Исматулла Иргашев Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича вакили билан учрашди

    Халқаро ҳамкорлик 22 ноябр 2022 1865

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Юэ Сяоюн билан музокаралар ўтказди.

    Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг Афғонистон инқирозини тинч йўл билан тартибга солиш, мамлакатга тез орада гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлари юзасидан фикр алмашинилди.

    ХХР ТИВ вакили Ўзбекистон Раҳбариятининг Ўзбекистон-Хитой мулоқотини, шу жумладан Афғонистон йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш сиёсатини юқори баҳолади.

    Томонлар қайд этганидек, Афғонистондаги кескин ижтимоий-гуманитар инқирозни бартараф этиш, бу ерда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга кўмаклашиш фақат ушбу давлат янги ҳукуматига нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг муштарак ёндашувларини ишлаб чиқиш асосидагина амалга оширилиши мумкин.

    Шунингдек, Афғонистон ҳудудида энергетика ва транспорт-логистика соҳасида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.

    Ўзбекистон ва ХХР махсус вакиллар даражасида Афғонистон масаласида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.