Дубляж "қироли"

    Болалиги Тошкентнинг Камолон маҳалласи — ҳозирги Миллий боғ атрофида ўтган соҳир овоз соҳиби Афзал Рафиқов

    У ҳам авваллари чиқиндилар уюмидан хунук кўриниш касб этган қадим қабристонлар ўрни, бугунги сўлим Адиблар хиёбонида тенгқурлари билан копток тепган. Ариқларда завқланиб оққан, қаттиқ нонни сувга оқизиб еган. Бир боланинг ёрқин келажаги учун нимаики керак бўлса, ундан-да ортиғини ота-онаси ҳаракатларида кўрган болакай қизиқиши, истаклари йўлида баъзан уларнинг раъйига қарши ҳам чиққан. Аммо бу қаршиликлар унинг ижод ва санъат оламида ўз ўрнини топишига, халқимизнинг “дубляж қироли” деган эътирофига сазовор бўлишига монелик қилмади.

    Ўзбекистон халқ артисти, дубляж устаси Афзал Рафиқовнинг серқирра фаолиятига назар ташлаш асносида дилдан суҳбатлашдик.

    Овознинг соҳирлиги дубляжнинг муваффақияти эмас

    Яқинда Кинематография агентлиги ташаббуси билан Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳузурида аввалги ўзбек дубляж мактаби анъаналарини давом эттирадиган дубляж мактаби, шу билан бирга, студия ташкил этилди. Унга яна бир тирик афсона, олтин давр вакиласи, дубляж актрисаси Мукамбар Раҳимова раҳбарлик қилаётгани янада ҳайратланарли. Зеро, ёши тўқсонни қоралаб қолганида ҳам ёшларга тажриба ўргатиш, маҳорат мактабига раҳбарлик қилиш осон эмас. Энг муҳими, энди Кинематография агентлиги томонидан суратга олинадиган фильмларни шу ерда овозлаштириш имконияти мавжуд. Дубляжга қизиқувчилар мактабга келиб, профессионал дубляж усталаридан соҳа сир-асрорларини ўрганиши мумкин.

    Афзал Рафиқов дастлаб дубляж ва ўзбек дубляж мактабининг тақдири, қолаверса, янги ташкил этилган мактаб истиқболини нечоғлиқ тасаввур қилиши ҳақида сўз юритади.

    — Аввало, дубляж деганда нимани тушунамиз? Дейлик, бошқа тилда суратга олинган фильмни ўзбек тилига ўгириш жараёни. Илгари дубляж қилинган фильмларда тасвир, мусиқа, шовқин, актёрлар овози ёзилган кинотасмалар алоҳида сақланар ва алоҳида ёзиларди. Оригинал актёрлар овози олиб ташланиб, ўрнига ўзбек актёрлариники қўйиларди. У чинакам, соф дубляж бўлади. Фильмни кўраётганда ўзбек тилида олинган деб ўйлаш — ўзбек дубляжининг энг юксак ютуқларидан бири. Ўзбекистонда дубляж санъат даражасига кўтарилган бир пайтда “Ўзбекфильм”да йилига камида 60 та фильм ўзбек тилига ўгириларди. Бадиий жиҳатдан барча фильмлар сифати жуда юқори бўлган. Ўша пайтларда Москва ёки Ленинградда Бутуниттифоқ дубляж фильмлар фестивали ўтказиб туриларди. Бизнинг фильмлар ҳеч қачон 1-2-3-ўринлардан тушмаган. Сабаби, ўзбек дубляжининг ўзига хос мактаби бор эди. Бу мактабни яратишда эса Абдулла Қаҳҳор каби атоқли адиблар иштирок этган. Режиссёрлар ҳам жуда маҳоратли бўлган. Зеро, дубляж режиссёрлиги бошқа режиссёрлик ишларидан фарқ қилади. Режиссёрдан экрандаги характерга айнан тушадиган актёрни топа билиш талаб қилинади. Фильм муваффақиятининг 60-70 фоизини тўғри тақсимот ҳал қилади. Илёс Ёқубов, Софа Имомқулова, Эсон Каримов, Собит Саидов каби режиссёрлар бу борада ғоят тажрибали эди. Улар танлаган овозлар экрандаги қаҳрамонларнинг ҳам ботини, ҳам зоҳирига мос тушарди. Бу дубляжда жуда муҳим. Қаҳрамоннинг характерига мос тушмаган овоз томошабиннинг ҳам ғашига тегади.

    Дубляжни актёрлик маҳорати бор одам қилиши керак. Бироқ овоз барибир биринчи ўринда туради. Овознинг ўзига хос хусусияти ҳам шунда. Инсоннинг овозини эшитиб туриб, у қандай одам, қиёфаси қандай, тахминан тасаввур қиласиз. Кўпинча бу тахмин 50 фоиз тўғри чиқади. Академикка овоз берсангиз, овозингизда академикка хос салобат бўлиши керак. Бу хатти-ҳаракатга қараб бўлади. Овоз ортида заковат, зеҳн, фаросат ҳам бўлиши керак.

    Телевизион дубляжда оригинал овоз эшитилиб туради. Шунинг учун буни кадр ортидан синхрон таржима дейилса, тўғри бўлади. Бу иккита ҳолатда актёрлар олдида турадиган вазифа қарама-қарши. Соф дубляжда актёр бор вужуди билан ролга кириб кетиши керак бўлса, телевидениеда вазифа бутунлай бошқача. Назаримда, телевизион дубляжда томошабинга фильмни кўришга халал бермаслик керак. Таржима вақтида етказиб бериб турилса, бўлди. Томошабин фильмнинг ичига кириб кетса, қайси тилда эканини билмай қолса, айни муддао. Телевизион дубляжнинг энг юксак чўққиси ҳам шунда. Баъзилар ўйлаганидек, телевизион дубляж осон эмас, аксинча, анча мураккаб. Бунда бир актёр баъзан ҳаммага овоз беришига тўғри келади. Масалан, “Морена Клара” сериалидаги барча эркакларга бир ўзим овоз берганман. Дубляжнинг бу усулида овозга бўлган талаб жуда юқори. Инсоннинг чеҳраси кинотасма, фототасмада ҳар хил кўринганидек, овоз ҳам турлича. Микрофонга тушадиган ва тушмайдиган овоз бор.

    Ўзбек дубляж мактабининг охирги битирувчилари Ойбарчин Бакирова билан мен бўлдик. Кимдир 10, кимдир 1-синфда қолиб кетди. Мактабни битирганлар фильмларда қаҳрамонларга овоз бера олиши керак эди. Энди оёққа туриб, бош қаҳрамонларга овоз бера бошлаганимизда, дубляжга эҳтиёж йўқолди. “Кинопрокат” деган ташкилотда чет элда яратилган фильмлар ўзбек тилига ўгирилиб, 16 миллиметрли тасмага кўчирилар, кўчма аппаратлар билан қишлоқма-қишлоқ юриларди. Одамлар кино кўргани қишлоқ марказларига жам бўларди. Дубляж шунинг учун керак эди.

    Кейинги йилларда баъзан унут бўлган, баъзан эътиборсиз қолдирилган соҳалар Президентимиз ташаббуси билан қайта тикланаётгани, таъбир жоиз бўлса, оёққа тураётганини кўриш кўнгилни кўтаради, кишига қувват беради. Масалан, аввалги ўзбек дубляж мактаби тикланаётган ва бу ишга Мукамбар опа бошчилик қилаётган экан, профессионал дубляж усталарини тарбиялаш мумкин. Қисқача айтганда, дубляжни ипидан игнасигача билади. Бироқ уни аввалги даражага олиб чиқиш учун, албатта, матонат, сабр, вақт керак. Зеро, бугун санъат, маданиятга юксак эътибор қаратиляпти. Маданият ва санъат ходимлари куни нишонланаётганининг ўзиёқ соҳа вакиллари кучига куч, ғайратига ғайрат қўшгани аниқ.

    “Шу саволга жавоб топсангиз, бемалол дубляжда ишлайверинг”

    Дубляжга эҳтиёж йўқолганидан кейин овозлаштириш жараёни телевидениега кўчди. Биринчи овозлаштирилган фильм “Маҳобҳорат” бўлди. Дубляжга кўп талабгорлар орасидан Ҳожиакбар Нурматов, Римма Аҳмедова, Ойбарчин Бакирова ва мени чақиришди. Ёшларга “Ўшанда нега бизни чақиришди, шуни ўйлаб кўринглар”, деб кўп айтаман, кетидан “Шу саволга жавоб топсангиз, дубляжда ишлайверсангиз бўлади”, деб қўяман.

    Ўша саволимга ўзим жавоб берадиган бўлсам, юқоридаги 4 актёрнинг овози нейтрал овозлар эди. Соддароқ қилиб айтганда, тўрталамизнинг овозимиз универсал суюқлик, яъни сувга ўхшайди. Доим ичилади, лекин меъдага тегмайди. Негаки, овозлар бор, тингловчи биттасини зайтун ёғи, бошқасини намакоб, яна бирини бальзамдек қабул қилади. Уларни ҳамма ҳам, доим ҳам ичавермайди. Бундай овозлар ўз характеридаги ролларга тушаверади. Характерига тескари ролларга дуч келганда ожизлик қилиб қолади.

    Телевидениеда Ботир Зокиров тўғрисида кўрсатув берилди. Кадр ортидаги овоз устида аёлим билан ўғлим тортишиб қолибди. Аёлим мен эмаслигимни айтса, ўғлим кадр ортидаги овоз меники эканини айтиб, гаров бойлашишгача борган. Кечқурун келганимдан кейин ўзимдан сўрашди. Ўғлим ҳақ эди. Ўшанда онасини кроссовкага туширган. Нейтрал овозларни баъзан энг яқин кишилари ҳам ажрата олмай қолади. Мана нима учун чақиришган бизни биринчи фильмга?! Танлаб олинган бўлсак-да, биз ҳам жуда қийналганмиз. Бир неча уринишлардан сўнг мослашганмиз телевизион дубляжга.

    Сергей Герасимов суратга олган “Лев Толстой” фильмида эса сўнгги кунларини яшаётган чолга овоз беришим керак бўлган. 37 ёшда эдим. Биз кутган натижа ҳеч чиқавермади-да. Бир пайт миямга қаердан буйруқ келди, билмайман, тик туриб гапираётган одам ўз-ўзидан тиззаларим букилди. Шундай ҳолатда ўзимни гўё қари чолдек ҳис қила бошладим. Ёнимдагилар ҳам бу ҳолатни тўғри қабул қилиб, микрофонни пастлатди. Шу тарзда Толстойга овоз берганман. Уйга қайтишда ҳам тиззаларимни букиб кетаётганимни билмай қолардим. Оила даврасида ҳам Толстойнинг оҳангида гапириб юборардим. Анчагача шу роль таъсирида юрганман.

    Мустақилликдан кейин фильмлар кўпайиб, дубляжга одам етишмай қолди. Ахир 4 одам ҳаммасини уддалай олмайди-ку... Қўлидан келса-келмаса, дубляжга аралашадиганлар пайдо бўлди.

    Бир куни ишдан чиқсам, бир йигит билан қиз турибди. Мени кутиб туришган экан. “Дубляж билан шуғулланмоқчи эдик”, дейишди. Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари экан. Сифат, талаб тушиб кетгани учун оддий одамлар ҳам дубляжга қизиқиб кетди-да. Тўғри, ўзбек дубляжи тарихида актёр бўлмай туриб ҳам муваффақиятга эришганлар бўлган. Лекин улар бармоқ билан санарли. Театр ва рассомлик институти ўқитувчиси Омон Абдураззоқов кинода бош қаҳрамонларга овоз берган. Албатта, ўқитувчилиги учун маҳорати ҳам етарли бўлган. Дилдора Рустамова. Ўзи журналист бўлса-да, дубляжнинг этагини маҳкам тутди. Жуда тиришқоқ. Овози ҳам ёқимли.

    “Актёрнинг ютуғи — томоша залининг сукутга чўмиши”

    Сулоламизнинг санъатга муносабати мени ҳам шу соҳага яқинлаштирган бўлса керак. Дадам ғижжак, онам дутор чалган. Тоғаларим оилавий йиғинларда чолғу чалиб, ашула айтган. Хуллас, санъат ҳаётимизнинг ажралмас қисми, усиз инсон инсон эмас, деган тушунча барчамизда бор эди. Ишонасизми, 9 ёшимда радиодан рубоб оҳангини эшитиб, рубобга ишқим тушиб қолган. Мусиқа мактабида рубоб бўйича таҳсил олганман. Бир куни мактабда меҳнат дарсида тахта арралаётиб, қўлим электр аррага кириб кетди. Кўрсаткич бармоғимдан айрилдим, жимжилоғимни шифокорлар тикиб қўйди, кафтим ёрилди. Ҳали жароҳатим битмаган бўлса-да, “Оромижон” куйини чалиб, рубобдан имтиҳон топширганман.

    Техникумнинг 3-босқичида ўқиётганимда газетада Театр ва рассомлик институтининг эълонига кўзим тушиб қолди. Драма ва кино актёри мутахассислиги бўйича қабул қиламиз, дейилган экан. Шундан сўнг мана шу институтга кираман, деб туриб олдим. Чунки илгариги тушунчам бўйича актёр бўлиб туғилиш керак, унга ўқиб бўлмайди, деб юрардим.

    Икки йиллик ҳаракатдан сўнг учинчи йили институтга сиртқи бўлимга қабул қилиндим. Сиртдан ўқиш баробарида ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида дастлаб саҳна ишчиси бўлиб ишладим, декорациялар қурдим. Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Шукур Бурҳоновнинг қандай ишлаётганини кўрдим ва бу менга жуда катта мактаб бўлди. Кейин режиссёр ёрдамчиси, труппа бошлиғи лавозимларига кўтарилдим. Актёрлик ҳам қила бошладим. Ташқи кўринишим ўзбекона бўлмаса-да, нутқим чинакам ўзбекка хос эди. Ўзбекистон халқ артисти Назира Алиева саҳна нутқидан биринчи устозим бўлган. Шуни англадимки, саҳнага чиққан актёр инсон сифатида шахс бўлмаса, томошабинга ролини етказа олмайди. Баъзан саҳнадаги воқеалар ростдан бўлаётгандек туюлади. Бу жуда ноёб ҳолат, ролга бутун вужуд билан кириб кетишнинг натижаси. Шундай пайтда шу касбни танлаганингдан, қилаётган меҳнатингдан хурсанд бўлиб кетасан. Томоша залининг сукунатга чўмиши — актёрнинг муваффақияти. Бунда томошабинни истаган кўйга солиш мумкин. Ундан-да юқори чўққи ҳам бор, у камдан-кам одамга насиб этади. Бу — худди дубляждаги каби актёрни энг яқин одами ҳам танимай қолиши.

    “Осилсанг, баланд дорга осил...”

    1990 йилда ариза ёзиб, театрдан кетмоқчи бўлиб тургандим. Устозим Баҳодир Йўлдошев “Шошма, труппа “отпуска”дан келсин”, деди. Труппанинг келишини кутишга рози бўлдим. Чунки шу пайтгача ижро этган ролларимдан сира қониқмаётгандим. Сергей (“Ичкуёв”), Бложников (“Рўйхатларда йўқ”), Долгов (“Абай”), Александров (“Тирик мурда”) сингари фақат рус қаҳрамонларини ўйнадим. Бунақада мен ўзбек томошабини кўнглига йўл топа олмайман, мендан миллий қаҳрамон чиқмас экан, дедим. Мен ҳам миллий қаҳрамонларни ўйнашим керак эди, ахир ўзбек халқининг фарзанди бўлсам.

    Баҳодир ака масаламни бутун жамоага ташлади. Ҳамкасбларим мени роса койиди. Орадан 2 кун ҳам ўтмай, эълон ёзиб қўйишибди. Шуҳрат Ризаевнинг “Искандар” пьесаси саҳналаштирилади, Навоий ролида Ёдгор Саъдиев, Афзал Рафиқов, дейилган эди. Қотиб қолдим. Менга ҳеч қачон ўзбек қаҳрамони берилмаганди. Бирорта ўзбек қаҳрамони бўлса бўлди, дегандим. Яна биратўла Навоий-а? “Осилсанг, баланд дорга осил”, деганди ўшанда устозим. Афзалдан қанақа Навоий чиқади, ташқи кўриниши ҳам тўғри келмайди-ку, деганлар бўлди. Рости, ҳеч ким Навоий ролини ижро этишимни тасаввур қилмаган-да. Бундай юксак ишончдан куч олиб, бутун вужудим билан Навоий сиймосини гавдалантиришга киришдим. Одатда ҳозиргача менга қайси роль берилмасин, унга институтни энди битирган талабадек ёндашишга ҳаракат қиламан.

    Хайрият, Чорсудаги китоб дўконида “Хамса”нинг беш достони ҳам бор экан. Яна насрий баёни билан. Баҳодир Йўлдошев ҳозирги Миллий университетдан арузни яхши биладиган адабиётшуносни таклиф қилди. Мактаб ўқувчиси сингари дафтар тутиб, доскага ёзиб, Навоий асарларини аруз қоидаси бўйича ўқишни ўргандик. 1991 йилнинг 21 мартида премьера бўлди. Назаримда, баъзилар ўйлаганидек эмас, туппа-тузук Навоий чиқди. Армоним ушалди. Мен унинг асарлари билан ўзлигимга қайтдим. Қайси тамаддун вакили эканимни билдим, ҳаётим бутунлай бошқа томонга ўзгарди. Навоийнинг қудрати шу қадарки, агар унинг бир байтини беш адабиётшуносга таҳлил қилиш учун берсангиз, беш хил жавоб бўлади ва энг қизиғи, бешови ҳам асосли, мантиқли. Яна унинг қудрати шуки, оркестр билан узундан-узоқ ўқиганимда ҳам томошабин зерикмайди, бутун диққатини Навоийнинг сўзларини англаб етишга қаратади.

    Ҳазратнинг 580 йиллигига Рус академик драма театрида “Ҳайрат ул-аброр”ни рус тилида саҳналаштирдик. Томошабин тушунмаса керак, дидактик асар бўлса, панд-насиҳат кимга ёқади, деб ўйлагандим. Не ажабки, томошабин жуда яхши қабул қилди. Коллеж ўқувчилари ҳам жим ўтириб эшитди. Албатта, бу буюк аждодимиз сатрлари замиридаги оҳанрабодан бўлса керак.

    Орзум рўёби, ҳаётимнинг мўъжизаси

    Суҳбат сўнгида Афзал акадан Қуръони каримнинг ўзбекча аудиосини­ ­тайёрлаш жараёни ҳақида сўрадик.

    — Биринчи марта Қуръон тиловатини 14 ёшимда қабристонда — бувимнинг дафн маросимида эшитганман. Кўзи ожиз бир қори бор эди. Жуда чиройли тиловат қилган. Ҳамон қулоғимда жаранглайди. Қуръон ўқишга, сураларни қироат билан айтишга қизиқиб қолганман.

    1991 йили Қуръоннинг биринчи ўзбекча матни чиққан. Рамазон ойида саҳарликда Аловуддин Мансур таржима қилган Қуръони карим маъноларини ўқирдим. Шундан Қуръонни микрофонда ўқиш, аудио қилиш истаги дилимга тушган. Узоқ вақт ҳомий қидирдим. Ҳатто Миср Араб Республикаси вакилининг олдига ҳам бордим. Чунки “Муҳаммадур расулуллоҳ” фильмини улардан олгандик-да. У ҳам розилик бермади. Ҳомий топа олмадим. Орадан 16 йил ўтиб, 2007 йилда “Синема маркет” раҳбари қўнғироқ қилди. Аҳмаджон деган бу йигит Қуръони каримнинг аудиосини тайёрлатмоқчи эканини эшитиб, дарҳол етиб бордим. Улар менга Аловуддин Мансурнинг эмас, Абдулазиз Мансур таржимасини берди. Бу таржима илмийроқ бўлгани сабаб, шунчаки ўқимадим, актёрлик маҳоратимни ишга солдим. Аллоҳ номидан келганида бошқача, пайғамбарнинг сўзларини бошқа оҳангда, одамларнинг гапларини оддий одамларга хос тарзда беришга ҳаракат қилдим. Зеро, халқимизга матнни қуруқ бериб бўлмас, ҳиссиёт билан берилса, кучли таъсир қилар экан.

    Қуръон сураларининг араб тилида жуда гўзал эшитилишига маҳлиё бўлганимда, ўзбек тилида қандай жарангларкан, деб қизиқардим. Аудио вариантини тайёрлаб, мана шу саволимга жавоб топгандай бўлдим. Бу энг катта орзумнинг рўёби, ҳаётимнинг мўъжизаси бўлди.

    * * *

    Афзал Рафиқовдан келажакдаги орзулари ҳақида сўрамадик. Чунки у орзуларини сир тутишни яхши кўрадиган инсон.

    — Дунёдан ўтганимдан 50 йилдан кейин ҳам мени эслашса, нимадир қилган бўлсам керак, — дейди у. — Алишер Навоийни қарийб олти асрдан буён эслаймиз. Мана, чинакам умр, айримларгагина бериладиган неъмат.

    Афзал Рафиқов ота-онасини эл назарига тушишдек ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бахтининг меъморлари деб билади.

    Театр институтига кираётганида эркин мавзуда иншо ёзган ёш, навқирон Афзал Рафиқов ўша иншога ички ҳиссиётларининг барини туширар экан, “Ўзбек театри санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб, ана шу санъат китобида ўзимнинг саҳифамга эга бўлиш”, деган жумлани хулоса сифатида ёзган эди...

    Қандай қаҳрамон қиёфасида бўлмасин, у нафақат театр, кинода ҳам ўз саҳифасига эга бўлди. Лекин ўзи айтганидек, кино ва театр усталари эътироф этган ролларини ҳам Яратган берган бетакрор, соҳир овозининг кучи ижобий маънода “эзиб қўйди”, холос. Шоирнинг “Тиллардан тилга кўч тирик достондай”, деган сўзларини унинг ўзи ғоят таъсирчан оҳангда ўқиганидек, Афзал Рафиқов номи ўзбек дубляжи тарихида қолади, овози келгуси авлодлар томонидан ҳам севиб тингланади, тиллардан тилларга кўчади.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates