Мазкур ҳужжат билан айрим қонунларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг зиммасига дафн этиш учун нафақани бериш вазифасини юклаш, унинг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилаш, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этиш билан билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмайди.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.
Қонун билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлик қилиш учун йўналтирилган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилиши белгиланмоқда.