилари учрайди. Бироқ улар орасида оқ кремний кўпчиликни ташкил қилади. Ёдгорликда ўтказилган қазиш ишлари бу ерда маданий қатламнинг ягоналигини ва қалинлиги 40 см гача етишини кўрсатди. Ушбу чуқурликдан кейин топилмалар тугайди ва оҳактошли қоялар бошланади.

    Устахонадан 400 дан зиёд ишлов берилган тош буюмлар йиғиб олинди. Топилмалар орасида бир қатор хом-ашё деффекти туфайли ёки бошланғич босқичларда ташлаб юборилган нуклеуслар, учиринди ва пластиналар мавжуд. Шунингдек, тўпламда тошларни чақмоқлаш билан боғлиқ техник йўнилғилар катта қисмни ташкил қиладики, бу тошларга бирламчи ишлов бериш ишлари шу жойнинг ўзида амалга оширилганидан далолат беради. Афтидан, неолит даври аҳолиси (мил авв. VII-V минг йилликлар) бу ерга сифатли хом-ашёни қўлга киритиш учун келишган. Материалларнинг гувоҳлик беришича, бу ерда мавжуд бўлган кремний қалин охактош қобиққа ва ички деффектларга эга. Шунинг учун ҳам ибтидоий усталар кремнийни шу жойнинг ўзида кераксиз қобиқлардан ва ички деффектлардан тозалаб, йўнилғилар ёки тайёр (деффектлардан ҳоли) нуклеуслар шаклида маконларга олиб кетганлар. Бунинг учун шу жойнинг ўзида тошларга бирламчи ишлов бериш ишларини амалга оширишга тўғри келган. Типологик жиҳатдан бу “том маънодаги” устахона, яъни, кремний конлари яқинида жойлашган бу жойга неолит даври одамлари хом-ашё олиб кетиш учун келганлар ва тошларга бирламчи ишлов бериш фаолиятини амалга оширганлар. Ёдгорликка Жонкелди неолит даври устахонаси номи берилди. Бу ердан йиғиб олинган археологик материалларнинг техник-типологик ва кенг қиёсий таҳлиллари устахонанинг моҳиятини кенгроқ очиб бериш имконини беради.

    Бироқ ҳозирданоқ айтиш мумкинки, Жонкелди ҳудудидан топилган янги ёдгорлик – тошга ишлов бериш устахонаси туфайли Ўзбекистон тарихи неолит даврига оид янги бир ёдгорлик билан бойитилди. Жонкелди ҳудуди ибтидоий одамлар яшаши учун қулай палеоэкологик шароитларга эга бўлган. Бу ерда мавжуд бўлган сифатли кремний конларига эҳтимол, яқин атроф ёки қўшни ҳудудлардан ибтидоий аждодларимиз келиб, хом-ашё олиб кетганлар.

    Устахона топилган номсиз ботиқни тадқиқ қилиш жараёнида, унинг жанубий-ғарбий бортидан ўрта асрларга (V-X asrlar) оид тизимли тарзда шимолий-ғарб - шимолий-шарқ йўналишидаги бир чизиқ бўлиб чўзилган 8 та доира шаклидаги мозорқўрғонлар гуруҳи топилди. Қўрғонларнинг устки қисми турли ўлчамлардаги (20-50 см) охактошлар билан доира шаклида қаланган тош тўпламлари кузатилди. Тош қаламаларнинг диаметри 5 та ҳолатда 2 метр радиусни, қолган 3 тасида янада кичикроқ диаметрга эга. Қўрғонлар орасидаги масофа 3 м ни ташкил қилади. Қабрлар деб тахмин қилинаётган бу қурилмаларнинг 4-сидан кўплаб сопол парчалари йиғиб олинди. Сополлар илк ўрта асрлар сополлари деб тахмин қилинмоқда.

    Шундай қилиб, Бухоро вилояти Пешку тумани, Жонкелди қишлоғи атрофидаги лойиҳа бўйича белгилаб берилган 30 минггадан ортиқ ҳудудларнинг археологик харитасидан “оқ доғ”лар олиб ташланди. Бу ҳудудда неолит ва ўрта асрлар даврлари давомида аждодларимиз истиқомат қилганлиги аниқланди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates