Давлатобод тумани коррупциядан холи ҳудуд бўла оляптими?

    Наманганда жорий йил ноябрь-декабрга белгиланган аксилкоррупция ойлиги ниҳоясига етди.

    Мамлакатимизда жаҳон миқёсида глобал муаммо саналган коррупцияни жиловлаш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 июнда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекканди. Фармон ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан “Йўл харитаси” тайёрланган.

    Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг шу йил 23 августдаги 10-сонли баёнида Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси доирасида бажарилган ишларни кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида муҳокама қилиш ва муддатлари кўзда тутилган. 16 та банд, 40 та йўналишни қамраган ва танланган “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасига биноан, коррупцияга сабабчи омилларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Лойиҳанинг аввалгисидан фарқли жиҳати – жорий йил бошида аҳоли, корхона-ташкилотлар хизматчиларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари инобатга олинган ҳолда шакллантирилгани, халқчил бўлгани. Доимий равишда Агентлик тарафидан кўмак ва услубий тавсиялар бериб турилди.

    Мазкур туман сектор раҳбарларининг якунланаётган 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” юзасидан амалга оширилган саъй-ҳаракатларга оид ҳисоботи билан яқиндан танишилди. Хусусан, сектор раҳбарлари – туман ҳокими Анваржон Тожимирзаев, туман прокурори Муҳаммадали Қирғизбоев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Жамшид Ирисов, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳомжон Долимовларнинг эришилган натижалар ва келгуси режалар ҳақида ахбороти эшитилди.

    Тақдим этилган статистик рақамларга кўра, туманда коррупциявий жиноятлар сони 2022 йил (6 та) шу даврига нисбатан 4 тага, яъни 60 фоизга камайган. Жиддий профилактика самараси ўлароқ, бюджет ташкилотларида молиявий хато ва камчиликлар барвақт аниқланиб, қарийб 600 млн. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари нотўғри сарфланиши тўхтатилди. Матбуот анжуманида журналистлар, ижтимоий тармоқ ва кенг жамоатчилик вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

    Туман ҳокимининг жорий йил 8 майдаги қарорига мувофиқ, ҳокимлик ҳузурида фаоллардан иборат Жамоатчилик кенгаши тузилган ва унинг низоми, 11 кишилик аъзолари тасдиқланган. Халқ депутатлари туман кенгашининг шу йил 11 август куни ўтказилган 34-сессиясида туман прокурорининг “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасига тегишли ҳисоботи асосида депутатлар қарор чиқаришган.

    Таъкидлаш жоизки, туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар ва адлия бўлими, Президент Халқ қабулхонасида фуқароларни қабул қилиш хоналари намунавий даражада, кузатув камера мосламалари билан жиҳозланган. Давлат харидлари соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда соҳада очиқлик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилди. Тумандаги буюртмачилар давлат харидлари эълонлари мониторингини ўзлари кузатишмоқда.

    Ҳозирда Давлатобод тумани ИИБ ҳисобидаги 34 нафар профилактика инспекторининг барчаси электрон тартибда ҳам ишлаши учун замонавий планшетларга эга. Айни кунларда эса уларга “боди” камера топширилмоқда. Туман прокуратураси суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан келишган тарзда коррупциявий мурожаатлар, маъмурий ва жиноят ишларининг ҳисобот шакли татбиқан йўлга қўйилди. Қолаверса, туман ИИБ Давлатободда содир этилган коррупциявий жиноятлар рўйхати, қиёсий-таҳлилий маълумотлар мунтазам янгиланади.

    Дарвоқе, жорий йил 12 ойи давомида Давлатобод туманида коррупция билан боғлиқ иккита жиноят, иқтисодиёт соҳа ва тармоқларида 162 та ҳуқуқбузарлик қайд этилди. Жумладан, туман солиқ инспекциясининг ҳисобни юритиш ва бюджет даромадларини прогнозлаштириш шўъбаси давлат солиқ бош инспектори ҳамда “Агробанк” Давлатобод филиали бошқарувчиси собиқ ўринбосарига Жиноят кодексининг 209- ва 210-моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

    Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни кучайтириш ниятида тумандаги Орзу, Нуробод, Гулшан, Мустақиллик, Порлоқ, Халқлар дўстлиги, Тўқувчи, Давлатобод, Истиқлол ва Ирвадон маҳаллаларидаги одамлар гавжум масканларга тарғибот баннерлари илинди. Истиқлол, Мустақиллик ва Порлоқ МФЙларининг марказий чорраҳаларидаги “Лед” мониторли экранларга видеороликлар ҳар куни намойиш қилинмоқда. Шунингдек, савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, “Яшил” деҳқон бозори ва “Ғирвон” савдо комплекси атрофларига жирканч иллатга қарши курашишга чорловчи материаллар жойланди.

    Давлат хизматчилари хизмат хонасига коррупциянинг оғир оқибатларидан таъсирчан хабардорликка ундовчи фуршетка, флаер ва тарғибот кўргазмалари ўрнатилди. Коррупцияга учраган вазиятларда мурожаат юбориш мумкин бўлган алоқа каналлари рўйхати туман ҳокимлиги расмий веб-сайтида ёритилди.

    Давлатободдаги таълим муассасаларининг 8-11-синф ўқувчилари ўртасида “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” мавзусида иншолар танлови туман босқичида 368 нафар ўқувчи қатнашган. 72-мактаб 11-синф ўқувчиси Мадина Собирхонова биринчи, 58-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Самандар Бобоев иккинчи, 42-мактаб 9-синф ўқувчиси Гулшода Ҳасанова учинчи ўринни қўлга киритиб, ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилган.

    Бундан ташқари, Наманган халқаро аэропортида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган “Очиқ эшиклар куни”да Наманган вилояти ҳокимлиги коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи; вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Аҳрорбек Файзуллаев, “Uzbekistan airports” АЖ комплаенс назорат бўлими масъули Шоҳруз Обидов, рақобатни ривожлантириш бошқармаси вакили Баҳромжон Турсунов ва аэропорт раҳбари Муҳаммадхон Аҳмедовлар 19 декабрь санасида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимидаги нутқи мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган муҳим ташаббуслар билан ўртоқлашишди.

    Дониёр ЭРМАТОВ,

    Наманган вилояти ҳокимлиги коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates