Дўконингизнинг номини тушунтириб беринг

    Дўконлар номи нега ажнабий тилларда ёзилган?

    Ишга келаётганимда ва қайтаётганимда йўллар четидаги ёзувларни ўқиб, кузатиб кетаман ва ҳайрон қоламан. Кўплаб дўконларнинг номлари ажнабий тилларда ёзилган. Соф ўзбек тилида ёзилганлари жуда кам. Баъзан “Pink island”, “Max. Fardan”, “Gourmet”, “Swiss bakery”, “Parguet collection”, “Socials” каби матнларга кўзим тушганда ўзи Ўзбекистондаманми, Тошкентдаманми, деб ўйланиб қоламан. Ростдан ҳам, юқоридаги ёзувлар нимани англатади?

    Шу саволга жавоб топиш мақсадида интернетга кириб, қидириб кўрдим. “Pink island” аёллар либослари сотиладиган дўконлар тармоғи экан. Пойтахтимизда шу номдаги бир неча дўкон фаолият кўрсатаркан. Дўконлар олдига борсангиз, номи кўрсатилган жойда ўзбекча ёзув йўқ. Ҳеч бўлмаса, аёллар кийим-кечаклари сотиладиган дўкон, деган белгини ҳам учратмайсиз.

    “Max. Fardan” ҳам худди шундай дўконлар тармоғи бўлиб, уларда эркаклар кийим-кечаги сотиларкан. Албатта, хорижнинг сифатли кийим дўконлари мамлакатимизга кириб келиши яхши, лекин дўкон номининг ёнида ўзбекча такрори ёки изоҳи ҳам бўлса, кўпроқ харидор кирарди, назаримда.

    “Socials” кафе ва ресторанлар тармоғи экан. Менимча, socials дегани “ижтимоий” маъносини англатади. Бундан билиш мумкинки, бу ижтимоий, яъни арзонроқ кафе ва ресторанлар тармоғи. Албатта, бундай овқатланиш шохобчалари бўлиши яхши. Тармоқнинг айрим кафеларида таоамларнинг нархи 10 минг сўмдан 50 минг сўмгача эканини интернетдаги рекламалардан билдим. Аммо кафелар олдида унинг ижтимоий, яъни арзонроқ эканини кўрсатадиган ёзув ёки белгини кўрмадим.

    Яна бир гап. “Всё для дома”, “Шторы”, “Обувь”, “Хозтовары”, “Электротовары” деб номланган, шу соҳаларга ихтисослаштирилган дўконларни ҳар қадамда учратамиз. Аслида аввал ўзбекча матн, кейин унинг бошқа тилдаги таржимаси ёзилиши керак эмасми? Кўп жойларда, ҳеч бўлмаса, дўкон номининг давлат тилидаги таржимаси йўқ. Гўё шундай бўлиши керакдек. Энг ачинарлиси, ушбу дўкон эгаларининг 90 фоизи миллатдошларимиз. Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога, дегани шу бўлса керак-да.

    Қўйлиққа Фарғона йўли кўчаси бўйлаб кетаверишингизда янги массив қуриляпти. Номи “Alfraganus”. Нега “Ал-Фарғоний” эмас? Наҳотки, “Alfraganus” “Ал-Фарғоний”дан жаранглироқ бўлса. Яна бир жойда Доғистон ошхонаси бор. Бинонинг тепасига “Papakha” Дагестанская кухня” деб ёзиб қўйилган. Майли, “Papakha” Доғистонга хос бирор нарсанинг номидир. Лекин нега тагидаги ёзув “Доғистон таомлари” ёки “Доғистон ошхонаси” эмас. Ошхонани доғистонлик тадбиркор очган бўлиши мумкин. Бироқ асосий хўрандалар ўзбеклар-ку. Бундан ташқари, ошхона очилган манзил Ўзбекистон пойтахти Тошкентда-ку!

    Юртимизда автомобиллар кўпайгандан сўнг кетма-кет уларни ювадиган шохобчалар ҳам очила бошлади. Лекин камдан-кам жойда “Автомобилларни ювиш шохобчаси” деган ёзувни учратасиз. Аввал “Автомойка” эди, ҳозир “Car wash”. Айримларида “Car wash” – “Экспресс мойка”. Лекин ўзбекчаси йўқ.

    Нима учун шундай? Нега хорижий ёзувлар ёнида ўзбекчаси ёзилмаяпти? Мен бу хусусда бир дўстимга айтган эдим, у фикримга қўшилмади, ҳатто эътироз билдирди:

    “Бугун Ўзбекистон дунё учун очиқ. Жаҳоннинг исталган мамлакатидаги тадбиркор келиб, пул тикиб, бизнес билан шуғулланиши мумкин. Ҳозирги глобализация жараёнида тадбиркор эркин бўлиши керак. У қайси тилни хоҳласа, шу тилда эълон берсин. Дўкони тепасига ҳам ўзи истаган номни ёзиб қўйсин. Ахир у сармоя киритяпти, иш ўрни яратяпти. Бундан ташқари, Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз кўчаларидаги сиз айтаётган ёзувлар катта фирмаларнинг бренди ҳам бўлиши мумкин. Уларни ўзгартириш шарт эмас, ҳамма билади, тушунади.

    Сизга бир мисол келтираман. АҚШ шаҳарларида, хусусан, Нью-Йоркнинг хитой кварталида хитойча, рус кварталида русча, испан кварталида испанча ёзув ва эълонлар бор. Бу кварталларда инглиз тилида кўрсатилган жой ёки фирма номини деярли учратмайсиз. Лекин америкаликлар бунга эътироз билдирмайди. Нега инглизча эмас, деймайди. Рекламани ҳам, жойлар, фирмалар, дўконлар номларини ҳам қандай бўлса, шундай қабул қилади”, – деди у.

    Албатта, унинг гапи ҳам қайсидир маънода тўғри. Юқорида таъкидлаганимиздек, кўчаларимиздаги оддий фуқаролар тушунмайдиган ёзувларнинг айримлари, ҳақиқатан ҳам, йирик фирмаларнинг бренди экан. Лекин шу ўринда яна бир нарсани унутмаслигимиз керак. Улар йирик фирмаларнинг бренди эканини ҳамма ҳам билавермайди-ку. Масалан, мен шу масалага қизиққанимдан сўнг интернетдан билдим булар дўконлар тармоқлари номи эканини.

    Нью-Йоркдаги мисолга келадиган бўлсак, ўша катта шаҳарнинг хитой кварталида асосан хитойлар, рус кварталида асосан русий забон одамлар, испан кварталида кўпроқ испан тилида гаплашувчи аҳоли яшайди. Шунинг учун эълонлар, рекламалар, корхона ва дўконлар номи ўша тилларда. Бошқача айтганда, асосий истеъмолчи ўша ёзув ёзилган миллат вакиллари. Агар ўша кварталларда бошқа миллат вакиллари яшаса, истайсизми, йўқми, рекламалар бошқа тилда бўларди. Уларни Тошкентдаги ёзувлар билан солиштириш унчалик тўғри эмас.

    Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида асосий истеъмолчи ким? Ўзбеклар. Уларнинг жуда кўпчилиги бу ёзувларнинг мазмунини тушунмайди. Айримлари бу ёзувларни ўқий олмайди ҳам. Умуман, аҳолининг асосий қисми ўзбеклар бўлган ҳудудда бундай ажнабий тиллардаги ёзувларнинг борлигини, лекин ёнида ёки тагида, ҳеч бўлмаса, таржимаси йўқлигини ижобий ҳолат деб ҳисоблаш мумкинми?

    Шу ўринда бир мисол келтириб ўтсам. Бугун Дубай шаҳри дунё бизнес марказларидан бирига айланган. Жаҳондаги энг йирик компаниялар, корхоналар ва фирмалар шу шаҳарда филиалларига, ўз савдо уйларига эга. Лекин ҳар бир компания, корхона ва фирмалар жойлашган бинодаги ўша ташкилотларнинг инглизча номи ёнида унинг арабча таржимаси ҳам бор. Ваҳоланки, шаҳарда деярли барча аҳоли инглиз тилида бемалол гаплашади. Статистик маълумотларга қараганда, шаҳар аҳолисининг салкам 90 фоизи инглиз тилида гаплашувчи хориждан келган муҳожирлардир. Демоқчиманки, ўша номларнинг арабча таржимаси бўлмаса ҳам дубайликлар учун тушунарли, лекин улар ўз тилларини севишади, ҳурмат қилишади, инглиз тилидан кам эмас, деб билишади.

    Бундан уч-тўрт йил бурун АҚШнинг Калифорния штатида яшайдиган бир танишим меҳмонга келди. У анча йиллардан буён океан ортида яшайди. Тошкентни айланиб юрганимизда, Ойбек метроси бекати яқинидаги бир бино эшигидаги ёзувни кўриб, кулиб юборди. Кейин мендан сўради: “Анови эшик устидаги ёзувнинг таржимасини биласизми?”. Қарасам, инглизча ёзув. “Йўқ” дедим. “Пойабзал устахонаси экан. Тепасига инглизчалаб пойабзал устахонаси деб ёзиб қўйибди. Тошкентда инглиз тилини биладиганлар шунчалик кўпайиб кетганми?” дея яна кулди меҳмон.

    Тўғриси, шу кўчадан тез-тез ўтиб турсам-да, бу бино эшигидаги лавҳага эътибор бермаган эканман. Ҳақиқатан ҳам, қизиқ. Ишончим комил, устахонанинг эгаси инглиз эмас. У инглиз бўлганида, ҳеч қачон бу лавҳани кўпчилик тушунмайдиган тилда ёзиб қўймасди. Балки инглиз тилига қаттиқ қизиқадиган инсондир. Аслида уста учун устахонанинг тепасидаги ёзув эмас, кўпроқ мижоз келиши муҳим. Бунинг учун эса бу қандай жой эканини одамлар билиши керак, яъни ёзув ўзбек тилида бўлиши шарт. Эшик тепасига “Пойабзал таъмирлайдиган устахона”, деб ёзиб қўйилса, мижоз кўп келади. Шундай эмасми?

    Умуман, кейинги пайтларда фирмалар, корхоналар, дўконлар номини танлашда қандайдир тушунарсиз, ажнабий сўз ва иборалардан фойдаланиш модага айлангандек, авж олгандек. Соф ўзбекча номлар жуда кам. Интернетга кириб, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари номига назар солдим ва бир нечтасини ёзиб олдим. Мана улар: “Al sage pharm” МЧЖ, “Aluminium systems ip” МЧЖ, “Aqua polymer team” МЧЖ, “Pit stop motors” МЧЖ, “Chistiy dom lyuks” МЧЖ, “Comfort sleep” оилавий корхонаси, “East line telekom” МЧЖ, “Eco-han project” хусусий корхонаси, “Elastikum” МЧЖ, “Fire security systems” МЧЖ, “Sewing machines trading” МЧЖ.

    Бу номлар балки яхши мазмунга эгадир. Бундан ташқари, корхонасини қандай номлаш тарбиркорнинг ихтиёридаги иш. Албатта, хорижда рўйхатдан ўтган фирмалар номига бир нарса демаймиз Лекин ўзимизда рўйхатдан ўтганларининг номини сал ўзбекчалаштирсак яхши бўлармиди...

    Юқорида тилга олганимиз – дўконлар номи ажнабий тилларда ёзилганини қўя турайлик. Кейинги пайтда дўконлар, фирмалар номини, турли лавҳаларни, рекламаларни имловий хатолар билан ёзиш оммавий тус олиб кетган. Энг ачинарлиси, бу хатоларга барчамиз бепарвомиз. Умуман, бундай нуқсонларни ким назорат қилиши керак?

    Бир пайтлар шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тил, атамалар билан шуғулланадиган бўлимми, шўъбами бор эди. Бугун ҳам ўша ташкилот фаолият кўрсатяптими? Агар фаолият кўрсатаётган бўлса, нега жим? Ахир гап тилимиз, давлат тили ҳақида кетяпти. Биз бугунгидек бепарво юраверсак, яқин йилларда шаҳар ва қишлоқларимиз кўчаларида бирорта ҳам ўзбекча ёзув қолмайди. Давлатимиз раҳбари БМТ минбарида ўзбек тилида гапириб турган пайтда юртимизда тилимизга бўлган эътиборсизлигимиз қимматга тушиши мумкин.

    Мамлакатимизда тилимизни ҳимоя қиладиган қонуний асос бор. “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, мамлакатимиз ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин.

    Шунингдек, рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги маъносини бузмаслиги, ташқи реклама объектидаги реклама таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал тарзда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги, таржима матнининг шрифт ўлчами давлат тилидаги реклама матни шрифтидан кичик бўлиши керак.

    “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги ёзиб қўйилган. Амалда эса...

    Аслида юқорида биз тилга олган нуқсонлар фақат пойтахтимизгагина хос эмас. Мамлакатимизнинг барча катта-кичик шаҳарларида дуч келасиз бундай ҳолатга. Лекин бу ишга масъуллар жим. Мен сенга тегмайман, сен менга тегма, деган кайфиятда ишлаяпти. Нима, шуни ҳам албатта Президент эслатиши керакми? Жамоатчилик нега жим? Нега масъулларни уйғотмаймиз, улардан бу нуқсонларни тузатишни талаб қилмаймиз?

    Мен хориж тилига қарши эмасман, қани энди ёшларимизнинг ҳаммаси инглиз, француз, испан, немис, рус ва бошқа тилларни мукаммал билса. Тил билиш ҳамиша, ҳамма даврларда қадрланган. Лекин бу зинҳор ўзбек тилини камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

    Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates