Интенсив боғлар баракаси

    Оддий олмали боғнинг бир гектаридан 10-20 тоннагача ҳосил етиштириш мумкин. Пакана ва ярим пакана дарахтлардан эса 50-80 тоннагача ҳосил олса бўлади.

    Хатирчи тумани азалдан узумзор боғлари ва майизи билан машҳур. Жорий йилда бу ерда 1 690 гектар майдонда токзор ҳамда 540 гектар ерда боғ барпо этиш режага киритилган. “Кўксарой” маҳалласида жойлашган “Зарафшон голден сити” фермер хўжалигида жорий йил 100 гектар майдонга 111 000 дона ток экиш ҳисобига узумзор яратишни мўлжаллаган бўлса, ҳозирга қадар унинг учдан бирига қора кишмиш нави экилди.

    “Тriumf fruitgardens” фермер хўжалигида барпо этилаётган 40 гектар боғнинг қарийб ярмига олманинг интенсив нави Голден делишес кўчатлари ўтқазилди.

    Фермерлар интенсив боғларнинг афзаллигини яхши билади. Ҳосилга тез кирадиган мевали дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун уларга ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевасини териш ўта қулай. Бундай боғларда ниҳоллар танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати юқори бўлади. Мевасини териш ҳам анча қулай. Масалан, оддий олмали боғнинг бир гектаридан 10-20 тоннагача ҳосил етиштириш мумкин. Пакана ва ярим пакана дарахтлардан эса 50-80 тоннагача ҳосил олса бўлади. Негаки, қуёш нурлари тушиш даражаси ва фотосинтез жараёни яхши кечгани сабабли ҳам маҳсулдорлиги юқори бўлади.

    — Туманимизда жорий йил 198 нафар фермер, тадбиркор томонидан интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этилади, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Хатирчи туман бўлими катта инспектори Жамолиддин Бобомуродов. — Ерларни сифатли тайёрлаш, кўчат ўтқазишда уни сертификатланганига аҳамият қаратиш, зарур агротехник тадбирларни кечиктирмай вақтида олиб бориш бўйича фермер, тадбиркорларга тавсиялар беряпмиз ва яқиндан ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки, кўкламнинг бир куни йилга татийди. Қир-адирлардаги майдонларни экишга тайёрлаш билан бирга, тик қудуқлар қазиш, электр энергияси тармоқларини тортиш ишлари давом этяпти.

    Нурота туманида эса 635 гектар майдонда янги боғ, 1 045 гектар ерда токзор барпо этилади. “Nurota Golden Grapes” МЧЖ томонидан яратилаётган 40 гектар майдондаги узумзорга томчилатиб суғориш технологияси ҳам ўрнатилди.

    — Токзоримизга экилган кўчатлар уч йилда ҳосилга киради, — дейди жамият раҳбари Шарофат Эломонова. — Ҳосилдорликнинг юқори бўлиши кафолатланган. Пировард мақсадимиз — узумларни қайта ишлаш ва чет элга экспорт қилиш.

    Навоий вилоятида жорий йилда 7012 гектар майдонда интенсив боғ ва узумзор яратиш, 724 гектар токзор, 579 гектар боғда томчилатиб суғоришни жорий этиш режалаштирилган. Бу борадаги ишлар асосан160 дан ортиқ фермер хўжалигида амалга оширилади. Шу боис уларнинг ажратилган ерларни кўчат экишга тайёрлаш ва уларга ҳосилдор навларни етказиб бериш бўйича олиб бораётган тадбирлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан назорат остига олинган. Жумладан, боғ яратиш учун бугунги кунга қадар 2,6 миллион тупдан ортиқ кўчат зарур бўлиб, унинг ярмидан кўпи етказиб берилди. Бунда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари билан шартномалар тузилаётгани қўл келяпти.

    Токзорлар барпо қилиш учун эса талаб қилинадиган 4,3 миллион туп кўчатнинг 2,8 миллион донаси фермер ва тадбиркорларга етказиб берилди. Шу пайтга қадар 1,5 минг гектардан ортиқ майдонда токзорлар барпо этилди.

    Президентимизнинг жорий йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида 2021 йил 31 декабрга қадар маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга улар қийматининг 20 фоизигача Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланганлиги фермер ва тадбиркорларни баҳорги кўчат экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли башаришга рағбатлантиряпти ва руҳлантиряпти.

    Қолаверса, шу ой бошидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ривожлантириш учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли давр эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилди. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини харид қилиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан: фоиз харажатларини қоплаш учун миллий валютада кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан, хорижий валютада кредитлар бўйича – белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация тақдим этилиши мўлжалланмоқда. Бу боғбон ва соҳибкорларга молиявий кўмак бўлиши баробарида янгидан-янги инновацион режаларни ҳаётга татбиқ этишга бўлган ишончини янада оширади.

    Зулфия Бобоева,

    “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят

    бошқармаси бош инспектори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates