“Холиқи олам одамзодга идрок ва Сўз айтиш неъматини бериб, уни барча хилқатларидан устун яратди, жонли ва жонсиз оламга ҳоким қилди. Оламни идрок қилган инсон Сўзни идрок қилади. Сўзни идрок қилиб оламни янада теранроқ идрок қилади. Сўзнинг илдизига етган киши дунёнинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан”, дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов “Сўз латофати” номли китобида. Чиндан ҳам тил, миллат, инсоният тушунчалари бу оламда бизнинг қисматимизни баҳолагувчи асосий мезонлардир. Шу боис айни мавзуда суҳбатлашганимизда беихтиёр мунозарага киришамиз, ҳаяжонга тушамиз, излаб юрган ҳақиқатларимизни англай бошлаймиз. Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг машҳур қиссасидаги Найман онанинг рўмоли қушга айланиб фарёд солгани каби ўз-ўзимизга савол бера бошлаймиз: “Сен кимсан! Она тилингни яхши биласанми? Элу юртинг номуси учун кураша оласанми? Отанг ким? Онанг ким?” Ахир, бу саволлар ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида бизни безовта қилиши, ҳушёрликка чорлаши, катта мақсадлар сари ундаши керак эмасми?!...
– Устоз, аввало, сизни Ўзбек тили байрами билан чин дилдан табриклаймиз. Айни пайтда дунёда 50 миллиондан ошиқ инсон ўзбек тилида гаплашаётган экан. Қолаверса, кейинги пайтларда тилимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда жуда фаол қўлланиляпти. Халқаро минбарларда баралла янграяпти. Хорижий давлатларда эса тилимизга бўлган қизиқиш кундан-кун ошиб бормоқда. Бу каби воқеликлар, албатта, бизга фахр бағишлайди...
– Бугун юртимиздаги ҳар бир соҳада кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, ўзбек тилини ривожлантириш, ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида янги босқич бошланди, десак адашмаган бўламиз. Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчи эдим. 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида” ги қонунда ўзбек тилига эмас, она тилига давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги бандлар белгиланган. Ўша пайтдаги сиёсат туфайли “ўзбек тили” деган сўзни ишлатишдан чўчишган. Ва ниҳоят 2019 йил 21 октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармонга кўра Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилиш тўғрисида таклиф киритилди. Халқимиз бу таклифни катта хурсандчилик билан қабул қилди. Фармоннинг яна бир тарихий аҳамияти шундаки, унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил қилиш тўғрисида алоҳида банд бор. Юртимизда қарор топган бениҳоя оқил ва одил тил сиёсати туфайли кўп миллатли халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкамланмоқда. Ўзбек тили байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз қаторида давлатимизнинг муқаддас ҳамда муҳташам рамзларидан бири сифатида такомил ва ривож ўзанидан бормоқда. Ҳар йили 21 октябр “Ўзбек тили байрами куни” сифатида бутун халқимиз томонидан чексиз мамнуният билан кенг нишонланмоқда, бу кун амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, янгидан-янги режаларнинг тарҳи чизилмоқда.
Шуни мамнуният билан таъкидламоқ жоизки, давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори билан, айниқса, сўнгги беш-олти йил ичида мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш борасида янги босқич бошланди. 2020 — 2030-йилларга мўлжалланган концепция ва махсус дастур қабул қилинган, келгусидаги ишлар аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган, шу асосда тил илми тадқиқи, таълими ва тарғибига дахлдор тизимли ҳамда кенг қамровли ишлар жадал суръатларда амалга оширилди ва оширилмоқда. Ўз-ўзидан бизда бу саъй-ҳаракатлар дунё ҳамжамиятининг ҳам эътиборини тортганлиги боис ўзбек тилини ўрганиш ва тадқиқ этишга қизиқиш вақт ўтгани сайин ошиб бормоқда. Шу ўринда венгриялик навоийшунос Бенедик Пери, озарбайжонлик тадқиқотчилар Алмаз улви Биннатова ва Рамиз Асқар, туркиялик тадқиқотчи Муневвер Туркжан, франциялик навоийшнуос Марк Тоутан, америкалик таржимон Кристофер Фортларга ўзбек тилини тарғиб этиш борасида олиб бораётган самарали ишлари учун ўз миннаторлигимни билдирмоқчиман.
– 2020 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тузилмасида социолингвистика бўлимини ташкил қилиш, мазкур бўлимда эса ўзбек тилининг ривожланиши билан боғлиқ фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотларни амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган эди. Ўтган икки йил мобайнида қандай эътиборга молик тадқиқотлар амалга оширилди?
– Социолингвистика бўлими тил ва жамият ўртасидаги муносабатни ўрганади. Тилнинг ижтимоий ҳодиса эканлиги ҳақида кўп гапирилган. Шубҳасизки, тилнинг пайдо бўлиши, ўзлаштирилиши ва тараққиётидай мураккаб жараёнларни жамиятдан айро ҳолда асло тасаввур қилиб бўлмайди. Бу мураккаб жараёнда ижтимоий муҳитнинг, кишилик жамоасининг, уй-хонадон деган бирликнинг ҳал қилувчи омил эканлигидан иборат ҳақиқатни инсон ақли ҳазм қилиб улгургунча, не-не насллар югурик асрлар тўзони ичра абадга қўним топган. Эрамиздан олдин ҳам, бизнинг эрамизда ҳам дунёнинг турли бурчакларида ана шу ҳақиқатни излаб, турли-туман тажрибалар ўтказилган. Жумладан, “Мўғуллар империясининг умумий тарихи” (Париж, 1705) номли китобда ХVI асрда Aкбаршоҳ томонидан ўтказилган бир ғаройиб тажриба ҳақида батафсил ёзилган. Улуғ шоҳ “Бирон-бир тилга ўргатилмаган одамнинг табиий тили яҳудий тили бўлади”, деган ғайриилмий гапни эшитиб қолади. Шунда Aкбаршоҳ болага ҳеч қандай тил атайлаб ўргатилмаса, у, чиндан ҳам, қайси тилда гапирадиган бўлишини билишни истайди. Aна шу мақсадда шоҳ ўн иккита эмизикли болани ажратиб олиб, Aградан олти мил узоқликдаги қалъага жойлаштиради, уларни тарбиялашни ўн икки соқов энагага топширади. Тилсиз қоровулга қалъа дарвозасини очиш қатъиян тақиқланади. Болалар ўн икки ёшга етганда, шоҳ уларни ҳузурига келтиришни буюради ва саройга барча тилларни биладиган донишмандларни ҳам таклиф этади. Aграда яшайдиган бир яҳудий болалар, чиндан ҳам, яҳудийча гапириш ёки гапирмасликларига ҳакамлик қилиши керак эди. Aграда араблар ва халдей (сомийлардан бўлган қадимий халқ)лар бисёр эди. Ҳинд файласуфлари бу болаларнинг тили санскрит (қадимги ҳинд тили)ча бўлиб чиқади деб ҳисобларди. Aммо болалар шоҳ ҳузурига келтирилганда, барча ҳайратдан тош қотиб қолади, чунки улар ҳеч бир тилда гапирмас эди. Бечоралар ўз энагаларидан фикрларини фақат турли имо-ишоралар билан ифодалаб, ҳеч қандай тилсиз муомала қилишни ўрганганди. Улар бу нотаниш, бегона жамоадан қўрқиб-ҳуркиб турарди, очилмай тугилган бу тилларнинг тугунини ечмоқ тамоман мушкул, уларга нутқ товушларини айттирмоқ замони ўтиб бўлган эди.
Қилни қирқ ёрган аксарият дунё тилшуносларининг таъкидлашларича, нафақат тилни ўзлаштириш, балки тилнинг ибтидодан пайдо бўлиши ҳам муайян жамоада бировнинг бошқасига ниманидир айтиш, нимагадир ундаш, ўзининг муайян ҳиссий ҳолатини билдириш каби эҳтиёжи маҳсулидир. Қисқача айтганда, жамоа-жамият билан боғлиқдир. Aйтиш жоизки, тилнинг такомилу тараққиётини ҳам, унинг шахс маънавий-маданий ташаккули ва аждоду авлоднинг замонлар оша ворисийлигидаги қиёссиз ўрнини ҳам жамиясиз англаш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам жамият ҳамда халқ тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлигини, уларнинг миллий манфаатларини таъминлашдай олий мақсадни бирламчи бурчи деб билган давлат ўз ҳудудида миллий тилни давлат тили мақомига кўтариши, унинг тириклиги муҳофазаси ҳамда ҳар тарафлама камолоти учун қайғуриши қонуний ва ҳаққоний заруриятдир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармонида таъкидланганидек, “Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”.
Айни пайтда социолингвистика бўлимида бир қанча эътиборга молик илмий изланишлар олиб борилмоқда. Филология фанлари доктори, профессор Ёрқин Одилов, тадқиқотчилар Дилноза Рўзматова ва Дилрабо Анданиёзовалар томонидан тил ва жамият муаммоси, ўзбек тилининг давлат тили сифатида Ўзбекистонда тутган ўрни, юртимиздаги тил сиёсати, давлат тилининг амалдаги тадбиқи борасидаги мавзуларда изланмоқдалар. Шунингдек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тиллари ривожи учун амалга оширилиши зарур бўлган ишлар борасида янги режалар тузилмоқда.
Ўтган икки йил давомида профессор Ёрқин Одилов ва терминология бўлими мудири Абдуваҳоб Мадвалиевлар билан ҳамкорликда ўзбек имло луғатчилиги тарихидаги энг катта луғат – 90 мингдан ортиқроқ сўзларни ўз ичига олган Ўзбек тилининг имло луғати яратилди. Талабалар ва ўқувчилар учун ҳам ўзбек тилининг ўқув имло луғати яратилди. Бўлим ходимлари ўзбек тилининг катта синонимлар луғатини яратишда ҳам тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Ҳозирги кунда муаллифлар айни луғатнинг умумий таҳририни тугатиш арафасида. Келгуси йилда бажарилиши мўлжалланган социолингвистика дарслиги бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.
Социолингвистика Америкада ҳам, Англияда ҳам, Европа давлатларида ҳам, Шарқ давлатларида ҳам жуда кучли ривожланган. Социолингвистиканинг асосий вазифаси шахснинг шахсга муносабатини ўрганади. Масалан, “не даёт читать”, деган русча сўз бирикмасида русча тафаккур тарзи бор. Бу иборани “ўқишга бермаяпти”, деб таржима қилишади. Аслида “ўқишга қўймаяпти”, дея таржима қилиниши керак. Яъни ҳар бир иборада, матнда, гапда ўзбекнинг ўзига хос тафаккур тарзи акс этиши керак.
Инновацион лойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, тилимизни тарғиб қилишда, албатта, ахборот технологияларидан ўринли фойдалана билишимиз муҳимдир. Масалан, луғатлар мисолида оладиган бўлсак, ёстиқдек келадиган луғат китобингиз бўлса, сизга бир неча йиллар хизмат қилиши, шубҳасиз. Лекин ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда электрон луғатлар ҳам бизга жуда асқотади. Бугунги замон ёшлари ва тадқиқотчилари учун электрон луғатлардан фойдаланиш анчагина қулай. Шу боис давлат тилини ўрганиш билан боғлиқ инновацион ғояларга ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатининг тўлдирилган нашрини яқиндагина ўқувчиларга тақдим этдик. Жорий йил охиригача яна бир изоҳли луғат тайёр бўлади. Илгариги нашримиздаги луғат 80 мингта сўзни ўз ичига олган бўлса, навбатдаги нашрда 90 мингдан кўпроқ сўз қамраб олинади. Терминлар ҳақидаги луғатларни ҳам тайёрлашга катта эътибор қаратиляпти.
– Жамият ва тил муносабатлари ҳақида гапирганингизда ўртада юзага келадиган муҳит ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдингиз. Бугунги кун муҳити ривожида матбуотда чоп этиладиган мақолалар, телеканалларимиздаги кўрсатувлар, радиотўлқинлардаги эшиттиришларнинг алоҳида ўрни бор. Устозларимиз Абдулла Қаҳҳор, Кибриё Қаҳҳорова, Зулфияхоним, Озод Шарофиддинов ва Суйима Ғаниевалар бу жараённи зийраклик билан кузатиб, эринмай журналистларга ўз маслаҳатларини бериб келганликлари ҳақида ўқиганмиз. Сизнинг айни жараёндаги кузатувларингизни билмоқчи эдик.
– Газеталаримизда журналистлар баъзан бир сўзни бошқа тилдан ўзбек тилига тўғридан-тўғри ўз билганларича ўгириб ёзишади. Бу нотўғри. Чунки инглиз тилининг ўзидаги тафаккур тарзи ва ўзбек тилидаги тафаккур тарзи бир-биридан жиддий фарқ иқлади. Шундай сўзлар борки, уларни айнан таржима қилиб бўлмайди. Бир тилдан иккинчи тилга таржима қилганда иккала тилнинг ҳам тафаккур тарзини яхши биладиган мутахассисларга мурожаат қилган маъқул. Шунда сўз узоқ яшай олади.
Кўпинча зиёлилар даврасида газета тилини жуда расмий ва “қотиб қолган” тил дея таърифлашади. Бироқ кейинги пайтларда сўз эркинлиги боис бир-биридан самимий мулоҳазаларга бой, жонли ва гўзал ифодаларга тўла газета саҳифалари пайдо бўла бошлади. Бу қувонарли ҳол, албатта...
Баъзи бир хусусий радиотўлқинларни эшитганимда бошловчиларнинг тингловчига бўлган муомаласи ва саёз нутқини кузатиб жуда кўнглим оғрийди. Ахир она тилимиздаги мезонлар барчамиз учун баробар-ку!
Тўғридан–тўғри жонли эфир мулоқотларига борганимда кўплаб тингловчилар “трактор”, “велосипед”, “пароход” сўзларининг нега ўзбекчаси йўқ, дея савол беришади. 1920-30 йилларда жадид боболаримиз худди шу сўзларнинг таржимасини матбуотда эълон қилишган. Масалан, пароходни сув айғири, велосипедни жин арава, тракторни ўтомоч деб таржима қилишган. Сўзларни бу тарзда таржима қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки велосипедни “жинарава” деб айтиши ўша давр кишисининг тафаккур тарзи билан боғлиқ. Иккита ғилдиракнинг ўзидан ўзи юриб кетиши ғайритабиий туюлгани учун “жинарава” деб аташган. Бу сўзлар ўта жўн тушунчалардан келиб чиқиб таржима қилинган. Агар сўзларни бу тарзда таржима қиладиган бўлсак, яна ортга қайтган бўламиз. Шу боис кўр-кўрона ўзбекчалаштиришга эмас, бор ўзбек сўзларини ўз ўрнида қўллашга ҳаракат қилганимиз маъқул.
– Жорий йилнинг 7 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Реклама тўғрисида”ги Қонунни имзолаган эди ва ушбу қонун 8 сентябрдан кучга кирди. Унда мамлакат ҳудудида тарқатилаётган реклама, албатта, давлат тилида ҳам бўлиши белгиланган. Ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам реклама маҳсулотлари расман тарқатилаётганда давлат тилига аҳамият бериш талаб этилади. Мунозараларга сабабчи бўлаётган ушбу мавзу ҳақида фикрларингизни айтиб ўтсангиз.
– Агар реклама ўзбек тилида тарқатилмайдиган бўса, бу давлат тили ҳақидаги қонун ишламаяпти, дегани бўлади. Чунки реклама оммага қаратилган ахборот. Оммага қаратилган ахборот эса, албатта, давлат тилида бўлиши керак. Шу билан бирга реклама яна кўплаб мезонларга биноан тайёрланиши талаб этилади. Бир пайтлар Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло билан бир тадбирда гаплашиб турсак, яқинроқдаги симёғочга реклама қоғози осиб қўйилган экан. “Манави рекламани қаранг, Низомиддин, “Dove бу совун эмас”, деб ёзиб қўйишибди. Совун бўлмаса нма бу, ахир?”деди. Шунда мен, “Шукрулло ака, шундай деб ёзгани учун сиз эътибор қаратяпсиз! Бу реклама қилишнинг ўзига хос таъсирли йўли”, дея жавоб берганман.
Баъзи бир ҳолатларда русча ёки инглизча рекламаларни сўзма-сўз таржима қилиб беришади. Бундай рекламаларни оила даврасида тинглаб ёки ўқиганингизда жуда кулгили ва ачинарли ҳолатлар юзага келиб қолади.
Яна бир жиҳатлари борки, касалликларни даволаш борасидаги рекламаларни тарғиб қилишда миллий менталитетимиз мезонларини ҳисобга олишимиз зарурлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Яқинда илмий ходимларимиздан бири рекламада қўлланиладиган ундов оҳангидаги сўзлар борасида қизиқарли тадқиқот ишларини олиб борди. Айни мавзу тақдимоти кўплаб баҳсу мунозараларга сабаб бўлди. Бу жараён билан боғлиқ яна кўплаб мавзулар ўз тадқиқини кутиб турибди.
Қонунда реклама қайси тилда бўлишидан қатъий назар ўзбек тилига ҳам, албатта, ўгирилиши керак дея белгиланган. Пойтахтимиз кўчаларини кезганимизда бу қонунга баъзи мутасадди ходимларимиз ва тадбиркорларимиз ҳали тўла амал қилмаётганликларига гувоҳ бўламиз. Ўйлаймизки, она тилимиз шаъни билан боғлиқ янги қонунга юртдошларимиз янада эътиборлироқ бўладилар.
– Навоий ҳазратларининг, “Ул киши сўз баҳрида ғаввос эрур, ким гуҳари маъни анга хос эрур”, деган мисралари бор. Демак, илмга, гўзалликка, мутолаага ошно инсон сўз айтиш бобида қанчалар беназир эканлигини намоён эта олади. Бугунги кунда Навоий меросини ўрганишга бўлган интилишимиз ва қизиқишларимиз қувонарли ҳолдами?
– Алишер Навоийнинг яна бир мисралари бор: “Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин, билки гуҳари шарифроқ йўқ ондин”. Яна ҳазрат Навоий айтадиларки, “Ҳар ишки қилмиш одамизод, тафаккур бирла билмиш одамизот”. Ушбу мисраларда мутафаккир тил ва тафаккурнинг бир-бирига қандай боғлиқлигини жуда чиройли тарзда ифодалаб берган. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида қилинажак улкан ишлар ҳали олдинда...
Ўтган 2021 йилда Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Масалан, Алишер Навоий асарлари 5 жилдлик луғатининг 2 жилди нашр этилди. Учинчи жилди ҳозирги кунда институтимиз илмий ходимлари томонидан тайёрланмоқда. Айни пайтда Алишер Навоий асарлари энциклопедияси ҳам чоп этилиш арафасида. Навоий асарлари шарҳи ва альбомини ҳам юртдошларимизга тақдим этиш ниятимиз бор. Биз мутафаккир бобомизни тамомила ўзимизники қилиб олиш учун тинмай ҳаракат қилишимиз керак. Чунки бу чексиз уммонга кириб борганимиз сари тилимиз ва тафаккуримиз бойиб, юксалиб бораверади. “Муҳокамат ул луғатайн” асари бениҳоя гўзал асар бўлиб, европалик олимлар ушбу асарга ҳамиша катта ҳавас билан қарайди. Алишер Навоий ўша пайтлардаёқ тилшуносликдаги қиёсий таҳлил жараёнини кўрсатиб бера олган. Бу асарда ҳозирги тилимиз тараққиёт тамойилларини тасаввур қилиш борасидаги мулоҳазалар, қатъий ҳукмлар баён қилинган. Шу боис бу асарга туркий бадиият тарзини юксакликка олиб чиққан асар, дея таърифласак бўлади. Хорижий давлатлардаги олимларнинг аксарияти Навоий асарлари туфайли тилимизга қизиқиш билдирмоқда, десак адашмаган бўламиз.
– Кейинги саволим бевосита шу жараён билан боғлиқ. Ўтган йили венгриялик навоийшунос Бенедик Пери билан суҳбатлашганимизда эски ўзбек адабиётининг инглизча луғатини ўзбек тилшунослари билан ҳамкорликда тайёрлаш таклифини билдирган эди. Айни ҳамкорлик борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?
– Бенедик Пери Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги тантаналарида юртимизга келган эди. Адиблар хиёбонидаги учрашувда Алишер Навоий ғазалларини жуда чиройли ўқиди. Бу таклифини ўша кунлардаги мулоқотларимизда ҳам айтиб ўтган. Мазкур луғатни тайёрлаш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш арафасидамиз. Мутафаккир боболаримиз асарлари таржимаси жуда катта билим ва тажрибани, фасоҳат бобидаги зукколикни талаб қилади. Шу боис мазкур луғатни тайёрлайдиган ижодий гуруҳни шакллантиришга катта эътибор қаратилади.
Ўзбек адабиётидаги бадиий сўз султонларининг асарларини қанчалар кўп тарғиб эта олсак, она тилимизга қизиқувчилар сафи ҳам шунчалик кенгайиб боради. Ҳозирги кунда тилшунос олимларнинг эътироф этишича, хорижий давлатларнинг 70 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўзбек тили ўргатилмоқда. Шунингдек, хорижий мамлакатларда 70 га яқин “Ўзбек тили дўстлари” клублари ташкил қилинган. Бу ўзбек тилини ўрганиш, уни тарғиб қилиш ва Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида маълумотлар олиб туриш имкониятини беради. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2021 йилда “Юртдошлар” сайти ишга туширилди. Мазкур сайтга ўзбек тилидаги фильмлар, мультфильмлар ва қатор дастурлар жойлаштирилган.
Ўзбек тилини тарғиб этиш ва ҳимоя қилишдек бу эзгу жарёнда нафақат мутахассислар, балки ҳар биримиз жон куйдиришимиз ниҳоятда муҳимдир.
– Самимий мулоҳазаларингиз учун ташаккур. Саломат бўлинг.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди