Норин-Фарғона ирригация тизимидаги Катта Андижон канали қирғоғида ўсиб турган 1213 туп дарахт жорий йилнинг январь-февраль ойларида “Бағдодмахсуссувпудрат” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан қасддан кесиб ташланган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона вилояти ҳудудида олиб борилган ўрганишда маълум бўлган ушбу ҳолатда ўсимлик дунёсига 4,6 млрд. сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ички ишлар органи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура томонидан мазкур жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.