Фарғона шаҳрида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби ташкил этилади

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Фарғона шаҳрида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактабини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

    Унга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси Лола Муротова томонидан яратилган бой тажрибани ёшларга етказиш орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида профессионал ва олий таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Фарғона шаҳрида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби ташкил этилади.

    2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Мактабга умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синф битирувчилари белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинади ва ўқув жараёни бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

    Мактабда:

    юридик шахс бўлмаган “Фермерлар мактаби” ташкил этилади ҳамда буюртмачилар маблағлари ҳисобидан фермерлар малака ошириш курслари йўлга қўйилади;

    таълим жараёнини бошқариш, шу жумладан, дарс жадвали, ўқувчилар баҳоларини қайд қилиш, педагог кадрлар ўқув юкламаларини белгилаш ва гуруҳ журналларини юритиш тўлиқ рақамлаштирилади.

    Ҳар йили 1 июнга қадар Фарғона вилояти ҳокимлигининг таклифи асосида Мактабга ўқувчиларни қабул қилиш параметрлари белгиланган тартибда шакллантирилади.

    Ўқувчиларни қабул қилиш параметрларига мос равишда юқори малакали мутахассислар ишга қабул қилинади ҳамда уларни соҳа ташкилотларида стажировкадан ўтказиш ишлари ташкил этилади.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда мунтазам равишда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-синф битирувчиларини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги касбларга йўналтириш чоралари кўрилади.

    2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Мактабда:

    тасдиқланган намунавий ўқув режаси доирасида “Германия тажрибаси” асосида ўқувчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш жорий этилади;

    таълим жараёнини сифатли ташкил этиш ва методик ёрдам кўрсатиш учун Мактаб Фарғона давлат университети бириктирилади, университет ҳар ўқув йили якуни бўйича кадрлар тайёрлаш устидан тизимли назорат ўрнатади.