ЕТТБ 2023 ва 2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,5 фоизга ўсишини прогноз қилди

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 ва 2024 йилларда 6,5 фоизга ўсишини прогноз қилди. Бу бўйича банк ўзининг минтақавий иқтисодий прогнозида маълумот берган.

    Иқтисодиётнинг ўсишига хорижий инвестициялар, компаниялар ва жисмоний шахсларнинг мамлакатга кириб келиши, яхши ташкилланган хусусийлаштириш жараёни ва бизнес-муҳитнинг ислоҳ қилиниши таъсир қилиши айтилган. Бундан ташқари, ташқи боғлиқликнинг нисбатан кучсизланишига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётига Россиянинг Украинага қарши урушининг янада кучайиши ва пул ўтказмаларининг қисқариши қийинчилик туғдириши мумкинлиги қайд этилган.

    Банк Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иқтисодлари 2023 йилда ўртача 5,2 фоизга ўсишини прогноз қилган. Минтақа иқтисодиётининг ўсишига Россиядан корхоналар ва жисмоний шахсларнинг кўчиб келиши, бошқарувнинг яхшиланиши, товарлар экспортининг кўпайиши ва Хитой билан янги алоқалар сабаб бўлиши қайд этилган.

    Қайд этилишича, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодлари Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ нохуш геосиёсий ҳодисаларга чидамлилигини кўрсатган. Минтақа иқтисодларининг аксарияти халқаро фирмаларнинг Россия бозоридан чиқиб кетиши натижасида юзага келган бўшлиқда воситачи бўлиб, ўз маҳсулотларини етказиб бериб, Россия билан савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлаган. Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган. Бу эса банкларнинг депозитлари ва фойдаси ошишига хизмат қилган.

    Россия фирмалари ва жисмоний шахсларининг кўчиб келиши чакана савдо, кўчмас мулк ва меҳмондўстлик соҳаларида талабни оширган.

    Айни пайтда, Россиядаги кучли ишчи кучи талаби ва рублнинг мустаҳкамланиши сабаб меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳам ошган. 2023 йилнинг биринчи чорагида минтақа бўйлаб ўсиш давом этган. Лекин аксарият мамлакатларда истеъмол нархлари инфлясияси марказий банклар томонидан белгиланган мақсадли диапазонлардан анча юқори бўлиб қолган.

    Минтақа иқтисодлари яқин келажакда катта эҳтимол билан тез суръатларда ўсишда давом этади, бироқ фоиз ставкалари, инфлясия ва хом ашё нархи бўйича глобал тенденцияларга нисбатан ноаниқлик сақланиб қолмоқда.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates