2000-2003 йилларда Бонн шаҳридаги Бетховен гимназияси билан “Ўқувчилар алмаштириш” лойиҳаси амалга оширилган. Икки давлат маданияти, урф-одатлари, таълим тизими билан яқиндан танишиш мақсадига йўналтирилган мазкур лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ ўқувчилар Бонн шаҳрида бўлиб, тенгдошлари оилаларида яшаб, немис тилида мулоқот қилди ва немис маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
2003-2005 йилларда Бонн шаҳрининг Emili Hayermann мактаби билан “Электр энергиясини иқтисод қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик олиб борилди. Бунда ҳар икки мактаб ўқувчиларида табиатга эҳтиёткорона муносабат, электр, сув, газ каби неъматлардан ўринли фойдаланиш, уларни тежаб ишлатиш каби кўникмалар шакллантирилди. Натижада мактаб ўқувчилари 2010 йилда Хитойда ўтказилган “Энергияни иқтисод қилиш 50/50» ЭКСПО халқаро кўргазмасида ўз лойиҳалари тақдимоти билан муваффақиятли иштирок этди. Лойиҳа бўйича олиб борилган ишлар Европа Иттифоқи ташкилоти томонидан ўрганилиб, ижобий деб топилди ва мактаб Европа давлатлари мактаблари қаторида халқаро “Келажак мактаблари-21», яъни 21 асрнинг илғор мактаблари сирасига киритилди.
2018 йилда мактаб “PASCH -ҳамкор мактаблар” лойиҳаси таркибига киритилди. Мазкур лойиҳа давомида олиб борилган самарали ишлар натижасида 2019 йилдан ҳозирга қадар мактаб ўқувчиларининг 60 нафардан ошиғи халқаро сертификатларни қўлга киритди.
Шунингдек, лойиҳанинг фаол иштирокчиларидан бўлган ўқувчилар Ҳ. Раджабовнинг “Экология” мавзусида олиб борган тарғибот ишлари “Federsammer” мажмуасига (Германияда чиқадиган) киритилди, Н. Наврўзова, М. Баффоевлар эса “Бухоро яҳудийлари” номли ҳужжатли фильмни суратга олиб, муваффақиятли тақдимот қилди. Бу жараёнлар Германияда чиқадиган “Vitamin.de” ёшлар журналида ёритилди. Иқтидорли ўқувчилардан яна бири – Сабрина Сайфуллаева лойиҳа доирасида 2020 йил Берлин шаҳрида ўтказилган Wannseye – ёшлар форумида муваффақиятли иштирок этди. PASCH лойиҳасида фаол иштирок этган 3 нафар ўқувчи ёз ойида Германиянинг Пфортшайм шаҳридаги ёзги лагерда дам олиб қайтди.
Немис тилини чуқур ўрганаётган ўқувчилар бугун фан олимпиадалари ва халқаро танловларда ҳам фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этиб келяпти.
Мазкур таълим муассасаси Германия шаҳарлари билан анъанавий ҳамкорлик лойиҳасини давом эттиряпти. Навбатдаги “Ўқувчилар алмаштириш” лойиҳаси қадимий Axen гимназияси ҳамкорлигида амалга оширилиб, айни пайтда гимназиянинг 14 нафар ўқувчиси ва 4 нафар ўқитувчиси Бухорода бўлиб турибди.
Лойиҳа доирасида ўқувчилар мактабдаги тенгдошларининг оилаларида яшаб, тенгдошлари билан бирга мактабда таълим олади. Шунингдек, Бухоронинг қадимий гўшалари бўйлаб саёҳатда бўлади, миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз билан яқиндан танишишади.
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.