Cуҳбат аввалида университет вакиллари эътиборига сўнгги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мазкур соҳани ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, вазифалари, яқин ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилашда, ҳамда жабҳага доир дастур ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун муҳим асос бўлаётгани таъкидланди.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 213 тага етгани, шундан 166 таси давлат, 67 таси нодавлат, 30 таси Буюк Британия, Италия, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Латвия ва бошқа давлатлар билан биргаликда ташкил этилгани билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 42 фоиздан ошгани алоҳида урғуланди.
Испания вакиллари «UNIVERSAE» фаолиятига доир маълумотлар билан ўртоқлашиб, олий таълим муассасасининг мақсади, вазифалари ва истиқболли режалари ҳақида сўзлаб бердилар. Янгича ўқитиш тизимини татбиқ этган ҳолда университетда ҳар йили иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлаш учун минглаб юқори малакали мутахассислар тайёрлаб келиняпти.
Маълум қилинишича, университет нафақат хорижий олий таълим муассасалари, балки йирик корхоналар билан таълим соҳасида ҳамкорлик қилади ва уларни керакли малакали мутахассислар билан таъминлайди.
Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган иқтисодий, ижтимоий, демографик салоҳиятини, унинг қўшни мамлакатлар билан олиб бораётган дўстона ташқи сиёсатини эътиборга олиб, университет вакиллари «UNIVERSAE»нинг мамлакатимизда филиалини очиш таклифини илгари сурдилар.
Испания томони, шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тўлақонли таълим хабига айланишига ишонч билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.