Тадбир Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” ва Черногориянинг “R-Tours Budva” компаниялари ташаббуси билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов, икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
“Бугунги кунда туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни ўсиб боряпти. Буни ўтган йилда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони 5,2 миллион нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 1,6 миллиард доллардан ошганидан ҳам билиш мумкин. Жорий йилда Европадан Ўзбекистонга кириб келувчи туристлар сони кескин ортиши кутиляпти. Бунда Черногория давлати билан туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатларимиз ҳам алоҳида ўрин тутади.
Биз Черногория давлатида юртимизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганини қадрлаймиз ва уларни мамлакатимизда кўришдан мамнун бўламиз”, — деди Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов.
Тадбир давомида дастлаб, хорижлик тадбиркорларга Ўзбекистонда туризм йўналишида яратилган имкониятлар ва охирги эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шундан сўнг томонлар икки мамлакатнинг туризм имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда ўзаро манфаатли келишувларга эришиш борасида мулоқотга киришди.
«2023-йил июнь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Черногория ўртасида доимий тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилади. Бу икки мамлакатдаги туризм соҳаси тадбиркорлари учун янги имконият ва муҳим қулайлик демакдир. Амалга оширилаётган ишлар мамлакатлар аҳолисининг сифатли ҳордиқ чиқаришлари учун муҳимдир. “Prestige Travel” компанияси бу борада етарли тажрибалар асосида фаолият кўрсатади. Сабаби биз Ўзбекистонда илк бор Миср, Ветнам ҳамда қатор Европа давлатларига тўғридан-тўғри авиарейслар қўйиб, саёҳат учун йўл очганмиз”, деб таъкидлади “Prestige Travel” компанияси асосчиси Ойбек Аҳмедов.
Бу йил Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳлар сони 7 миллиондан ортиши кутиляпти. Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунёга танитиш ва Европа давлатларидан кириб келувчи сайёҳлар сонини оширишда мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш учун шароитлар яратиляпти. Бугун мамлакатимизда 5 мингга яқин жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатяпти, Республика бўйича сайёҳларни қабул қилувчи ўринлар сони 100 мингдан ортди.
Маданият ва туризм вазирлиги соҳада меҳнат қилаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатимизда янги туризм йўналишлари фаолияти учун имкониятлар яратиб бериш устида иш олиб бориляпти. Бу билан аҳолининг туризм маданиятини ошириш ва уларнинг сифатли дам олиши учун шароит яратилади.
Ушбу тадбирни ташкил этишда ташаббус кўрсатган “Prestige Travel” компаниясига 2018-йилда асос солинган бўлиб, компания шу вақтга қадар Ўзбекистон учун янги йўналишларда авиарейслар қўйилишида муҳим ташаббуслар кўрсатиб келяпти.
Жумладан, “Prestige Travel” компанияси томонидан 2018-йили Тошкентдан Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрига илк марта тўғридан-тўғри рейслар амалга оширила бошланди. Шунингдек, 2021-йил май ойида Мисрнинг энг йирик туристик марказларидан бири Ҳургада шаҳрига тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилган бўлса, шу йилнинг ўзида Ветнамнинг Пҳу Қуок оролига ҳам янги йўналиш очилди. Бундан ташқари, 2022-йил ёзда Ветнамдаги курорт шаҳарлардан бири ҳисобланмиш Нҳа Транг шаҳрига тўғридан-тўғри учиб бориш имкони яратилди.
Бугуннинг энг долзарб янгиликларидан бири эса, “Prestige Travel” компанияси томонидан 2023-йил июнь ойидан бошлаб, Тошкентдан Черногориянинг Тиват шаҳрига тўғридан тўғри рейслар амалга оширила бошланади, ва эътиборлиси, энди Черногорияга боришда Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб этилмайди, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.