Чақалоқ савдоси «одам савдоси» жиноятининг хавфли кўринишидир

    Ижтимоий ҳаёт 3 август 2021 4260

    2020 йилга келиб одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 6 баробарга камайган. Масалан, 2012 йилда 574та одам савдоси билан боғлиқ жиноят қайд этилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 94та, 2020 йилда эса 74тагача камайган. Бироқ таҳлиллар ушбу даврда чақалоқлар ва болалар савдоси улуши сурункали равишда ортиб бораётганини кўрсатади.

    2017–2020 йиллар ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185та жиноят аниқланган. Жумладан, 2017 йилда 69та, 2018 йилда 46та, 2019 йил 41та, 2020 йилнинг 11 ойида 34та ана шундай жиноятлар аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айблов хулосаси билан тегишли тартибда судга оширилган. Бу жараёнда чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган. Ачинарлиси воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт вакилларини ташкил қилган.

    Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан келиб чиқсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. [Ҳомиладор бўлиб қолганини] ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп.

    Чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига аксарият ҳолларда боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўляпти. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги, она ҳомиладор бўлган вақтдан бошлаб бола туғилгунга қадар ўтган вақт орасида чақалоқ савдосига йўл қўймаслик бўйича самарали механизм ва қонунчилик базасининг йўқлиги ҳам ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратяпти.

    Ушбу тоифадаги жиноят Бахмал туманида ҳам содир этилган.

    Хусусан: жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2019 йил 29 мартдаги хукмига кўра, Бахмал ТТБ туғруқ бўлимининг мудири вазифасида ишлаб келган Б.Умматов Бахмал туманида туғилган, Бахмал тумани, Тонготар ҚФЙ, Қўштепа қишлоғида яшаган, ҳомиладор бўлиб қолиб, келгусида дунёга келадиган никоҳсиз орттирилган чақалоғидан воз кечиш ниятида бўлган 33 яшар аёлнинг чақалоғини К.Норбоевга бериши учун ундан 3 000 000 сўм талаб қилиб, иккаласи шу тариқа олдиндан ўзаро келишиб олишиб, чақалоқни 3 000 000 сўмга сотиб юборган. Умматов Боймурот Қурбонович Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Б.Умматовга соғлиқни сақлаш тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқларидан 2 йилга маҳрум қилиш ва 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

    Ушбу муаммо умумжаҳон миқёсда эътироф этилиб, кўпгина олимлар ва тадқиқотчилар томонидан чуқур ўрганилаётганлигига қарамасдан, бу борада ҳозирга қадар етарлича умумлашган маълумотлар тақдим этилмаган. 2000 йилдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясига одам савдоси ва айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жазо қўллаш тўғрисидаги қўшимча Баённома»да «одамлар савдоси» тушунчаси ўзининг расмий изоҳига эга бўлди.

    БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 2,7 миллион киши, жумладан, 600 — 800 минг атрофида аёллар ва болалар одам савдоси қурбонлари бўляпти. Ушбу қабиҳ жиноят туфайли дунё бўйича йилига 7 миллиард доллар атрофида пул ноқонуний айланади.

    Юртимизда одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоат органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар йўлга қўйилган. Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумеътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутади.

    Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Чақалоқ савдосини олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга етказиб турилишини янада чуқурроқ таъминлаш лозим.

    Собир Эргашев, Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг раиси.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates