Шу боис, маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр учрашув ва қабуллар вақтида Мурожаатномада таъкидланган суд-ҳуқуқ соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ўзгаришлар ҳақида фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар беряпмиз. Уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтаряпмиз.
Одамлар бераётган саволларни жамлаб, умумлаштирганимизда уларнинг аксарияти Мурожаатномада дастлабки эшитув институтининг жорий қилиниши ҳақида сўз боргани юзасидан бўляпти.
Очиғини тан олиш керак, дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши инсон манфаатларини,ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоясини мисли кўрилмаган даражада мустаҳкамлаши турган гап. Негаки, айни пайтда бу босқичда тарафлар иштироки чеклангани сабабли мазкур жараёнда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни, айтайлик, ишни тугатиш ёки тўхтатишни судьянинг ўзи якка ҳолда ҳал этишга мажбур.
Бу эса судьянинг чекланган маълумот билан кифояланишига, оқибатда эса бундай масалалар ҳал этилмасдан қолаётганди Шунинг учун асосий босқич – умумий суд мажлисига барча иштирокчилар чақирилиб, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келаётганди.
Дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг дастлабки эшитувларда иштирок эта олишини таъминлайди. Натижада судларда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари ва кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг баҳслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқаришга, жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципига сўзсиз риоя қилинишига, суд муҳокамаси давомида мақбул далиллардан фойдаланиш учун имкон яратишга хизмат қилади.
Айни жиҳат суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиниши баробарида одамларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириб бориши шубҳасиз.
Дилшод КАМИЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг раиси