Мамлакатимиз олий таълим тизимининг етакчи ўқув даргоҳи сифатида юртимиз ва дунё тажрибасининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этаётган “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилганига ҳадемай бир йил тўлади. Қисқа вақтда олий таълим муассасасида эришилган натижалар, талабалар қўлга киритган ютуқлар талайгина. Ўтган йили Президент мактаблари битирувчиларининг 65 фоизи ўқиш учун шу ерни танлагани бежиз эмас. Зотан нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакага эга бўлиш, энг баобрў маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳатто чет элда амалиёт ўташ имконияти, шунингдек, иқтидорли ва академик муваффақиятга эришган талабалар учун турли грантлар тақдим этилиши, дунёнинг энг машҳур олий таълим муассасалари ва саноат корхоналари билан ҳамкорлик, жаҳон стандартларига мос таълим тизими университетнинг жозибадорлиги ва мақомидан дарак беради.
Яқинда Мюнхен техника университети фахрий президенти, “Янги Ўзбекистон” университети фахрий ректори, доктор Волфганг Ҳерман мамлакатимизда меҳмон бўлди.
Профессор Ҳерман ноорганик ва металл органик кимё соҳасида илмий изланишлар олиб боради. У кўплаб академик жамиятлар аъзоси, Германия ва бошқа мамлакатлардаги 13 та университетнинг фахрий доктори, ISI (International Scientific Index) рейтингига кўра, энг кўп тилга олинган олмон кимёгарларидан бири, саккиз юздан ортиқ илмий мақола ва саксонга яқин патент муаллифи.
Мухбиримиз фахрий ректор Волфганг Ҳерман билан юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, “Янги Ўзбекистон” университети ҳақида суҳбатлашди.
— “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилганига ҳадемай бир йил бўлади. Сизнингча, ўтган даврда бажарилган ишлар самараси бугун нималарда кўринмоқда?
— “Янги Ўзбекистон” университети юртингизда амалга оширилаётган таълим ислоҳотларининг мустаҳкам пойдеворидир. Уни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан ва қўллаб-қувватлаган давлатингиз раҳбарига миннатдорлик билдираман. Мазкур олий таълим муассасаси аста-секин халқаро майдондан муносиб ўрин эгаллаётгани, ўқитиш чет тилида олиб борилаётгани, тўлиқ тадқиқотларга асослангани, таълим жараёнига хорижлик ва маҳаллий юқори малакали профессорлар жалб этилгани, дарс бераётган педагогларнинг илмий салоҳияти юқорилиги билан бирга амалиётдаги, тадқиқотчиликдаги кучли тажрибаси инобатга олинганини таъкидлашни истардим.
“Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилганидан буён унча кўп ўтмаган бўлса-да, салмоқли ютуқларга эришилганини кўриш мумкин. Масалан, хорижнинг нуфузли ташкилотлари ва таълим муассасалари билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жумладан, Германиянинг TUM International GmbH ташкилоти, Мюнхен техника университети билан яқин алоқалар ўрнатилди.
Янги университетнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш ўзаро интеграция қилинади. Бу ерда таҳсил оладиган талабаларни биринчи курсданоқ ишлаб чиқариш муассасаларига бириктириш кўзда тутилган. Улар биринчи курсдан илмий мақолалар ёзишни ўрганиш учун профессорларга бириктирилади. Германиянинг Мюнхен техника университети “Янги Ўзбекистон” университетининг стратегияси ва бошқарув тузилишини, академик дастурларини ишлаб чиқиш каби кўплаб масалаларни ҳал этишда ҳамкорлик қилади. Бундан ташқари, ўзаро келишув доирасида университетнинг сараланган 9 нафар талабаси Германиянинг машҳур саноат корхоналарида қисқа муддатли амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди. Амалиёт давомида ёшлар университетда олган назарий билимларини амалда қўллади.
Айни пайтда АҚШнинг Массачусетс технология институти билан ҳамкорлик ўрнатилган. Келгусида мана шу нуфузли олий ўқув юртларининг малакали профессорларини “Янги Ўзбекистон” университетига жалб қилиш ва улар ёрдамида олийгоҳнинг кейинги тузилмаси ҳамда янги очиладиган йўналишлари учун ўқув дастурлари ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Табиий ёки ижтимоий фанлар, кимё муҳандислиги билан бирга, тиббиёт йўналиши бўйича ҳам кўплаб ишлар бажарилмоқда.
Университет биноси Ўзбекистонда ҳали кузатилмаган инновацион услубда қурилади ва ўзида улкан лабораторияни жо этади. Ҳозир объектни қуриш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда. Мюнхен техника университети томонидан “Янги Ўзбекистон” университетида ўзига хос экотизим барпо этиш кўзда тутилган.
Дунёга машҳур олий ўқув юртлари тажрибаси ва кўмагидан фойдаланиш, яқин келажакда талабалар ҳамда профессорлар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш каби соҳаларда келишувга эришилади. Айтиш мумкинки, бу каби келишув ва саъй- ҳаракатлардан мақсад, энг аввало, ёшларнинг чет эл ўқитиш стандартлари асосида таълим олиши ва юқори технологиялар билан яқиндан танишган ҳолда амалиёт ҳамда кўникмага эга бўлиши ва юртингиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишига замин яратишдан иборат.
Шу ўринда мамлакатингизда таълим йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни яна бир бор таъкидламоқчиман. Айниқса, иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш ва улар билан ишлаш бўйича бажарилаётган ишлар, жумладан, Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам эътирофга лойиқ. Бу йўсинда иқтидорли ўқувчиларнинг илмий, ижодий, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш давлатнинг, жамиятнинг тараққиётига асос бўлади.
Бундан 50 йил олдин Мюнхенда ўқиш учун кичик бир хонани ижарага олиб, яшаганман. Бугун эса манзара ўзгача. Буни Ўзбекистондаги таълим муассасалари мисолида ҳам кузатиш мумкин. Айниқса, Президент мактабларидаги шинам ётоқхоналар, кутубхона ва спорт мажмуаларини кўриб, яна бир бор мамлакатингизда ислоҳотлар ғояси тўғри танланганига амин бўлдим. Биз Ўзбекистон деганда фақат Тошкентни тушунмаймиз. Бугун ҳар бир ҳудудда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилаётгани ҳам соҳа бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир. Таълим сифати ошиб бораётгани фақатгина пойтахтда эмас, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида, ҳар бир туманида кузатилмоқда.
Шу ўринда бир таклиф айтмоқчи эдим. Ўзбекистонда мактаб таълими ҳам яхши ривожланган. Бу хоҳ ихтисослаштирилган таълим муассасаси бўлсин, хоҳ оддий мактаб — ўқитиш сифатини юксалтириш, кўпроқ муваффақиятга эришиш учун ўқитувчиларнинг салоҳияти ва маҳоратини мунтазам ошириш керак. Мактабларга юқори малакали, салоҳиятли ўқитувчиларни жалб қилиш борасида доим бош қотириш зарур...
— Сизга “Янги Ўзбекистон” университетининг фахрий ректори бўлиш таклифи билдирилганда қалбингиздан кечган ҳис-туйғулар билан ўртоқлашсангиз.
— Аввало, бу университет Президентингиз ташаббуси билан ташкил этилгани менда катта ишонч ва таассурот уйғотди. Давлатингиз раҳбари таълим тизимини юқори ўринга олиб чиқиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда очилган янги университет бошқа олий таълим муассасаларига намуна вазифасини ўтайди. Бундан ташқари, мамлакатингиз географик ва саноат корхоналари жойлашуви жиҳатидан жуда ҳам қулай ўринда.
Яна бир жиҳат шуки, университет Ўзбекистоннинг ва дунёнинг ҳозирги юқори даражадаги талабларидан келиб чиққан ҳолда ўз истиқболли йўналишларини белгилаган. Аввало, давлатингиз раҳбарининг таълимга қаратаётган юксак эътибори мени жуда хурсанд қилди. Чунки ушбу қадам мамлакатнинг ривожига улкан ҳисса қўшади. Зотан ҳар бир мамлакатнинг келажаги ёш авлод билан узвий боғлиқ. Шундай экан, янги университетнинг ташкил этилганини, биринчи навбатда, келажакка киритилаётган катта сармоя, деб билдим.
Мен 50 йилдан ошиқроқ вақт таълим соҳасида ишладим. Шунинг учун юртингизда ёшларга яратилаётган имкониятлар ва “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш ғоясининг аҳамиятини яхши англайман ва жуда юқори баҳолайман. Бундан ташқари, юртингиз ёшларининг муҳандислик соҳасига қизиқиши мени жуда ҳайратга солди. Маданиятга, тарихга катта эътибор қаратилаётгани ва ҳамкорлар билан шаффоф ва адолатли муносабатларни йўлга қўйгани университетнинг энг катта ютуғи, деб биламан. Шу боис ҳам “Янги Ўзбекистон” университетининг фахрий ректори эканимдан мамнуният туяман.
— Университет халқаро рейтингларда юқори поғонани эгаллаши учун бугун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
— Университетнинг барча йўналишдаги ҳамкорлиги жаҳоннинг етакчи университетлари рўйхатидан ўрин олишга қаратилган. “Янги Ўзбекистон” университети ва дунё олий таълим муассасалари рейтингига киришга йўл-йўриқ кўрсатадиган THE (Times Higher Education) ташкилоти ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, яқин 2 йилда университет кўрсаткичини юқори поғонага кўтариш ва 2030 йилга бориб, мазкур олий ўқув юрти дипломини чет мамлакатларда тан олинадиган даражага олиб чиқиш кўзда тутилган.
“Янги Ўзбекистон” университетининг жаҳон рейтингидан жой олиши ва келажакда дунёнинг нуфузли олийгоҳлари рўйхатига кириши юзасидан халқаро талабга жавоб берувчи мезонларга мувофиқ саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари дунёнинг етакчи рейтингига кирувчи журналларда илмий мақолалар чоп эттириш устида ишламоқда. Янги ғоя ва ташаббуслар, ихтиролар юзага келмоқда.
— Ҳамкорлик алоқалари доирасидаги талабалар алмашинувининг амалий аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.
— Талабалар ва ўқувчилар алмашинуви муҳим дастурлардан биридир. Бу орқали жаҳон миқёсида таълим, иқтисодиёт, саноат соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлиш мумкин. Тадқиқотчи сифатида эса хорижий мамлакатларнинг маданияти, тарихи, одамларнинг кундалик турмуш тарзи, яшаш шароити, ўй- фикрлари билан яқиндан танишиш, кейинчалик ўрганилганларни фаолиятга, тадқиқотларга татбиқ қилиш мумкин. Орттирилган тажриба асосида мамлакат илмий салоҳиятига ҳисса қўшиши мумкин бўлган ихтиролар, ташаббусларга замин ҳозирланади. Бу менинг тадқиқотларимда ҳам ўз аксини топган. Мен “Янги Ўзбекистон” университети талабаларининг бакалавриат, магистратура ёки PhD даражасида таълим олиб, мамлакатингиздаги нуфузли саноат корхоналарида, ташкилотларда фаолият юритиши тарафдориман...
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат Мадиева суҳбатлашди.