Эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи борасидаги янги меъёрлар

    Янги таҳрирда қабул қилинган бош қомусимизнинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан эътироф этилиши ҳамда кафолатланиши, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши конституцион норма сифатида белгиланди.

    Жумладан, Конституциянинг олдинги таҳририда ҳар кимга туғилганидан бошлаб унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тегишли бўлиши назарда тутилмаган эди.

    Эски таҳрирдаги Конституциямизда «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар»га доир 8 та модда (24-31-моддалар) бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда қўшимча 4 та модда (24-35-моддалар) қўшилди ва шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар янада аниқлаштирилиб, бойитилди. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар хусусида қуйидаги қўшимчалар киритилди:

    Ўзбекистон Республикацияда ўлим жазоси тақиқланади

    Конституциянинг 25-моддасига қуйидагича қўшимча қўшилди:

    «Ўзбекистон Республикацияда ўлим жазоси тақиқланади.»

    Шунингдек, ушбу конституциянинг ВИИ боби «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар»даги 25-моддасида «Ўзбекистон Республикацияда ўлим жазоси тақиқланади.» деган норманинг киритилиши ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлган яшаш ҳуқуқи ажралмас эканлигини ва у қонун билан муҳофаза қилинишини янада мустаҳкамлади. Бундай норма эски таҳрирдаги бош қомусий қонунимизда мавжуд эмас эди.

    Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас

    Конституциянинг 27-моддасига қуйидагича қўшимча қўшилди:

    «Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

    Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тильда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.»

    Бизга маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ичида эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ўзига хос аҳамиятга эга. Эркин инсон ижод қилиши, ўқиши, ишлаши ва бошқа ижтимоий фойдали машғулотлар билан шуғулланиши, шу билан бирга мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Инсон эркинлиги қонунга мувофиқ чекланиши мумкин ва у қонуний асослар бўлгандагина фақат суднинг қарорига кўра ҳибсга олиниши ва қамоқда сақлаб турилиши мумкин. Янги таҳрирдаги конституциямиз 27-моддасида белгиланган эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқида ҳам ўзига хос қўшимчалар киритилди. Жумладан, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тильда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.

    Ушлаб туришнинг халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари ва жиноят процессуал қонунчилигида назарда тутилган қоидаларини киритилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада қонуний кафолати бўлди.

    Айбсизлик презумпцияси, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши, айбсизлигини исботлаши шарт эмаслик ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқи

    Конституциянинг 28-моддасига қуйидагича қўшимча қўшилди:

    «Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.

    Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

    Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

    Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

    Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

    Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.»

    Айбсизлик презумпциясининг юқоридаги халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари ва жиноят процессуал қонунчилигида назарда тутилган қоидаларини киритилиши шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини янада қонуний кафолатидир.

    Малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши

    Конституциянинг 29-моддаси қуйидагича ифодаланди:

    «Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

    Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

    Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

    Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

    Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

    Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.»

    Конституциянинг эски таҳриридаги 29-моддасида «Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи» назарда тутилган бўлса, унинг янги таҳририда айнан шу моддада ҳар ким малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи, жиноят процессининг ҳар қандай босқичида адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқи, таржимондан фойдланиш ҳуқуқи, ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқи, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқи бош қомусимизда ўз ифодасини топди. Шахснинг ушбу ҳуқуқларининг кафолати фуқаролик жамиятига асосланган демократик давлат белгиларидан ҳисобланади.

    Одиллик принципи қоидаларининг ифодаланиши

    Конституциянинг 30-моддасига қуйидагича ифодаланди:

    «Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

    Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.»

    Ушбу моддага кўра ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Ҳар ким фақат расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши ва жазога тортилади. Шахс мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳам фақат расмий эълон қилинмаган қонун асосида амалга оширилади. Шунингдек, ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Ушбу қоида одиллик принципининг қоидаси бўлиб, шахс айнан битта жинояти учун бир марта жавобгарликка тортилиши ва такроран ҳукм қилиниши мумкин эмаслигини англатади.

    Тошкент давлат юридик универститетида талабаларга сабоқ бериш жарарёнида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» номли ВИИ бобида юқоридаги қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишининг ҳуқуқий асоси ва кафолати бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб, айни янги имкониятларни мустаҳкамлаш учун шу кунгача олиб борилган саъй-ҳаракатларни мисоллар асосида айтиб ўтмоқдамиз.

    Феруз ҲУДОЙҚУЛОВ,

    Тошкент давлат юридик университети доценти

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates