Хабарингиз бор, Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 24 октябрь кунидан бошлаб тест режимида фаолиятини бошлади. Бироқ боғнинг янги инглизча номи кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, кеча, 26 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари Сингапурнинг “BMP Smart Decision Private Limited” компанияси раҳбарияти билан пойтахтимизда жойлашган Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи номи юзасидан учрашув ўтказган.
Учрашувда тадбиркор-инвестор боғнинг номи ўзгармаслигини, Ўзбекистон Республикаси Қонунларини ҳурмат қилишини, боғнинг номини ўзгартиришга ҳеч қандай хоҳиши йўқлигини таъкидлаган ва “Dream Park” ҳамда “Орзулар боғи” каби номдан фақат савдо белгиси сифатида фойдаланишини билдирган.
Шунингдек, учрашувда тадбиркор-инвесторга “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва талаблари ҳақида батафсил маълумот берилди.