Испанияга келган ноқонуний муҳожирлар сони рекорд даражага етди

    Бир йил ичида Испанияга 50 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир кириб келган. Бу ҳақда Синьхуа Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.

    Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 январидан 15 декабригача Испанияга турли йўналишлар бўйича 52 945 нафар ноқонуний мигрант келган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 76,2 фоизга кўпдир.

    Испания охирги марта 2018 йилда бунчалик кўп ноқонуний муҳожирларга дуч келган, ўшанда мамлакатга 57 498 киши ноқонуний кириб келганди.

    Маълумотларга кўра, бу йил ноқонуний мигрантларнинг катта қисми денгиз орқали келган. Уларнинг 72 фоизи Канар оролларига етиб келди, бу аввалгидан 140 фоизга кўп. Бу 2006 йилдан бери ороллар учун янги рекорддир.

    Ноқонуний миграциянинг “Канар йўли” дунёдаги энг хавфли ҳисобланади, чунки одамлар очиқ океанда камида 100 километр масофани босиб ўтишлари керак, деб хабар беради korrespondent.net.

    Caminando Fronteras нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, 2018-2022 йиллар давомида бу йўлда камида 7800 муҳожир ҳалок бўлган.