Инвестициялар – трансформациянинг локомотиви

    Гидроэнергетика сув ресурслари механик энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланишнинг энг мақбул ечими сифатида мамлакат иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга.

    Сув оқими энергиясини электр энергиясига айлантиришга хизмат қилувчи ушбу йирик табиий ва сунъий тизим яшил энергетиканинг ажралмас қисмидир.

    Бугун дунё бўйлаб энергия ресурсларига талаб ортаётгани, углеводород хомашёси захираси камайиб бораётгани янги муқобил энергия манбаларини топиш ва жорий қилишни тақозо этади.

    Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар қилиняпти. Электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, арзон, ишончли ҳамда барқарор замонавий энергетикани жорий этиш кун тартибидаги долзарб масалага айланган.

    Айни пайтда Ўзбекистонда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш устида иш олиб борилмоқда. Президентимиз учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида ҳам ушбу масалага тўхталди. Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш минтақамиз учун долзарблиги, бу борада мамлакатимизда кўплаб лойиҳалар устида ишлар давом этаётганини таъкидлади.

    Узоқни кўзлаб қилинаётган саъй-ҳаракатлар замирида минтақа манфаатлари мужассам эканига барчамиз амин бўляпмиз. Зеро, 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қуввати барпо этиш ва энергетика мувозанатида унинг улушини 40 фоизга етказиш сари катта қадамлар ташланмоқда. Ўтган йилнинг ўзида “Masdar”, “Gezhouba”, “China Energy” каби стратегик ҳамкорлар ёрдамида 1,4 гигаватт қувватли йирик шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилгани фикримиз тасдиғидир.

    “ACWA Power” билан ҳамкорликда “яшил водород” ишлаб чиқариш лойиҳаси бошлаб юборилгани ҳам катта янгилик бўлди. Бундай ўзгаришларнинг муҳим жиҳати шундаки, амалдаги лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан юзага чиқмоқда.

    Давлатимиз раҳбари Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳасининг стратегик аҳамиятини дадил ифода этган ҳолда, барча етакчи компанияларни очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка чақирди. Инвестиция дипломатияси Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг мустаҳкам драйверига айланиб бормоқда. Чунки бугуннинг талаби шундай: инсон ва эҳтиёжлари дунё бозорини ҳаракатга келтириш билан бирга, соҳалар келажагини белгилаб бермоқда.

    Табиийки, демографик ўсиш натижасида юртимизда ҳар йили энергияга талаб 5-6 фоизга ошиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, келгуси 6 йилда мамлакатда электр энергиясига талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт-соатга ўсиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич қайта тикланадиган энергия манбалари бизга нечоғлиқ зарур эканини англатмоқда. Ўсиш жараёни эса халқнинг яшашга иштиёқи, оилаларнинг фаровон турмуш сари интилиши ҳамда давлат сиёсатига ишончини яққол кўрсатиб турибди.

    Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида 1860 мегаваттли Қамбарота ГЭСи қурилади. Жорий йил якунига қадар яна 2 гигаваттдан ортиқ яшил энергия қуввати ишга туширилади. Натижада яшил энергия қувватини 18 фоиздан 30 фоизга ошириш кутилмоқда. Бундан ташқари, ушбу энергиядан фойдаланиш 2030 йилга бориб, жами истеъмолдаги энергиянинг 50 фоизини ташкил этади.

    Шу муносабат билан халқаро ҳамкорлик ва электр энергияси савдоси бўйича энди қўшни давлатлар билан ҳамкорликда 3,2 миллиард доллар қийматидаги иккита катта гидроэлектр станцияси лойиҳаси амалга оширилади.

    Қамбарота гидроэлектр станцияси қурилиши лойиҳаси Қирғизистон ҳудудида 5,6 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Минтақадаги сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланиш шароити яратилиши баробарида, барча учун ҳам манфаатли лойиҳа амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Эътиборли яна бир масала Тожикистон билан ҳамкорликда Зарафшон дарёсида барпо этилиши режалаштирилган 320 мегаваттли Яман гидроэлектр станциясидир. Икки босқичли ушбу лойиҳа орқали йиллик 430 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган 100 мегаваттли станция ишга туширилади. Бу каби йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида минтақадаги муносабатлар янада яхшиланиб, ўзаро ишонч тобора мустаҳкамланиб боради.

    Иқтисодий ва инвестициявий барқарорлик сари фаол қадам ташлаётган Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришга, экологик муаммоларнинг олдини олишга, қазилма энергия ресурсларига талабни оқилона йўл билан қоплаш ва иқтисодий тараққиётга дунё аҳлини чорламоқда. Зеро, янги Ўзбекистон кашф этаётган янги йўллар халқни ёруғ манзилларга олиб чиқади.

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат университети ректори,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 92-сонида (2024 йил 14 май) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates