“Юртимизнинг мевалари ширин, меваларидан ҳам шевалари ширин...” ёхуд қўл бармоқлари қаерда қандай аталади?

    Қалам юкини зиммасига олаётган ҳар бир ижодкор ўз тилининг тақдирини зиммасига олаётгандай масъулиятни ҳис этиши керак бўляпти. Битта сўз, биттагина ибора ҳимоясида ҳам мустаҳкам туришимиз зарур.

    “Ўйласам, изланишларимиз каби ғофиллигимиз-да поёнсиз экан. Сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, лекин сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди. Нега шундай деймиз, дея ўзимизга савол бермаймиз. Бу синоат тўла олам бамисоли олисдаги юлдузлардек ноаён қолаверади”, дея бежиз таъкидламаган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов.

    Она тилимиз синоатлари, мўъжизалари ва бугунги кундаги илмий тадқиқот ишлари ҳақида филология фанлари доктори, профессор Ёрқин ОДИЛОВ билан суҳбатлашар эканмиз, бироз бефарқлигимиз ва эътиборсизлигимиз боис ноаёнлашиб қолаётган баъзи ҳақиқатлар қошида изтиробга тушдик. Юзага чиқаётган, кашф этилаётган хазинамиз жавоҳирлари қувончидан эса кўнглимиз равшан тортди.

    — Сўз билан ишлаш жуда машаққатли, шу билан бирга, ўта масъулиятли иш. Лекин бунда шундай бир мароқ борки, ҳар қандай машаққатни тенгсиз завққа айлантиради. Қалин-қалин луғат китобларни варақлаганингизда, “Девону луғотит турк”нинг кўҳна сўзларидан илҳомланганингизда, устоз адибларнинг ноёб асарларини мутолаа қилганингизда қандай туйғуларни кўнгилдан ўтказасиз?

    — Таниқли шоир Эшқобил Шукур таъкидлаганидек, қўлида қалами бор ҳар бир ижодкор, ҳар бир зиёли она тили учун муҳаббат билан хизмат қилишни, ижодий курашишни ўз бурчи деб билиши керак. Бу бурч бугунги глобаллашув замонида Гиппократ қасамидай аҳамият касб этиб бораётгани рост. Қалам юкини зиммасига олаётган ҳар бир ижодкор ўз тилининг тақдирини зиммасига олаётгандай масъулиятни ҳис этиши керак бўляпти. Битта сўз, биттагина ибора ҳимоясида ҳам мустаҳкам туришимиз зарур.

    Айни пайтда юртимизда давлат тилининг ижтимоий аҳамиятини ошириш, уни доимий ривожлантириб бориш, ўзбек тилидан ҳам она тили, ҳам давлат тили сифатида фойдаланиш доирасини кенгайтиришдек муаммолар кундан кун долзарблашмоқда. Ушбу лисоний долзарбликларни қондиришда миллий луғатчилигимизнинг ривожи муҳим. Луғатчилик тилшуносликнинг амалий аҳамиятли катта тармоғи сифатида ўзида муайян миллатнинг муайян даврдаги маданиятини бор бўй-басти билан жам қилади. Ўзбек тилшунослигининг 30 йилдан ортиқ тараққиёт даврида миллий лексикографиямиз ҳам сон ва сифат жиҳатидан баркамоллашди. Бунинг дастлабки натижаси сифатида Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2022 йилда ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида 6 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тузилиши ва нашр этилиши катта воқеа бўлди. Унда 5 жилдли изоҳли луғат материалларидан фойдаланилган бўлса-да, у шу луғатнинг шунчаки тўлдирилган ёки қандайдир ўзгартиришлар киритилган нашри эмас, балки лексикография ютуқларини ҳисобга олиб тузилган янги луғатдир.

    Унда ўзбек тили лексикасида сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлар, маъновий силжишлар эътиборга олинган. Давр мафкураси сабаб сўзларга, уларнинг маъноларига сунъий сингдирилган таъсирлар олиб ташланган ҳамда ҳақиқий изоҳини олган. Луғат муаллифлари тўғри қайд этганидек, аввалги нашрда “эскирган”, “диний” каби белгилар остида берилган ёки умуман берилмаган тарихий, этнографик, диний терминларга шу сўзларнинг семантикасидан келиб чиқиб ёндашилган, мустақиллик шарофати билан қайта фаоллашган сўзлар жалб қилинган. Хуллас, мазкур лексикографик иш “ҳозирги ўзбек адабий тилининг сўз бойлигини тўплаш ва тавсифлаш билан бирга, унинг меъёрларини белгилаш ва барқарорлаштириш”дек вазифаларни бажарган.

    Имло нафақат тўғри ёзиш қонун-қоидаларини белгилайди, балки миллатни, халқни бирлаштиришдек ижтимоий-сиёсий вазифани ҳам бажаради. Энг дастлабки имло луғатлари сўзлари чеклангани нашр-матбаа ишларида, таълимнинг юқори босқичларида қатор муаммоларни, масалан, зикр этилган луғатларга кирмаган ва ўзбек тилига кейинроқ кириб келган сўзларнинг қандай ёзилишига оид иккиланишларни, имло қоидаларида очилмай қолган қоидалар билан боғлиқ зўриқишларни келтириб чиқарди...

    – Саводхонлик масаласини ошириш ва имло борасидаги ишларни мунтазам такомиллаштириб бориш мақсадида ҳукуматнинг бир неча ҳужжатида ўзбек тилининг товушлар тизими ва уни ҳисобга олган ҳолда нутқ товушлари ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамда илмий асосланган таклифларни тайёрлаш, ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланган. Истиқлол йилларида шу мақсадга йўналтирилган имло луғатлари Ш.Раҳматуллаев, А.Ҳожиев, Т.Тоғаев томонидан тузилди. Улар лотин ёзувини ўрганишда, ёшидан қатъи назар, барчанинг имло саводхонлигини оширишда муҳим роль ўйнади. Аммо, таъкидлаганингиздек, улар сўзлигининг чеклангани турли муаммоларни келтириб чиқарди.

    Ана шундай амалий эҳтиёжларни қондириш маққсадида жорий йилда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида луғатчилигимиздаги энг катта имло луғати (90 000 га яқин сўз ва сўз шакли) тузилиб, лотин ёзувида нашр этилди. Ушбу луғат ўзбек тилининг ҳозирда мавжуд имло луғатларидан имлоси қийин ва мунозарали бўлган, ҳозирга қадар имло луғатларига киритилмай келаётган сўзларни ҳам қамраб олгани, нашр этилган ва этилаётган бошқа тип луғатлар (изоҳли, энциклопедик, терминологик ва б.)нинг ижобий имловий тажрибаларини ҳисобга олгани билан эътиборга моликдир. Шунингдек, мазкур луғат кейинги ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида ўзбек тили имлоси амалиётида юз берган, кўпчилик томонидан маъқул деб топилаётган ижобий имловий ўзгаришларга эътибор бергани, мустақиллик даврида ўзбек тилига кириб келган янги сўз ва терминлар ёзилиш шаклининг илмий-имловий баҳоланган ҳолда киритилгани билан фарқланади. Айни имло луғатидаги яна бир муҳим жиҳат шуки, рус тили орқали кириб келган ва таркибида ё, ю, я ҳарфлари бўлган русча ва байналмилал сўзларни янги имлода барча ўринларда бир хил, яъни yo, yu, ya ҳарфлари билан ёзишни кўзда тутган ва шу орқали бундай сўзларни ёзишдаги ҳар хиллик бартараф этилган.

    Этимология тилшуносликнинг энг мураккаб, энг диққатталаб соҳаси экани филолог-мутахассисларга сир эмас. Этимология сўзининг луғавий маъноси ҳам сўзнинг “чин, асл моҳият”ини ўрганишдир. Шу ўринда туркий тилларнинг умумий лексик фондига оид этимологик луғатларнинг яратилиш тарихига бир назар ташлаб ўтсак...

    — Туркий тилларнинг умумий луғат фондига оид замонавий этимологик луғат ўтган асрнинг 70-йилларида туркологлар томонидан тузилган. Ш.Раҳматуллаевнинг ўзбек луғатчилигида дастлабки тажриба сифатида тузилган уч жилдли “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да тилимизнинг турли даврларига оид туркий, форсий ва арабий сўзларнинг келиб чиқиш тарихи изоҳланган. Ш.Раҳматуллаев ва ҳаммуаллифларнинг дастлабки этимологик кузатишлари бундан аввалроқ, яъни 1997-1999 йилларда “Ўзбек тилининг қисқа этимологик луғати” номи билан 4 китобча шаклида чоп қилинган эди. Муаллифнинг самимий қайдича, шу тўрт китобни яхлит ҳолатга келтириш мобайнида манбалар синчиклаб ўрганилган, қисқача этимологик луғатда йўл қўйилган хатолар бартараф қилинган, умуман, луғат мақолалари қайта ишланган ва уч китоб ҳолига келтирилган. Мазкур тадқиқот этимологик талқинларнинг оммабоп йўсинда берилгани, кенг китобхонлар аудиториясига мўлжаллангани билан ажралиб туради ва келгусида яратиладиган этимологик луғатларга муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

    Мустақиллик даврида аҳамияти жиҳатидан этимологик луғатларга яқин турадиган алоҳида ижодкор асарлари тилига бағишланган луғатлар тузиш давом эттирилди. Ҳозиргача Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий ва бошқа мумтоз шоирларнинг асарлари тилига бағишланган луғатлар мавжуд. Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Бердақ Юсуфов томонидан тузилган ва дастлабки икки жилди чоп қилинган “Навоий тили луғати” муалифнинг узоқ йиллик илмий изланишлари натижаси бўлиб, у бунгача ҳам мактаб адабиёт дарсларида ўрганиладиган мумтоз асарлар тилига бағишланган “Мумтоз адабий асарлар луғати”ни (Тошкент, 2010) тузган эди. “Навоий тили луғати” аввалги Навоий асарлари луғатларидан сўзлигининг кўплиги, лексикографик изоҳларининг аниқлиги, эски ўзбек алифбосидаги сўз шакли ва транскрипцияси берилгани билан фарқланади. “Навоий тили луғати” тўла нашр этилганидан сўнг ундан нафақат Навоий ижоди, балки эски ўзбек тилида ижод қилган бошқа ижодкорлар асарлари тилини ўрганишда ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

    Бу даврда Бобур ижодини ўрганишга, шоир асарларининг луғатини тузишга астойдил киришилди. Чунки Бобур сермазмун, айни пайтда мураккаб ҳаёти ва фаолиятида беқиёс тарихий ва ижодий мерос қолдирган шахсдир. Фатҳиддин Исҳоқовнинг “Бобурнома” учун қисқача луғат”и (Андижон, 2008), муаллифлар жамоасининг “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” (Тошкент, 2014) аллома шахсияти ва ижодиётини англаш йўлидаги энг яхши юмушлардандир.

    — Ўзбекистон Президенти 2021 йилдаги сайловолди учрашувлари доирасида Наманган вилояти аҳли билан мулоқотида “Наманганнинг мевалари ширин, меваларидан ҳам шевалари ширин”, дея такаллуф қилган эди. Чиндан ҳам, юртимиз шеваларининг кўнглимизга бахш этадиган завқи ва маънавий тоти ўзгача ширин... Бу сўзларнинг моҳиятига назар ташласак, ўтмишдаги аждодларимиз нафасидан бир улги олгандек бўламиз. Шундай эмасми?...

    — Жуда тўғри айтасиз. Миллий тилимизнинг бой имкониятларини сақлаб қолиш учун шева сўзларини доимий йиғиш, ўрганиш, тил сезгисини тарбиялаш учун улардан юртдошларимизни хабардор қилиб бориш тақозо этилади. Фарғоналиклар пақир атайдиган буюмни тошкентликлар челак, бошқа қипчоқ шевалари вакиллари сатил дейди, аммо адабий тилга Тошкент шевасидагиси олинган. Ёки тошкентликлар калавот дейдиган нарсага фарғоналиклар сўри деб от қўйган ва бу адабий меъёр бўлган.

    Ўзбек тили уч лаҳжадан куч олиб ривожланадиган тил сифатида бой ифода имкониятларига эга. Табиийки, мазкур лаҳжа ва шевалардаги сўзларни тўплаш билан бой луғавий захира жамланади, эрта-индин унутилиши мумкин бўлган сўзларни китобларда сақлаб қолишга эришилади. Ўз навбатида, шевалар фонди этимологик луғатлар учун ҳам муҳим манба ҳисобланади, этимологик луғатларнинг мукаммалашувини таъминлайди. Чунки тил тарихига оид фактлар давр ўтиши билан адабий лексикадан ўчса ҳам шева сўзларида сақланади. Мустақиллик йилларида алоҳида диссертацияларга шевалар сўзликлари илова қилиниши алоҳида ҳодиса бўлди ва бунинг натижасида салмоқли миқдордаги сўзлар йиғилди. Тўра Нафасовнинг “Қашқадарё ўзбек халқ сўзлари” (Тошкент, 2011), Босим Тўйчибоев ва Қозоқбой Қашқирлининг “Зоминнинг тил қомуси” луғатларида ҳам қамров объектига оид катта материал қамраб олинган. Ёки Маъруфжон Йўлдошевнинг “Бувайда шевасидан ихчам луғат”и бувайдаликларнинг луғавий захираси ҳақидагина эмас, балки оламни кўриш тарзидан ҳам ҳикоя қилади. Бу луғатларда адабий тилда муқобили бўлмаган сўзлар ўзига хос орфоэпик либосда намоён бўлган, уларни ўқиб, устоз тилшуносларимиз таъкидлаганидек, халқимиз шунчаки гапирганда ҳам қанчалик образли гапиришига қойил қоласиз. Келгусида эса айни манбалар асосида бир неча жилдли ўзбек шевалари луғати тузилиши зарур.

    Яқинда зиёлилар даврасида шевалар борасида ажойиб баҳс-мунозара юзага келди. Мазкур мунозара сабаб бўлиб, инсон қўлидаги бармоқларнинг шеваларда қандай аталишини ўрганиб чиқдим. Аксар шеваларда бошмалдоқ, кўрсаткич бармоқ, ўрта қўл, номсиз бармоқ, жимжилоқ сўзлари қўлланади. Адабий тилга ҳам шу сўзлар олинган. Халқ қўл бармоқларига ном беришда уларнинг шакли, хусусияти, вазифасини ҳисобга олган. Масалан, бош бармоқ дейилишининг асосий омили биринчи бармоқ экани, бармоқларнинг бошида келишидир. Бирор шахс, нарса-буюм, ўрин-жойни кўрсатишга хизмат қилгани, умуман, нимагадир ишора қилгани учун кўрсаткич бармоқ аталган. Панжанинг ўртасида ўрнашгани сабабли ўрта қўл, ўрта бармоқ деб номланган. Тўртинчи бармоқнинг нофаоллиги, асосан, бошқа бармоқлар билангина вазифа бажаргани учун бўлса керак, отсиз қолган. Қизиғи шундаки, исмсизлиги ўзига ном ўлароқ тақилган. Ҳа, тўғри илғадингиз, бу номсиз бармоқ ёки отсиз бармоқ. Сўнгги бармоқнинг жимжилоқ, синчалоқ дейилишига кичиклиги боис бўлган.

    Халқимиз бу билан чегараланиб қолмаган. Қўл бармоқларининг катта-кичиклиги, бажарадиган вазифаси ҳамда хусусиятидан келиб чиқиб, адабий тилдагидан фарқли номларни қўйган. Бу номлар орқали айни аъзоларга муносабатини билдирган. Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида кишилар энг камида биттасига, бўлмаса, икки-учтасига ўзича от қўйган, бу номлар ҳақида қўшиқлар тўқиган. Тўра Сулаймон бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: “Томларни қор босиб, эрув бошлангандан сўнг томнинг бўғот-зийларида беш панжа шаклида пайдо бўладиган музларни чумак дейдилар. Бу ҳақда болалар қўшиғи ҳам бор:

    Бош бармоқ,

    Кўрса керак (кўрсаткич бармоқ),

    Ўрта терак,

    Болали буйрак (суқ, узук тақадиган бармоқ),

    Чулдур чумак (чинчалоқ).

    Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги қишлоқларда катта ёшли кишилар болаларга бармоқлар номини қофияли қилиб ўргатганини эслайман: бошмалдоқ, барабалдоқ, ўрта қўл, чулдур чумак, чиначоқ...

    — Мен ҳам худди шу туман қишлоқларидаги шеваларга эътибор қаратдим. Диққат қилинса, уч бармоқнинг номи адабий тилдагидан фарқли: барабалдоқ– кўрсаткич бармоқ, чулдур-чумак – номсиз бармоқ, чиначоқ – жимжилоқ.

    Қорақалпоғистондаги қўнғирот уруғлари ҳам қўл бармоқларини шунга ўхшаш аташади: бас бармақ – бош бармоқ, балан уйрек – кўрсаткич бармоқ, ортан терек – ўрта бармоқ, шулдир шумек – номсиз бармоқ, кишкене бөбек – жимжилоқ. Кўринадики, уларнинг халқ тилида номланиши ўхшаш. Чиначоқ, чийчанақ, кишкене бөбек аталишида ҳам жимжилоқнинг кичкиналиги ҳисобга олинган. Кишкене бөбек – кичкина чақалоқ демак.

    Қозоқ бовурларимиз ҳам қўнғиротлардек атайдилар: баcбармақ – бош бармоқ, балаң үйрек – ёш ўрдак, ортаң терек – ўрта терак, шилдир шүмек – шилдироқ (болалар ўйинчоғи), титтәй бөбек – кичкина чақалоқ.

    Бухоронинг айрим туманларида бош бармоқ, бодом бармоқ, ўрта терак, ҳожи малак, жимжималоқ деб аташ учрайди. Бунда бармоқларнинг бошланғичи экани сабабли бош бармоқ дейилган, кўрсаткич бармоқнинг учи бодом учига ўхшагани сабабли бодом бармоқ, барчасидан узунлиги учун ўрта терак аталган (яхши ўхшатиш, айниқса, терак дейиш билан узунлиги аниқлашган), бошқа бармоқларга қараганда кам ишлагани учун бўлса керак, ҳожи малак деб эркаланган, кичиклигини бўрттириш учунми, жимжилоқ дейиш билан чекланмай, жимжималоқ аталган.

    Бугунги айрим ўзбек шеваларида бармоқларнинг яна бошқа номлари бор. Масалан, Самарқанднинг Жўш аҳоли пунктида ўрта бармоқ вортан терак дейилади. Бу қўнғирот уруғларидаги ортан терак деб номланишига яқин. Ўзбек адабий тили тарихида кўрсаткич бармоқ шаҳодат бармоқ аталган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам шаҳодат бармоқ сўзи қайд қилинган ва қуйидаги далилловчи мисоллар берилган: Феруза пишиллаб унга шаҳодат бармоғини ўқталди. (Саъдулла Сиёев, “Ёруғлик”) Бердибой шаҳодат бармоғини бигиз қилиб юқорига кўтарди (Зулфия Қуролбой қизи, “Қадимий қўшиқ”).

    Адабий тилда номсиз бармоқ дейиладиган бармоқни мингбулоқликлар жонсиз бармоқ дейди. Жонсиз бармоқ дейилишининг боиси шуки, бу бармоқнинг якка ўзини бошқа бармоқлар сингари эркин ишлатиш қийинроқ, ҳаракати чегараланган. Андижонликлар уни ўзгармас бармоқ деб ўрганган. Янгиариқликлар адабий тилга яқинроқ қилиб отсиз бармоқ деб қўя қоладилар. Бу бармоққа узук тақилгани сабабли узук бармоқ ҳам дейилади.

    Қадимги мисрликлар бу бармоқда юрак билан тўғридан тўғри алоқа бор, бу бармоқдан юракка томон севги томири ўтган деб ҳисоблагани сабабли никоҳ узугини номсиз бармоққа тақиш одат бўлган. Бора-бора урфга кирган. Бу одатни ёзувчи Нусрат Раҳмат “Номаълум одам ҳикояси”да бундай тасвир этган: “ЗАГС пайти узук тақай десам, келиннинг бармоғи йўқ. Жоним чиқиб кетди − узукни ерга отиб ташлаб, бу ёққа йўл олганман. Кейин билсам, қиз бир пайтлар босмахонада ишлаган ва чимчалоғи билан номсиз бармоғини қоғоз кесадиган аппарат олиб кетган экан”.

    Қипчоқ шеваларида жимжилоқнинг бўбак, Намангандаги айрим шеваларда иликча, Бухорода лилича, Фарғонада чийчанақ, Жиззахда чинақай, бошқа шеваларда синчалоқ, чимчилоқ деган номлари бор.

    Бармоқлар номи халқ тилида кенг тарқалгани учун бадиий асарларга ҳам кўчган: “Онам ҳам ёлғондакам кулади: – Укангди биласан-ку?.. Шунинг борига шукр. Урпоқдан бўлган эди. Туғилди-ю, бошмалдоғини эма кетди. Тавба... Момонг раҳматли синдирибгина қўйди. Ана, икки чиначоғиям қийшиқ питиб қолган” (Шукур Холмирзаев, “Ёзувчи”). “Бирданига тилла узукни ўзи кўзи олдига олиб борди, у ёқ-бу ёғини айлантириб, хўп қарагандан кейин секингина қўл узатиб уни Умринисабибининг синчалағига киргизиб қўйди”. (Чўлпон, “Кеча ва кундуз”)

    — Бизга тақдим этган янги топилмаларингиз ва кузатувларингиз учун раҳмат. Тилимиз синоатларини кашф этишдаги изланишларингиз давомли ва янада самарали бўлишини тилаймиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди