Уларнинг табиатга, Чорвоқ сув омбори мисолида ўз келажаги, Ватан тақдирига дахлдорлигини эътироф этган ҳолда, юртимиз ҳайвонот дунёсига масъул ходим ўлароқ айни мавзуга доир бир жиҳатни айтишни лозим топдим.
Бўстонлиқ туманининг Чорвоқ сув омбори ҳудудида дам олиш мажмуасини барпо этиш учун мўлжалланган ер умуртқали ҳайвонларнинг ноёб, эндемик ёки муҳофаза қилинадиган турлари яшайдиган муҳим жой эмас.
Шу ўринда Чорвоқ сув омбори тарихига бир назар солсак. Пойтахтимиз аҳолисининг асосий ичимлик сув захираси ҳисобланган мазкур сув омбори 1963-1970 йилларда қурилган. Асосий мақсад Чирчиқ дарёси юқори қисмини тўсиб, атрофдаги ҳудудларни бир меъёрда суғориш ва аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, шунингдек, гидроэнергетика учун қулай шароит яратишдан иборат бўлган.
Ушбу сув омбори Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Сув омборига Пском, Кўксув, Чотқол каби тоғ дарёларининг суви қуйилади. Сув юзасининг майдони 40,1 километр квадрат, эни айрим жойларда 10 километр, узунлиги 19 километр, ўртача чуқурлиги 55 метр, қирғоқ чизиғининг узунлиги 100 километрга яқин.
Бу ҳудуднинг замонавий фаунаси асосан тулки, чиябўри, ўрмон олмахони, шунингдек, турли қушлар, майда кемирувчилар ҳамда умуртқасизларнинг кенг тарқалган ва антропоген таъсирларга мослашган турлари билан ифодаланади. Юқори даражада ихтисослашган, ноёб ва тор доирадаги турлар учрамаслигини ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, агар лойиҳа доирасидаги қурилиш ишлари ҳайвонларнинг кўпайиш давридан ташқа-ри — баҳор ва ёз фасли бошларида бажарилса, бу турлар яшаш муҳитига ўхшаш атрофдаги ҳудудларга мустақил кўчиб ўтиши мумкин.
“Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳалаштирилган ҳудудга туташган сув омборининг қирғоқ зонаси аллақачон сезиларли антропоген ўзгаришларни бошдан кечирган, яъни зич ривожланиш, марказлашган сув оқова тизими йўқлиги, сув зонасининг кичик ўлчамдаги сув транспорти билан мунтазам ифлосланиши каби жараёнлар кузатилмоқда. Шу билан бирга, капитал қурилиш объектларининг ҳар бирини лойиҳалашда биохилма-хилликка салбий таъсирларни дастлабки баҳолаш, шунингдек, улардан фойдаланиш жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чоралари мавжудлиги ва риоя этилиши тўғрисида умумий маълумотлар йўқ.
Халқаро амалиёт ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция тавсиялари, шунингдек, миллий экологик қонунчилик бўйича мажбуриятларга кўра, қирғоқбўйи ёки экологик жиҳатдан таъсирчан ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини бошлашдан олдин лойиҳанинг атроф-муҳитга, хусусан, биологик хилма-хилликка таъсирини баҳолаш талаб қилинади. Бундай баҳолаш натижаларига кўра, атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши керак.
Жумладан, қурилишдан олдин халқаро ва маҳаллий даражадаги экспертлар томонидан биологик хилма-хиллик ҳолатини баҳолаш, мажмуа ишга туширилгандан сўнг биологик хилма-хиллик мониторингини мунтазам юритиш ва салбий таъсирларни юмшатиш чораларини кўриш, оқова сувни тозалаш тизимини ўрнатиш ва ундан самарали фойдаланиш зарур. Шунингдек, маҳаллий фауна аъзоларининг кўпайиш фаслини ҳисобга олган ҳолда қурилиш жараёнларини режалаштириш, ёввойи ҳайвонлар кўчиши ва яшаш муҳитини таъминлаш бўйича табиий ландшафт элементларидан фойдаланган ҳолда “яшил йўлаклар” ва бошқа амалий чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, компенсация чоралари доирасида белгиланган дарахт ва буталарни экиш жараёни ихтисослаштирилган илмий муассасалар ва маҳаллий ботаник олимлар билан келишилган ҳолда бажарилиши тавсия этилади. Экиладиган дарахтлар тури табиий қирғоқ тузилиши ва функцияларини сақлашни ҳисобга олган ҳолда минтақа шароитига мослаштирилган бўлиши керак.
Ушбу лойиҳани амалга оширишнинг оптимал стратегияси экологик жиҳатдан интеграциялашган ёндашувдир. У биотик алоқалар ва экотизимлар яхлитлигини минимал даражада ўзгартирган ҳолда табиий ландшафтларга ривожланиш элементларини уйғунлаштиради. Фақат шу йўл билан қирғоқ ҳудуди ривожланишининг барқарорлиги ва экологик хавфсизлиги таъминланиши мумкин.
Бахтиёр ХОЛМАТОВ,
Фанлар академияси
Зоология институти директори,
биология фанлари доктори, профессор









