Агар талаб этилган меҳнат стажига эга бўлмаганларга ҳам пенсия тайинланадими?
Саволга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Фаррух Назиров жавоб берди:
— Фуқаролар агар талаб қилинган иш стажига эга бўлмаса, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга нафақа тайинланади. Бунда аёллар 60, эркаклар 65 ёшдан.
Ундан ташқари, ногиронлиги бор болаларни парваришлаган оналарга имтиёз тариқасида 55 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқади. Ушбу нафақа инсон омилисиз тайинланади. Уни тайинлаш учун фуқаролар давлат хизматлари марказлари, “Инсон” марказларига ёки ўзлари яшаётган маҳалларидаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилади. Ушбу нафақанинг миқдори бугунги кунда 745 минг сўм деб қатъий белгиланган.
— Худди шундай ҳолатда ҳужжатлар қай тартибда кўриб чиқилади?
— Нафақаларни тайинлаш тўлиқ автоматлаштирилган. Унда фуқароларнинг мурожаатлари Миллий ижтимоий ҳимоя ахборот тизими орқали вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимизга юборилган сўров орқали нафақа тайинлаш ёки рад этилиш бўйича қарор қабул қилинади. Бунда фуқароларнинг нафақа тайинлангани ёки рад этилгани тўғрисида маълумотлар уларнинг мобиль телефонларига смс орқали юборилади. Фуқаро тегишли ёшга етмаганда ёки бўлмаса пенсия жамғармаси томонидан пенсия тайинланган ҳолатларда нафақа тайинлаш рад этилади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда 86 мингдан зиёд фуқаро шу турдаги нафақа олади.









