Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси илғор хорижий тажрибага асосан ишлаб чиқилган. Стратегия талабларидан келиб чиқиб тегишли қонунчилик нормалари мувофиқлаштирилди. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбарлари ва кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни шакллантириш тартиби ишлаб чиқилди.
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш мақсадида тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар асосида 500 дан ортиқ давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва қарийб 600 та корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш белгиланди. Натижада 2021 йилда давлат иштирокидаги корхоналар сонини 30 фоизга қисқартиришга эришилди.
Бугунги кунда Стратегияда белгиланган “сот ёки тушунтир” тамойили асосида 2 мингдан ортиқ корхоналар хатловдан ўтказилиб, уларни сотиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш бўйича таклиф тайёрланди. Бу борадаги ишларни давом эттирган ҳолда 2025 йилгача давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш кўзда тутилмоқда.
Стратегия нормаларини амалиётга татбиқ этиш, жумладан йирик корхоналарга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадларни аниқлаш, дивиденд сиёсати ва аҳлоқ кодексини ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида 5 та халқаро ва маҳаллий компаниялар жалб этилиб, бу борада ишлар бошлаб юборилди.
Эндиликда давлат иштирокидаги корхоналар ва хусусий секторга тенг шароитлар яратиш мақсадида давлат корхоналарига эксклюзив имтиёзлар ва давлат кафолатларини тақдим этиш амалиёти бекор қилинади.
Корхоналар бошқарув органларига малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида Кузатув кенгаши мустақил аъзолари уюшмаси ташкил қилинди. Бугунги кунда 54 та давлат корхоналарининг кузатув кенгашларига 71 нафар мустақил аъзолар жалб этилган. Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан бошлаб, корхона раҳбарлари ва кузатув кенгаши аъзоларининг ваколати муддати уч йилгача узайтирилди – олдин бир йил эди.









