Кўп миллатли Катпут қишлоғи Олтиариқ туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган. Қўшни Қирғизистон сарҳадлари билан туташиб кетган бу МФЙ да давлат хизматлари маркази «Катпут» филиалининг иш бошлаши минглаб оилалар учун чинакамига қувончли хабар бўлди, дейиш мумкин.
Гап шундаки, қишнинг аёзли, ёзнинг жазирама кунларида узоқ масофадан келадиган фуқаролар учун айни муддао бўлди. Чунки бу янги очилган филиал эндиликда «Катпут»нинг «Янги аср», «Толкўча», «Бўрболиқ» ҳудудининг «Зилол», «Шалола», «Гулобод» маҳалла фуқаролари йиғинининг 15 минга яқин аҳолиси учун хизмат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, ДХМ филиалида ҳам фуқаролар ва тадбиркорлар учун марказдаги каби 170 дан ортиқ хизматлардан тўлиқ фойдаланиш мумкин.
Давлат хизматлари марказлари филиаллари айни кунларда жисмоний ва юридик шахсларга мобил давлат хизматларини кўрсатиши билан аҳамиятли. Ҳудуд аҳолисига кўрсатилаётган хизматлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар, йўл-йўриқлар берилади.
Шуни таъкидлаш керакки, филиалларнинг маҳаллий аҳоли таклифи асосидаги белгиланган кун ва вақтда ишлаётгани халққа манзур бўлаётир.
Маълумот учун: Бугунги кунга келиб Фарғонада ДХМ филиаллари сони 11 тага етди. Айни дамда Бешариқ туманида «Рапқон», Сўх туманида «Тул», Учкўприк туманида «Оқ сув», Бувайда туманида «Бувайда», Фарғона туманида «Шохимардон», «Чимён», Қува туманида «Акбарабод», Фурқат туманида «Чекчувалдоқ», Қувасой шаҳрида «Қўчқорчи», Фарғона шаҳрида «Қиргули» филиаллари фаолият олиб боряпти. Биргина филиаллар томонидан 2022 йилнинг шу даврига қадар фуқароларга 31 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Элёр Эксанов.