Илм-фан ва бизнес ўртасидаги "олтин кўприк"

    Икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида 15дан ортиқ ялпи мажлислар, “Business to Business” (B2B) форматида музокаралар ташкил этилди ва умумий қиймати 28,5 миллион долларлик 7 та меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, ўзаро келишувларга эришилди.

    Ўзбекистон ва Эрон иқтисодиёти ўзаро манфаатли тарзда бир-бирини тўлдириб, биотехнология, тўқимачилик, электротехника, кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда ҳамкорлик кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда.

    Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар натижасида сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 баравар кўпайди. Икки томонлама мулоқотлар ва ўзаро алмашинувларнинг фаоллашуви кузатилиб, савдо кўрсаткичлари ва кооперация лойиҳалари сони ҳам ортиб бормоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, ўтган йили товар айирбошлаш 73 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 22 фоизга ошди.

    Шу йил 19 июль куни Президентимиз мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлган Эрон Ислом Республикаси Президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича вице-президенти Сорена Сатторийни қабул қилди.

    Ташриф доирасида Ўзбекистон — Эрон илм-фан ва инновациялар форуми бўлиб ўтди. Кўп қиррали ҳамкорликнинг асоси — фан, инновация ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришдан иборат бўлиб, қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бунинг натижасида эса изланиш ишлари ва венчур ташаббусларини молиялаштиришга хусусий секторни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Мазкур форум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги кўргазмалар залида Ўзбекистон ва Эрон инновацион компаниялари ва стартаплари маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

    Кўргазмада Эроннинг 45 га яқин етакчи компаниялари 100 дан ортиқ инновацион маҳсулотлари, технология ва янги ишланмаларнинг прототиплари, саноат намуналари билан қатнашди. Икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тиббиёт, ахборот технологиялари ва озиқ-овқат саноати каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида 15дан ортиқ ялпи мажлислар, “Business to Business” (B2B) форматида музокаралар ташкил этилди. Натижада умумий қиймати 28,5 миллион долларлик 7 та меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, ўзаро келишувларга эришилди.

    Сорена САТТОРИЙ, Эрон Ислом Республикаси вице-президенти:

    — Мамлакатларимизнинг биотехнологиялар соҳасида эришган ютуқлари, муштарак қарашлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка бўлган интилиши алоҳида эътиборга молик. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт кўрсаткичлари мени хурсанд қилди. Соҳаларни бугунгидан ҳам ривожлантириш учун хусусий секторга янада кенгроқ йўл очиш лозим. Давлат раҳбари мана шу ҳақиқатни тўғри англагани боис ҳам илмга асосланган иқтисодиётни ривожлантиришда тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон ва Эрон иқтисодиёти ўртасида муштаракликлар кўп. Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлигимиз бундан ҳам кучайишига ишонамиз. Олий таълим ва илмий ташкилотлар ўртасида ўзаро алмашинув алоқаларини кенгайтиришимиз лозим.

    Биз биотехнология соҳасидаги стартап ва илмий лойиҳаларни молиялаштириш орқали олимларимизнинг биргаликда илмий ишлар билан шуғулланиб, натижаларини тижоратлаштириши учун шароит яратиш, қолаверса, стартап лойиҳалар доирасида инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини оширишга тайёрмиз. Тез кунларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сабаб кўплаб корхоналар ташкил этилади. Фан ва инновациялар соҳасига инвестиция киритишни ҳар икки давлат манфаатларига мос тарзда инновацион тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган ўзига хос ёндашув деб биламан. Икки томонлама савдо айланмаси 400 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади. Форум доирасида эришилган битимлар мана шу кўрсаткичнинг янада юқорилашига хизмат қилади.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, инновацион ривожланиш вазири:

    — Ўзбекистон ва Эрон ўртасида барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари кенг кўламда ривожланиб бормоқда. Айниқса, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз ўзгача мазмун касб этмоқда. Ўзбекистонда 400 га яқин Эрон сармояси иштирокидаги корхоналар фаолият юритаётгани фикримизнинг исботи. Эндиликда биз қўшма илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, инновацияларни амалиётга татбиқ этиш жараёнида илмни катта фойда берадиган маҳсулотга айлантириш учун хусусий секторни жалб қилиб, илмий ҳажмдор корхоналар фаолиятини йўлга қўямиз.

    Эронда инновацияларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига татбиқ этиш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, стартап экотизимини шакллантириш каби масъулиятли вазифалар катта муваффақият билан бажариб келинмоқда. Икки мамлакатнинг ҳамкорлиги илм-фан ва бизнес ўртасидаги “олтин кўприк” бўлиб, томонлар иқтисодиётининг ривожига хизмат қилади.

    Ҳозир жадал суръатлар билан рақамлаштириш ривожланяпти ва бунинг бир хавфи бор. Ҳамма нарса рақамлаштирилса, инсонлар нима қилади? Ишчи ўринларини йўқотмаймизми? Келажакда шу саволлар пайдо бўлади. Демак, эндиликда компьютер бажара олмайдиган ишчи ўринларини яратишимиз керак. Бу борада биотехнологиялар соҳаси ҳам асқотади. Эрон томони мана шу ёндашувимизга қизиқиш билдириб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янгича ёндашувларимиз бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқчи. Форум инновацион ҳудудлар ва кўплаб корхоналар учун янги уфқларни очади.

    Муҳаммад БЕҲЕШТИ, Эроннинг “Masoo” компанияси раҳбари:

    — Бугунги кунда Ўзбекистонда кўплаб инновацион компаниялар, технопарклар ва IT марказлари ташкил этилган бўлиб, улар турли соҳаларда, жумладан, телекоммуникация, тиббиёт ва фармацевтика, биотехнологиялар бўйича ғоялар ва ихтироларни тижоратлаштириш, маҳсулотларни ички ва жаҳон бозорларига олиб чиқиш учун хизмат қилмоқда.

    Ўзим тадбиркор бўлганим учун ҳам доим кузатиб бораман: Ўзбекистонда илм-фан ва инновацияларга асосланган корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун ўзига хос механизм йўлга қўйилмоқда. Ўзбек олимлари томонидан яратилаётган инновацион лойиҳалар ва янги турдаги маҳсулотлар жаҳон бозорларига ҳам кириб бораётганидан маълумки, мамлакатда илмга асосланган иқтисодиёт тез суратларда тараққий этмоқда.

    Компаниямиз парранда озуқа маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган. Ҳозирги кунда парранданинг юқори вазн йиғиши ва кўпроқ тухум беришини таъминлайдиган қирқдан ортиқ фойдали элеметларни ўз ичига олган гранула кўринишидаги маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз. Экспорт географиямиз кенг. Форум доирасида соҳада фаолият юритаётган ўзбек корхоналари билан шартномалар имзоладик. Эндиликда қўшма лойиҳа асосида мазкур инновацияни Ўзбекистонга ҳам жорий қиламиз. Ўз навбатида, юртингизда мавжуд технологияларни ўзимизнинг иқтисодиётда ҳам қўллаймиз.

    Шахобжон ШАРИФОВ, “Яшнобод” инновацион технопарки директори:

    — Эронда билимга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш орқали бойлик яратишга кўмаклашиш мақсадида Science and Technology (S&T) парклари ташкил этилган. Бундай технопарклар тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш ва иқтисодиётнинг илмий-тадқиқот, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ўртасидаги алоқаларни яхшилашга, шу билан бирга, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

    Форум доирасида “Яшнобод” инновацион технопарки ва Эроннинг “Andishmandan noavar pasargat” компанияси ўртасида икки мамлакат тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, “Digirtashs” компанияси билан “Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш технологияси” бўйича қиймати 1 миллион АҚШ долларлик янги технологиялар трансфери бўйича ҳамкорлик шартномаси ҳамда бошқа етакчи компания билан “Қўй ва эчки жунидан лесонин ва ленонин мойларини олиш технологияси” бўйича ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Феруза ЖЎРАЕВА ёзиб олди

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates