У.Апель Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни ва ГEФнинг сўнгги молиялаштириш даврларида ажратилган грант маблағларидан фаол фойдаланиш муносабати билан эришилган ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, у Марказий Осиёда минтақавий ўзаро ҳамкорликнинг фаоллашуви ва муносабатларнинг мустаҳкамланиши, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларнинг трансчегаравий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ГEФ қум-чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш соҳасида қўшма минтақавий дастур ва ташаббуслар учун маблағ ажратишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, ГEФ томони 2026–2030 йилларга мўлжалланган тўққизинчи молиялаштириш цикли доирасида молиявий томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Маълумот учун, ГEФнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган саккизинчи молиялаштириш цикли доирасида Ўзбекистон Республикасига 13 миллион доллар миқдорида грант маблағлари ажратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг 11-иловасига мувофиқ, БМТ ФАО, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда молиялаштиришга тақдим этиш учун лойиҳа таклифининг 2 та концепцияси ишлаб чиқилди.
Учрашув якунида Глобал экологик фонд ижрочи директори ва раиси 2024 йил 12–17 февраль кунлари Самарқандда ўтказиладиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (COP -14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишида иштирок этиши маълум бўлди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.