Тошкент шаҳрининг турли туманларида ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари қайд этилди.
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро Олмазор туманидаги “Жийдали” маҳалласида вақтинча яшаб, 2025 йил май ойидан буён 15 нафар ёшларга ноқонуний диний таълим бериб келган. У шунга яраша ҳар бир ўқувчидан 150 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олган. Аниқланишича, ўқувчиларнинг кўпчилиги — турли вилоятлардан келган 2004–2014 йилларда туғилган шахслар бўлиб, уларнинг 11 нафари вояга етмаган. Улар орасида 3 йилдан буён мактабга бормаётган ўқувчи ҳам мавжуд.
Худди шу маҳаллада ижарага олинган яна бир хонадонда Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро томонидан ҳам ноқонуний диний таълим бериш ҳолати қайд этилди.
У 10 нафар вояга етмаган болаларга дарс бергани, эвазига ҳар биридан 100 АҚШ доллари ҳамда егулик сифатида озиқ-овқат талаб қилгани маълум қилинди. Шунингдек, ушбу шахс болаларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириш мақсадида хонадонда қўлбола ертўла қурдирган. У темир қопқоқ ва тош-қум билан ёпилган бўлиб, болалар хавфсизлиги жиддий хавф остига қўйилган.
Ҳар икки ҳолат бўйича маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, мазкур шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси асосида жавобгарликка тортилди. Шу билан бирга, улар махсус голограммага эга бўлмаган, норасмий чоп этилган диний мавзудаги адабиётлар ва қўлёзмалардан фойдалангани аниқланди.
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ҳам диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ҳолати фош этилди.
Бувайда туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро ўз яшаш хонадони ва овқатланиш шохобчасида босмахона ташкил қилган. У ерда диний мазмундаги китобларни чоп этиб, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги китоб дўконларига етказиб берган.
Тадбир давомида 1210 дона тайёр китоб, 2000 дона ярим тайёр босма маҳсулоти ҳамда 6 та чоп этиш ускунаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Мазкур шахс аввал ҳам — 2024 йил июль ойида — диний китобларни ноқонуний чоп этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, шунга қарамай фаолиятини қайта давом эттирган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фақатгина диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан сўнг, белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.
Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Бу қоидалар жамиятда конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенглик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилгандир.









