Лойиҳани суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Кўрсатув продюсерлари Ўзбекистоннинг хорижий аудитория томошабинларга таниш бўлмаган тоғли ҳудудларини намойиш этишга алоҳида эътибор қаратишди. Телекўрсатув мавзусига кўра, голландиялик икки машҳур теле- ва кино актрисалар Эсми ван Кампен ва Ханна ван Влиет Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишади. Қийинчиликлар ва машаққатли йўлларни босиб ўтган дастур қаҳрамонлари маҳаллий аҳоли маданияти ва ҳаёти, диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
«Кўп йиллик тажрибамизга кўра, Ўзбекистонда суратга олиш жараёни, бошқа мамлакатларга нисбатан янада уюшқоқ, лўнда ва тартибли тарзда ўтди. Иш жараёнида ҳеч қандай муаммога дуч келмадик ва ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳамиздан мамнунмиз. Бошқа суратга олиш гуруҳларини ҳам биз каби Ўзбекистонга ташриф буюришини тавсия қиламан», - деди кўрсатув продюсери Манон ван Вугт.
Кўргазма иштирокчилари вилоят маркази Зомин ва Зомин миллий табиат боғида бўлишди. Бешкуб ва Дугоба қишлоқларида улар миллий таом «тандир-гўшт» ва Зоминнинг ўзига хос нони билан татиб кўришди. Кўрсатув қаҳрамонлари «Зомин» санаториясида тунаб, ушбу мажмуанинг ўзига хос тарихи билан танишишди.
Зомин-Бахмал йўли бўйлаб ҳаракатланган «Warner Brothers» компанияси аввал ёпилган маршрутни объектив орқали намойиш этган биринчи йирик жаҳон телекомпаниясига айланди. Шоу иштирокчилари «Айдаркул» кўл бўйидаги юрта оромгоҳида бўлиб, халқ мусиқаси билан яқиндан танишишди ҳамда «кўпкари» ўйини иштирокчисига айланишди.
Эртаси куни Эсми ван Кампен ва Ханна ван Влиет Нурота тоғлари орқали ўтадиган мураккаб йўлни, кўриш имкони паст шароитда ва қопламасиз тоғ изидан ўтишди. Дастур Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида «Раҳмдиллик» нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти билан танишиш билан якунланди.
Кўрсатув Нидерландия аудиторияси учун мўлжалланган ҳамда 2022 йилда эфирга узатилади.