Тили эркин улуснинг дили эркин

    Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллигини нишонлаяпмиз.

    Дунёда миллатни миллат сифатида ушлаб турган омиллар бор. Шулардан бири миллий қадриятларимиз, ота-боболаримиз қарашларини, миллатнинг маънавий қиёфасини белгилаб берадиган она тилимиздир. Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллигини нишонлаяпмиз.

    Ўтган йиллар мобайнида ўзбек тилининг қадри қанчалик мустаҳкамланди? Унинг истиқболини қандай кўрмоқдамиз?

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан ташкил этилган давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар учун республика семинарида шу каби саволларга жавоб берилди.

    Дарҳақиқат, бугун тил сиёсати умуммиллий ҳаракатга айланди, дея баралла айта оламиз. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги фармони билан тасдиқланган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди. Тадбирда айнан ушбу концепцияни сифатли амалга ошириш бўйича маслаҳатчилар олдида турган навбатдаги устувор вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

    Семинарда сўзга чиққанлар давлат тилини ривожлантириш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ўзбек тилининг ривожланиш тенденциялари, давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш ишларини сифатли ташкил қилиш масалалари юзасидан маърузалар қилди.

    Кейинги йилларда давлат тили борасида бир қатор ижобий ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, давлат тили бўйича маслаҳатчилар томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтган даврда 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи белгиланган тартибда давлат реестрига киритилди. Ҳудудлардаги 150 мингдан ортиқ ташқи ёзувларни давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирди. Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2020-2024 йилларда 58 номда 152 минг нусхадан ортиқ соҳавий луғатлар ва қўлланмалар чоп этилди.

    Бугунги давр билан ҳамнафас бўлиш учун давлат тилини рақамлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Масалан, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти – izohli.uz яратилди. Ўзбекча матнларни таҳрир қилиш ҳамда уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш, сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган tahrirlovchi.uz электрон дастури ишга туширилди.

    Семинар доирасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

    Ушбу танлов Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш, давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан 2020 йилдан буён ўтказиб келинади.

    Танлов икки йўналишда – давлат тили устуворлиги таъминланган “Энг намунали ҳудуд” (туман ва шаҳар ҳокимликлари) ҳамда “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” йўналишида ўтказилади.

    Тадбир доирасида мазкур танловнинг бу йилги ғолиблари муносиб тақдирланди. Қолаверса, унда фаол иштирок этган туман ҳокимликлари ҳамда республика идоралари вакилларига махсус совғалар топширилди.

    Яна бир муҳим жиҳат, ўзбек тилининг ривожи, унинг порлоқ истиқболи учун беминнат хизмат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Яъни ўзбек тилининг бойлиги ва гўзаллигини тараннум этган, уни кенг тарғиб қилишда, махсус китобларни тайёрлаш ва нашр этишда фаол қатнашаётган олимлар, ижодкорлар, журналистлар ва бошқа фаоллар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундан ташқари, ҳудудларда ўзбек тили ривожи учун муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ маслаҳатчилар эсдалик совғалари билан мукофотланди.

    Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates