АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Вашингтон ҳудудни ўз назоратига олиши кераклигини айтганидан кейин Дания ҳукумати Гренландия мудофааси учун қўшимча маблағ ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Британиянинг BBC радиоэшиттириш корпорацияси Дания мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсенга таяниб хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Гренландия мудофааси учун ажратиладиган маблағ “икки рақами бор миллиардлаб миқдор”ни ташкил этади. Вазир аниқ миқдорни айтмади, аммо маҳаллий ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, бу “тахминан 12-15 миллиард крон” (тахминан 1,7-2 миллиард доллар) бўлади. Бу пул эвазига Дания иккита янги кема ва шунча узоқ масофага учувчи дронларни сотиб олиши мумкин бўлади, дея қўшимча қилди Поульсен.
Бундан ташқари, Дания орол пойтахти Нуукдаги Арктика қўмондонлиги шахсий таркиби сонини кўпайтириш ниятида. Қироллик шунингдек, F-35 товушдан тез учувчи қирувчи самолётларига хизмат кўрсатиш учун Гренландиянинг учта асосий фуқаролик аэропортларидан бирини янгилайди, деб хабар беради tass.ru.
“Биз кўп йиллар давомида Арктикага етарлича сармоя киритмадик, энди биз ҳозирлигимизни кучайтиришни режалаштирмоқдамиз”, деди Поульсен.
Декабрь бошида Трамп АҚШга Гренландияга “эгалик қилиш ва уни назорат қилиш” мутлақо зарур эканлигини айтганди. Америкалик сиёсатчининг сўзларига жавобан Гренландия бош вазири Мюте Эгеде орол “сотилмайди ва ҳеч қачон сотилмайди” деди.